Спорт | 15:48 / 21.03.2024
25573
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовнинг ютуқларини эътироф этди

“Келинглар, шу улуғ айём кунда барчамиз астойдил ният қилайлик: Нодирбекка тез кунларда Ватанимизга жаҳон шахмат тожини олиб келиш насиб этсин! Сен бунга албатта қодирсан, Нодирбек ўғлим! Бутун эл-юртимиз сендан шу буюк ғалабани кутмоқда”, – деди давлат раҳбари Наврўз табригида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами муносабати билан йўллаган табригида Ўзбекистон ёшларининг халқаро фан олимпиадаларида, маданият ва санъат, IT ва спорт йўналишларидаги нуфузли танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлиб келаётганини эътироф этди.

“Биргина мисол. Навқирон спортчиларимиз ўтган йили Осиё ўйинларида 22 та олтин, 18 та кумуш, 31 та бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистоннинг ушбу мусобақалардаги рекордини янгиладилар”, – деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев яқинда машҳур шахмат гроссмейстери – Нодирбек Абдусатторов Прага халқаро турнирида муддатидан олдин ғалаба қозониб, жаҳондаги энг кучли тўртта шахматчининг бирига айланганини эслаб ўтди.

“Келинглар, шу улуғ айём кунда барчамиз астойдил ният қилайлик: Нодирбекка тез кунларда Ватанимизга жаҳон шахмат тожини олиб келиш насиб этсин! Сен бунга албатта қодирсан, Нодирбек ўғлим! Бутун эл-юртимиз сендан шу буюк ғалабани кутмоқда”, – деди президент.

“Энг қувонарлиси, бундай юксак марраларни забт этишда қизларимиз ҳам ўғлонларимиздан қолишмаяпти. Хусусан, истеъдодли қизимиз Зайнаб Дайибекова қиличбозлик бўйича Перуда бўлиб ўтган жаҳон кубоги ўйинларида Ўзбекистон спорти тарихида биринчи марта бронза медалини қўлга киритди.

Яна бир маҳоратли қизимиз Шаҳина Йигиталиева эса Параосиё ўйинларида найза отиш бўйича олтин медалга сазовор бўлиб, мазкур мусобақалар рекордини янгилади.

Азиз спортчи фарзандларим, сизларни олдинда ғоят муҳим ва улкан синов – Париж Олимпиадаси ва Паралимпия ўйинлари кутмоқда. Жаҳоннинг энг зўр спортчилари беллашадиган ана шу мусобақаларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, юртимизга қўша-қўша медаллар, ютуқ ва совринлар олиб келасиз, деб ишонаман. Барчангизга ғалаба ёр бўлсин!” – таъкидали давлат раҳбари.

Мавзуга оид