Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи амал қиладиган халқаро IT-марказ ташкил этилди
IT-Park ҳудудидаги Enterprise Uzbekistan рақамли технологиялар халқаро маркази Англия ва Уэлснинг умумий ҳуқуқ нормалари ва принципларига ёки етакчи халқаро молия марказларининг стандартларига асосланган махсус ҳуқуқий режимга эга ҳудуд (юрисдикция) деб эълон қилинди. У ердаги низоларни Ўзбекистон суд тизимига кирмайдиган мустақил ихтисослаштирилган суд ҳал қилади.
IT-Park
Ўзбекистон президенти 26 ноябр куни Enterprise Uzbekistan номли рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш бўйича фармон имзолади.
Фармонга асосан, марказ Англия ва Уэлс умумий ҳуқуқ нормалари ва принципларига ёки етакчи халқаро молия марказлари стандартларига асосланган махсус ҳуқуқий режимга эга алоҳида ҳудуд (юрисдикция) сифатида эътироф этилди.
Бунда, Enterprise Uzbekistan резидентлари учун солиқ ва божхона маъмурчилиги, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, шахсга доир маълумотлар ва интеллектуал мулк ҳимояси, давлат хизматларини кўрсатиш ва низоларни ҳал қилиш каби йўналишларда алоҳида тартиб-қоидалар амал қилади.
Марказ резидентларининг (шунингдек, томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ бошқа тадбиркорлик субъектларининг ҳам) низолари Ўзбекистон Республикаси суд тизимига кирмайдиган мустақил ихтисослаштирилган суд томонидан кўриб чиқилади.
Вазирлар Маҳкамасига 3 ой муддатда “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳасини киритиш топшириғи берилди.
Шу тариқа, ушбу марказда IT-компаниялар жаҳоннинг етакчи технологик ва молиявий марказларида амал қиладиган “ўйин қоидалари”га яқин ҳуқуқий муҳитда фаолият юритиш ва инвестиция киритиш имконига эга бўлади. Жаҳон тажрибасида бунга энг ёрқин мисол – Бирлашган Араб Амирликларида 2004 йилда очилган Dubai International Financial Centre (DIFC) бўлиб, кейинчалик бу тажрибадан бошқа мамлакатлар, жумладан Саудия Арабистони (KAFD), Қатар (QFC) ва Қозоғистон (AIFC, 2018 йилда очилган) ўрнак олган. Enterprise Uzbekistan ҳам шу каби марказларнинг аналоги бўлади.
Enterprise Uzbekistan – Ўзбекистон президентининг 2024 йил 1 февралдаги фармони асосида, Тошкентдаги IT-Park ҳудудида ташкил этилган бўлиб, ўша фармонда марказдаги хорижий компаниялар учун махсус ҳуқуқий режимни 2024 йил 1 июндан бошлаб эксперимент тариқасида жорий қилиш белгиланган эди. Янги фармон билан эса, марказнинг алоҳида юрисдикция сифатидаги мақоми эътироф этилди.
Марказ ҳудудида қуйидаги фаолият турларига рухсат этилади:
- дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, рақамли технологиялар соҳасида консалтинг ва аутстаффинг хизматларини кўрсатиш;
- рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аутсорсинг асосида масофавий хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, бизнес жараёнлар аутсорсинги (ВРО);
- рақамли технологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни (R&D) амалга ошириш;
- видео ўйинлар (GameDev) яратиш, улар учун рақамли контент ишлаб чиқиш, жумладан, график дизайн, видео ва аудиоконтент яратиш ва таҳрирлаш (шу жумладан, визуалзация ва рақамли медиа);
- рақамли контентни (шу жумладан, электрон китоблар, ўқув курслари, медиаконтент) ёки дастурий ечимларни онлайн платформалар орқали яратиш, жойлаштириш ва тарғиб қилиш;
- сунъий интеллект технологияларини яратиш ва ривожлантириш;
- маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш марказларини, булутли ҳисоблаш тизимларини яратиш, уларни бошқариш ва тегишли хизматларни кўрсатиш;
- рақамли технологиялар соҳасида таълим фаолиятини ва Бошқарув кенгаши томонидан белгиланадиган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.

Enterprise Uzbekistan резидентларига молиявий хизматлар кўрсатишнинг махсус қоидалари Марказий банк (банк хизматлари ва валютани тартибга солиш бўйича) ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (суғурта ва қимматли қоғозлар соҳасидаги хизматлар бўйича) томонидан белгиланади.
Марказ ҳудудида “ягона дарча” тамойили асосида фаолият юритувчи, шу жумладан инглиз тилида ҳам хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган солиқ инспекцияси ташкил этилади.
Резидентлар учун ўрнатилган солиқ, божхона ва бошқа имтиёзларни татбиқ этмаган ҳолда, резидент бўлмаган компаниялар томонидан марказ ҳудудида молиявий, консалтинг, инвестиция ва юридик хизматлар кўрсатилишига рухсат берилади.