Ўзбекистон | 20:40 / 13.06.2019
27481
4 дақиқада ўқилади

Вазирлик: Мактабга тўлов категориялар асосида амалга оширилиши ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги интернет тармоғида тарқалган, мактабга тўлов категориялар асосида амалга оширилиши ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри эмаслигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, 81та умумтаълим муассасаларига болалар асосий ва қўшимча квота асосида қабул қилинади.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг (тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган) фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда асосий квота шакллантирилади.

Умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун қўшимча квота ажратилади.

Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун бир болага нисбатан қуйида назарда тутилган ҳолатларнинг ҳар бир банди бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғимлар ундирилади:

а) микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги болалар;

б) микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар;

в) умумтаълим муассасаларида (микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари) таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун.

Таъкидланишича, қўшимча квота бўйича қабул тўлов миқдорини Кузатув кенгашлари белгилайди. Мазкур маблағлар мактабдаги шароитларни яхшилаш ҳамда таълим муассасасининг ривожланишига ҳисса қўшган мактаб ўқитувчилари ва директорини рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Умумтаълим муассасаларининг 1-синфига қабул жараёнлари бевосита Кузатув кенгаши аъзолари томонидан назорат қилиб бориш кўзда тутилган. Жумладан, Кузатув кенгаши аъзолари мактаб маблағларини тўғри сарфланишини назоратга олади.

Шу кунларда ижтимоий тармоқда Тошкентдаги «элитний» 75та мактабга бошқа ҳудудда яшовчи болаларни 1-синфга қабул қилиш бўйича «ставкалар» нархи ёзилган сурат тарқалган эди. Унга кўра, Шайхонтоҳур туманидаги учинчи категорияга киритилган 180-мактабга бошқа микроҳудуддан келган болани 1-синфга қабул қилиш нархи энг кам иш ҳақининг 30 баробари (6 081 900 сўм), Чилонзордаги биринчи категорияга мансуб 103-мактабники эса энг кам иш ҳақининг 50 баробари (10 136 500 сўм) деб кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, бу йилдан Тошкентнинг талабгир мактабларида коррупция ҳолатларини йўқотиш учун, жумладан, 1-синфга бошқа микроҳудуддан қабул қилинадиган болалар учун ота-оналардан бир марталик тўлов олиш тартиби жорий этилмоқда.

Мавзуга оид