Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрон-Исроил уруши: воқеалар ривожи
Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоминаий Исроил билан уруш бошланганидан бери илк марта давлат телевидениеси орқали баёнот бериб, Трампнинг таҳдидларига жавоб берди. У ўз мурожаатида Исроилнинг «ёвуз ҳужумларига» қарши эронликларнинг «қатъий, жасур ва онгли жавоби»ни юқори баҳолаган.
«Эрон халқига қанчалик тинчликни мажбуран тиқиштирилса, у шунчалик қатъий қаршилик кўрсатади – худди мажбуран уруш қабул қилинмаганидек. Бу халқ ҳеч қачон ҳеч қандай буйруққа бўйсунмайди», — деди у.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг таҳдидларини шарҳлар экан, Хоминаий шундай деди: «Эронни, унинг халқини ва тарихини биладиган одамлар бу миллат билан таҳдид тили орқали гапирмайди, чунки эронликлар тиз чўкмайди. Америкаликлар тушуниб етишлари керак: ҳар қандай ҳарбий аралашув уларнинг ўзи учун тузатиб бўлмас зарар билан якунланади», — деди Оятуллоҳ Хоминаий.
Трамп эса Эрон етакчисининг бу рад жавобини эътиборсиз қолдириб, «Омад тилайман», деди ва режалари ҳақида яна ҳеч нарса ошкор этмади: «Нима қилмоқчилигимни ҳеч ким билмайди» деган у журналистларга.
Шунингдек, CБС нашри тарқатган хабарга кўра, АҚШ президенти Эронни нишонга олиш режасини маъқуллаган, аммо мамлакатга зарба бериш бўйича якуний қарорга келмаган. Трамп Эрон ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга рози бўлиши мумкин, деган умидда ҳужумни бошлашни вақтинча кечиктирмоқда, дейди манбалар.
BBC нашрининг ёзишича, Трамп чоршанба куни журналистларнинг АҚШнинг Эрон билан боғлиқ режаси ҳақидаги саволига: «Балки қиламан, балки йўқ», деб жавоб берган.
Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашув кучаймоқда
Исроил ҳарбий кучлари Эроннинг ракета ва ядровий объектларига ҳужумларни кучайтирди. Жавобан, Эрон гипертовушли ракеталар билан зарба берганини айтди. Хусусан, кеча Ислом инқилоби мухофизлари корпуси илк бор Исроилга қарата 2000 км масофали «Сижжил» баллистик ракетаси учирилгани ҳақида баёнот берди.
Tasnim нашри ракетанинг учирилиши акс этган видеони эълон қилди. Бу эҳтимол, «Сижжил» ракетасининг биринчи жанговар ишлатилиши; олдинги барча учиришлар синов ва машғулот бўлган. Мутахассислар уни бошқа бомбалар қатори ядро қуролини ташувчи восита деб ҳисоблайди. «Сижжил» ракетасининг Исроилга қанчалик талофат етказгани маълум эмас. Исроил армияси бугун учирилган ракеталарнинг барчаси уриб туширилганини эълон қилган.














