Жаҳон | 14:57 / 24.08.2024
5602
2 дақиқада ўқилади

АҚШда кучли қон кетишини бир неча сонияда тўхтатадиган гелдан фойдаланиш бошланди

Шприцга қадоқланган препарат хавфсиз бўлиб, уни қўллашда беморнинг яраси ёки қонига бевосита тегилмайди.

Фото: Cresilon

АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифати устидан назорат бошқармаси (FDA) Traumagel деб номланган янги гел препаратини тасдиқдан ўтказди. У кучли қон кетишини бир неча сонияда тўхтатишга қодир.

Препарат Бруклиндаги Cresilon компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Traumagel жароҳатга босим бермаслиги ва бир зумда таъсир қилиши билан жгут ёки дока билан боғлаш каби анъанавий усуллардан фарқ қилади. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, гел хавфсиз, чунки уни қўллашда беморнинг яраси ёки қонига бевосита тегилмайди. Сув ўтлари асосида яратилган препарат олдиндан тўлдирилган шприцларда етказиб берилади.

Traumagel АҚШда фойдаланишга рухсат этилган биринчи турдаги гел гемостатик восита бўлди. Жароҳатга қуйилганда гел қон кетишини тез тўхтатадиган табиий қон лахталари ҳосил бўлишига ёрдам беради.

Препарат шу йилнинг ўзида Америка дорихоналарида сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Иллинойс университети олимлари фойдали ичак микрофлорасини бузмайдиган янги антибиотик ишлаб чиққанди. Ушбу дори даволаниш пайтида ножўя таъсирлардан қочиш имконини беради. 

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров

Мавзуга оид