Ўзбекистон | 16:25 / 24.04.2018
31885
7 дақиқада ўқилади

Бердимуҳамедов ташрифи: Ўзбекистон-Туркманистон алоқаларида қандай янгиликлар рўй беради?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу лавозимга сайлангач, ўзининг дастлабки хорижий ташрифини Туркманистон Республикасига амалга оширган эди.

Ўтган қисқа давр ичида Мирзиёев уч марта Туркманистонда меҳмон бўлди, хусусан, Туркманободда Амударё узра Туркманистон ва Ўзбекистонни боғловчи замонавий автомобиль ва темирйўл кўприкларининг очилиш маросимида иштирок этди.

Бу Мирзиёев президент этиб сайлангач, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи. Икки қўшни давлатнинг сиёсий, маданий ва иқтисодий ҳамкорлик қилиш бўйича ҳал қилиниши керак бўлган масалалари жуда кўп эди.

Икки давлатнинг тобора яхшиланиб, янги босқичга кўтарилиб бораётган муносабатлари мамлакатлар равнақига хизмат қилиши шубҳасиз. Шу боис, бундай ташрифлар нафақат расмий доираларда, балким аҳолида, жумладан, ёшларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Гурбангули Бердимуҳамедовни Тошкент кўчаларида ҳар икки давлат байроғини ҳилпиратиб турган минглаб ёшлар қизғин кутиб олишди.

Бердимуҳаммедовнинг Ўзбекистонга ташрифи асносида Қўшма баёнот имзоланди. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо уйлари очиш, ишбилармонлар кенгаши ташкил этиш бўйича, яна транспорт, транзит, қишлоқ хўжалиги, фан-техника, касаба уюшмалари, спорт ва бошқа соҳаларга доир 17та ҳужжат имзоланган.

«2017 йил Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларида тарихий йил бўлди. Ҳозирги кунда ҳамма келишувларимиз тўлиқ амалга оширилмоқда. Бугунги учрашувимиз ҳам жуда самарали бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни чуқур, ҳар томонлама муҳокама қилдик. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу борада ҳал этилмаган масалалар қолмади. Барча йўналишлар бўйича ўзаро англашувга эришдик. Шу асосда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олдик. Биз нимаики қилаётган бўлсак, халқларимиз учун, болаларимизнинг келажаги учун», — деди Шавкат Мирзиёев музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари олдида чиқиш қилар экан.

Шавкат Мирзиёев Туркманистон раҳбари билан музокаралардан кейин ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида Ўзбекистон Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (TAPI) трансмиллий газ қувури лойиҳасида иштирок этишини тасдиқлаб, бу лойиҳа Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш омили экани ҳақида маълум қилди:

«Ўзбекистон TAPI лойиҳасида иштирок этади. Биз бу лойиҳада туркман дўстларимиз билан биргаликда туташув нуқтасини топамиз. Бу ростдан ҳам умумий лойиҳа. TAPI —Афғонистонда амалга оширишни хоҳлаган тинчлик ва барқарорликни таъминлайдиган жиддий лойиҳа», — деди Ўзбекистон раҳбари.

«Туркманистон ҳам Европа, ҳам Яқин Шарқ бозорига чиқиш бўйича Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи – Жанубий йўлак йўналиши бўйича йўлак яратилишида ҳамкорлик қилишга тайёр», — деган Гурбангули Бердимуҳамедов ўз чиқишида.

Турманистон президенти Шавкат Мирзиёевни 2 май куни Туркманбоши шаҳридаги халқаро денгиз бандаргоҳи очилиш маросимида қатнашиш учун таклиф этди.

Албатта, Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ ва Европа давлатларига чиқиши учун денгиз йўлидан фойдаланишида Туркманистон билан мустаҳкам иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқалари тақозо этилади. Боз устига, ёқилғи-энергетика экспорти соҳасида ҳам янги уфқлар очилаётгани, икки қўшни давлатнинг бу борада ҳам ҳамкорлик битимлари имзолаётгани келгусидаги ўзаро иқтисодий манфаатлар сари ташланган қадам сифатида баҳоланади.

Президентлар маданий дастур доирасида пойтахтдаги Maxтумқули кўчасига ташриф буюришди.

Ўзбек-туркман халқларининг дўстлиги ва биродарлиги рамзи сифатида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоирининг номи берилган эди. Бу ерда сўлим хиёбон барпо этилиб, атрофи янада обод қилинди. Кўча бошида Maxтумқулига монумент ўрнатилди. Давлат раҳбарлари мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйишди.

Яхлит ансамблга айланган ушбу маскан Гурбангули Бердимуҳамедовда катта таассурот қолдирди. Туркман халқи, адабиёти ва маданиятига кўрсатган ҳурмати учун у Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида пойтахтдаги Ашхобод сайилгоҳи ҳам очилди. Махтумқули кўчасида барпо этилган мазкур парк 10 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Сайилгоҳ олди ва ҳудудида фавворалар қурилган. Туркманистоннинг рамзи бўлган ахалтеки отларининг ҳайкаллари ўрнатилган. Замонавий аттракционлар, хушманзара дарахтлар, ўриндиқлар, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулай шароит яратган.

«Туркманистон президенти ўзини Ашхободда юргандай ҳис қилганини таъкидлади», дейилади president.uz хабарида.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов боққа дарахт кўчатлари ўтқазган.

Президент Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни Урганч халқаро аэропортида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни кутиб олди.

«Хоразмда ушбу ташрифга катта тайёргарлик кўрилган. Президентларни кутиб олиш учун Урганч халқаро аэропорти ва кўчаларга минглаб одамлар чиққан», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Урганч туманининг Ғойбу қишлоғида туркман миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг ўз она тилида таълим олиши, урф-одатлари ва анъаналарини ривожлантириш учун барча шароит яратилган.  

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда Ўзбек-Туркман дўстлик уйи бунёд этилди. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташрифи асносида ушбу маънавият масканининг очилиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари дастлаб бу ерда ўрнатилган Махтумқули Фироғий бюстини очишди, унинг пойига гуллар қўйишди.

Давлат раҳбарлари Урганч туманидаги «Улли ҳовли», Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» ва Нуриллабой тарихий мажмуаларни бориб кўришди.

Бугун президентлар Хоразм вилояти драма театрида Ўзбекистон – Туркманистон санъат усталарининг концерт дастурида иштирок этиши режалаштирилган.

Икки давлатнинг савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқалари юксалаётгани кишини хурсанд қилади, албатта. Энди маданий алоқаларни янада юксалтириш, келгусида ҳар икки давлат ўртасидаги виза режими соддалаштирилиши, оддий туркманистонликларнинг Ўзбекистондаги тарихий қадамжоларга саёҳат қилиши, ўзбекистонликларга ҳам Каспий денгизи бўйидаги сиҳатгоҳларда бемалол дам олиб қайтиш имконияти яратилса, ҳар икки давлатнинг туризм соҳасидан оладиган даромадларининг ҳам ўсишига замин яратилган бўлар эди.

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид