Жамият | 15:35 / 10.01.2026
72286
13 дақиқада ўқилади

Молхонага кўмилган сейф, тундаги ёнғин ва уч қурбон – Данғарадаги мудҳиш қотиллик 

Хитойдан кийим келтириб сотувчи Қумри Қодированинг исми данғараликларнинг тилига бир ойда икки марта тушди: аввалига данғиллама тўй қилиб, якка-ю ягона ўғли Жамшидни уйлантиргани ҳақидаги гап эл оралаган бўлса, кўп ўтмай одамлар унинг яшаш хонадони ёниб кетгани, уйдан ўзи ва янги келин-куёвнинг мурдаси топилганини гапира бошлашди. Аммо ёнғин бахтсиз ҳодиса эмас, мудҳиш қотилликни яшириш учун қўлланган чора эканини, ўша тунда уйда бўлган 3 киши ваҳшийларча сўйиб ташланганини ҳамма ҳам билмасди.

Фарғона вилояти Данғара туманида содир этилган мудҳиш жиноят гарчи орадан қарийб 10 йил ўтганига қарамай у ҳақда эшитганларни ҳамон ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур қилади. Негаки, кўпчилик туманнинг Гулистон кўчаси 38-уйда содир бўлган ёнғинни аввалига бахтсиз ҳодиса деб ўйлашганди. Аммо олов мудҳиш жиноятни яшира олмайди: кўп ўтмай бу аслида қотиллик экани ойдинлашади.

Тундаги ёнғин 

Данғара туманида яшовчи Қумри Қодирова савдогарлик қиларди. Хитой давлатидан кийим-кечак келтириб сотиш билан шуғулланган аёл якка-ю ягона фарзанди Жамшидни ёлғиз ўзи улғайтирганди. Атрофда яшовчилар уни пулдор аёл сифатида танир, савдогарлиги ортидан унча-мунча бойлик орттириб қўйган, деб билишарди.

2016 йилнинг 29 ноябрдан 30 ноябрга ўтар кечаси Қумри Қодирова яшаб келган хонадонда ёнғин чиқади. 30 ноябр куни эрта тонгдан маҳаллага савдогар опанинг уйи ёниб кетгани ҳақидаги гап тарқалади. Эшитган эшитмаганга шивирлар, кимдир газдан деса, яна кимдир бошқа тахмин айтарди. Бироқ кўп ўтмай одамлар тилидаги бу тахминлар йўққа чиқади: ёнғин хавфсизлиги ходимлари оловни ўчириш жараёнида Қумри Қодирова, ўғли Жамшид Қодиров ҳамда келинининг кўмирланиш даражасида термик куйган мурдаларига дуч келишганди.   

Девордаги туйнук ва йўқолган сейф

Ёнғин содир бўлган хонадонни ўрганиш чоғида ҳеч ким яшамайдиган қўшни ҳовли девори бузилиб, одам сиғадиган туйнук очилгани ҳамда уйдан темир сейф йўқолгани маълум бўлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида бу босқинчиликдан сўнг содир этилган қотиллик эканига, хонадонга жиноят изларини йўқотиш учун ўт қўйилганига шубҳа қолмайди. Аммо ушбу мудҳиш жиноятни ким ёки кимлар қилган?

Ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тезкор қидирув-суриштирув ишлари бошланади. Жиноят Қумри Қодировани таниган-билган, унинг иқтисодий аҳволидан хабардор бўлган шахс томонидан содир этилгани аниқ эди. Бироқ ҳа деганда калаванинг учи топилавермайди.

Атрофдаги қишлоқларда яшовчи қамалиб чиққанлар, жиноятга мойил шахслар текширилади, оёққа турган орган ходимлари тиним билишмайди. Ниҳоят, орадан 15 кун ўтиб мазкур қотилликда гумонланиб 3 шахс қўлга олинади. Улар 1984 йилда туғилган Акмал Саидов, 1994 йилда туғилган Абдуқодир Мелиқўзиев ҳамда 1988 йилда туғилган Баҳодир Қосимов эди.

Жиноий режа

Қумри Қодированинг уйига босқинчилик уюштириш режаси Акмал Саидовдан чиққанди. Бироқ у бу ишни ёлғиз ўзи қилолмаслигини тушуниб, Абдуқодир Мелиқўзиевни шерик қилиб олади. Кейинчалик уларга Баҳодир Қосимов ҳам қўшилади.

Акмал Саидов анча пайт Қумри Қодирова ва унинг яшаш уйини кузатиб юради ҳамда хонадонга кириш бўйича режа тузади: бунинг учун энг қулай йўл ҳеч ким яшамайдиган қўшни ҳовли деворини тешиб ўтиш эди. Акмал режасини Абдуқодирга айтади. У эса бунга рози бўлади. Шу тариқа, иккови 2016 йил 29 ноябр куни тунда қўшни ҳовли деворидан ошиб ўтишади. Улар ўзлари билан болта, чопқи ва пичоқ олишганди.

Абдуқодир Қумри Қодированинг уйи билан ажратиб турган деворни теша бошлайди. Акмал эса атрофни кузатиб туради. Аммо бақувват деворни тешиш осон эмасди. Шу сабабли, Абдуқодир бу ишга Баҳодир Қосимовни ҳам шерик қилиб олиш кераклигини айтади ва унга қўнғироқ қилади. Пулга муҳтож бўлиб юрган Баҳодир бунга кўнишини улар билишарди. 

Кўп ўтмай, Баҳодир Қосимов машинасини Навбаҳор мавзесида жойлашган кўп қаватли уй олдида қолдириб, ўзи манзилга келади. У йўл-йўлакай дорихонадан тиббий қўлқоп ҳам сотиб олганди. Шу тариқа, учовлон девордан туйнук очишга киришади ва бунинг уддасидан чиқади.

Қонли тун

Қотиллар соат 2:30 лар атрофида девордан одам сиғадиган туйнук очиб бўлишади. Кейин навбати билан ўша туйнукдан Қумри Қодированинг яшаш хонадонига ўтиб, уйга киради.

Аввалига хонада темир сейфни кўришади. Уни очмоқчи бўлишади, бироқ уддалай олишмайди. Сўнгра ўзлари билан олиб келган ниқобларни бошларига кийиб, дераза орқали ҳовлига чиқишади. Бу вақтда ҳовли қаршисидаги хонанинг чироғи ёниқ турганди. Жиноятчилар ушбу хона томонга қараб юради. Эшик олдига етганда Акмал шерикларига қарата “Агар хонада Қумри Қодирова бўлса ва у бизга қаршилик қилса, ўлдирамиз”, дейди.

Хонага биринчи Акмал, кетидан Баҳодир ва Абдуқодир киради. Ҳақиқатан ҳам ушбу хонада Қумри Қодирова ухлаб ётарди. Атрофдаги нотинчликдан уйғониб кетган аёл ниқобли шахсларни кўриб, бақира бошлайди. Шунда Баҳодир Қосимов унга ташланиб, устига одёл ёпган ҳолда аёлни бўға бошлайди. Абдуқодир Мелиқўзиев эса Қумри Қодированинг оёқларини ушлаб туради. Шунда Акмал Саидов қўлидаги чопқи ва пичоқ билан аёлнинг пешонасига бир неча маротаба зарб беради. Қумри Қодирова нафас олмай қолади. Бироқ шунда ҳам унинг ўлганига ишонмаган Акмал пичоқни аёлнинг қулоғи ортидан тиқиб, бўйнига қадар кесиб юборади.

Шундан сўнг қотиллар қўшни хонага киради. Бу хонада Қумри Қодированинг ўғли Жамшид Қодиров ва унинг турмуш ўртоғи ухлаб ётарди. Ёш келин-куёвнинг никоҳ тўйи бўлганига эндигина бир ойдан ошганди.

Қотиллар хонага бостириб кирганида келин-куёв уйғониб кетади. Режага кўра, Акмал ва Абдуқодир Жамшидга ташланади ва уни бўға бошлашади. Нима бўлаётганини англамай қолган Жамшид “Ўлдирманглар, қанча пул бўлса бераман”, дея бақиради. Аммо кўзлари қонга тўлган жиноятчилар унинг бу сўзларини тинглаб ўтиришмайди: унинг тирик қолишини хавфли деб билган Акмал Саидов Жамшиднинг ҳам бўйнидан пичоқ тортади.

Бу орада Баҳодир Қосимов янги келинни бўғиб ўтирганди. Қотиллар ҳушидан кетган келинни ўлди, деб ўйлашади ва хонадан пул излай бошлашади. Бироздан сўнг ўзига келган келиннинг овози чиқади. Акмал ундан бойликлар қаерда эканини сўрайди. Келин бу саволга жавоб беролмасдан йиғлай бошлайди. Шунда Акмал аёлнинг бўйин қисмига чопқи билан зарба бериб, уни ҳам ўлдиради.   

Молхонага кўмилган сейф

Хонадон эгалари ўлдирилгач, қотиллар бамайлихотир у хонадан бу хонага ўтиб, Қумри Қодированинг бойлигини излай бошлайди. Баҳодир ошхонада бўлган аёллар ҳамёнидан 15 доллар ва 207 минг сўм пул, келин-куёвнинг хонасидан эса тилла тақинчоқлар солинган қутини олади. 

Жиноятчилар айланиб яна темир сейф олдига боришади. Улар ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, сейфни оча олишмайди. “Аёлнинг бойликлари шу сейф ичида” деган ўй уларни сира тинч қўймасди. Шунда жиноятчилар хаёлига темир сейфни ўзлари билан олиб кетиш фикри келади.

Ҳовлида Жамшид Қодировнинг Cobalt машинаси турарди. Босқинчилар сейфни кўтариб чиқиб, машинага юклашади. Сўнг жиноят изларини яшириш мақсадида уйдаги кўрпа-тўшаклар ва пардаларга ўт қўйиб, воқеа жойидан кетади. Йўлда Баҳодир ўз машинасига ўтади, Абдуқодир ҳам иккинчи машинага ўтиради. Шу тариқа, икки машина тумандаги Катта Амиробод қишлоғи бошланишига келади. Абдуқодир ва Акмал шу ерда сейфни тушириб, канал қирғоғига яшириб қўяди.

Шундан сўнг Акмал Саидов ўзи бошқариб келган, Жамшид Қодировга тегишли бўлган Cobalt’ни Олтиқуш қишлоғидаги метан-заправка яқинида қолдиради. Сўнгра учовлон Баҳодирнинг машинасида яна сейф яширилган жойга қайтиб боради ҳамда уни юклаб, Доимобод қишлоғи яқинидаги дала майдонига келади.

Жиноятни содир этишда фойдаланилган болта, чопқи, пичоқ, тиббий қўлқоп ва ниқоблар, шунингдек, сейф шу ерга яширилади. Сўнгра Қизилмушт қишлоғига келиб, қўлга киритилган пул ва тақинчоқларни ўзаро тақсимлаб олишади: 15 доллар пул, 2 дона узук ва бир жуфт балдоқ Акмалга, тилла занжир, 2 жуфт балдоқ ҳамда 100 минг сўм пул Баҳодирга, 100 минг сўм пул Абдуқодирга тегади.

Шундан кейин Акмал Саидов сейфни олиб кетиш учун киракаш таниши Ҳаёт Мелибоевга қўнғироқ қилади. Унинг чақирувига биноан етиб келган Мелибоевнинг машинасига сейфни ортиб, Телиминг қишлоғида яшовчи тоғаси Илҳом Холиқовнинг уйига олиб боради.

Йўл-йўлакай Ҳаёт Мелибоев Акмал Саидовдан сейф кимники эканини сўрайди. Чунки дала жойдан кўтариб чиқилган сейф киракашда шубҳа уйғотганди. Унинг сўровига жавобан Акмал бўлган барча воқеа айтиб беради. Унинг гапларини эшитган киракаш сейфни машинадан туширишни талаб қила бошлайди. Аммо эски таниши бўлгани ортидан Акмалнинг илтимосини рад қилолмай, уни айтилган манзилга олиб бориб қўяди.

Албатта, йўқ жойдан пайдо бўлиб қолган сейф тоғанинг ҳам кўнглига шубҳа оралатади. Бироқ Акмал танишимники, сақлаб туришимни илтимос қилди, дея сейфни тоғасининг уйига олиб киради. Сўнгра монтировка ёрдамида уни бузиб очади: сейфнинг ичидан 500 минг сўм, 10 доллар ва 10 рубл миқдорида пул, иккита фуқаролик паспорти ҳамда 2 дона Nokia-1112 русумли телефон аппарати чиқади.

Акмал сейфдан топилган фуқаролик паспортлари ва телефонларни ёқиб юборади. Сўнгра тоғасига Данғара туманида номаълум шахслар бир нечта одамни ўлдириб, уйидан сейфни олиб кетганини, ИИБ ходимлари ҳозирда сейни қидирашаётганини, улардан шубҳаланишлари мумкинлигини айтади. Бунинг олдини олиш учун сейфни яшириб қўйишни тайинлайди. Шу тариқа, сейфни молхонага кўмиб қўйишади. 

Кейинчалик Илҳом Холиқов Қумри Қодирова ўғли ва келини билан бирга ўлдирилиб, уйидан сейф олиб чиқиб кетилганини эшитади. У жиянидан бу ишга алоқаси бор-йўқлигини сўрайди. Акмал Саидов жиноятни тан олади ва молхонага кўмилган сейф аслида Қумри Қодированинг уйидан олиб кетилган сейф эканини айтади. 

Бироқ Илҳом Холиқов ва Ҳаёт Мелибоев гарчи хабарлари бўлса-да, негадир тегишли органларга маълум қилмасдан ўта оғир жиноятни яширишган.

Жазо

ЖИБ Фарғона вилояти судининг 2017 йил 10 майдаги ҳукми билан Акмал Саидов, Абдуқодир Мелиқўзиев ҳамда Баҳодир Қосимов Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а,в,ж,и,п” бандлари, 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в,г” бандлари, 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б,в” бандлари, 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисми “б” банди, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбди деб топилган. Акмал Саидовга умрбод, Абдуқодир Мелиқўзиев ҳамда Баҳодир Қосимовга 25 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жиноятини содир қилишда айбли деб топилган Ҳаёт Мелибоев 3 йил, Илҳом Холиқов 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Юқори инстанция судлари дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Мақола Олий суд матбуот хизмати билан ҳамкорликда, суд материаллари асосида тайёрланди

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид