Ўзбекистон | 19:25 / 14.04.2026
2810
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасида айрим ходимлар маоши 3 карра оширилади

Давлат буюртмаси асосидаги қурилишларда лойиҳачилар ва буюртмачиларнинг назоратчилари фаолияти тўлиқ KPI'га боғланиб, уларнинг ойлиги 3 карра оширилади. Объектда қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудратчи билан бирга назоратчиларга ҳам қатъий чора кўрилади, лойиҳачининг “Шаффоф қурилиш”даги рейтинги пасайтирилади.

Фото: Kun.uz

2025 йилда Ўзбекистондаги қурилиш объектларида лойиҳачи ва буюртмачиларнинг назоратчилари 42 мингта камчиликни қайд этган, Қурилиш инспекцияси эса яна 250 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқлаган.

Сабаб – лойиҳачи ҳамда буюртмачиларда муаллифлик ва техник назорат бўйича манфаатдорлик йўқ, деди президент Шавкат Мирзиёев 14 апрел кунги селекторда.

Шу боис, жорий йил 1 июндан бошлаб давлат буюртмачилари фаолияти тўлиқ KPI'га боғланиши, ходимларнинг ойлиги 3 карра оширилиши белгиланди.

Лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқиш учун объект қийматининг 5 фоизигача маблағ берилади. Муаллифлик назорати учун эса алоҳида шартнома асосида тўлов қилинади.

Шу билан бирга, энди техник назорат ёки муаллифлик назоратчиси масъул бўлган объектда қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудрат корхонаси билан бирга назоратчиларга ҳам қатъий чора кўриш зарурлиги қайд этилди. Лойиҳачининг “Шаффоф қурилиш”даги рейтинги ҳам пасайтирилади.

Ўтган йили 400 нафар қурилиш назоратчиси ёнкамера билан таъминланди, 1221 та ижтимоий ва инфратузилма объектига видеокузатув камералари ўрнатилди.

Эндиликда бюджетдан қуриладиган қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уй, йирик савдо ва саноат корхонаси, меҳмонхона, туризм обектлари қурилиши ҳам онлайн назорат камералари билан қамраб олинади.

Урбанизация қўмитасига шаҳарсозлик қоидаларини қўпол бузганлик бўйича молиявий санкция жорий қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид