Жаҳон | 22:19 / 02.11.2021
14546
3 дақиқада ўқилади

Лагосда 22 қаватли бино қулади. Қутқарувчилар омон қолганларни қидирмоқда

Нигериядаги йирик шаҳарлардан бири Лагосда «люкс» тоифасидаги квартиралар жойлашиши кўзда тутилган кўп қаватли бино қулаб тушди. 22 қаватли осмонўпар бино қурилиши ҳали давом этаётганди, уни кейинги йили фойдаланишга топшириш режалаштирилганди. Дастлабки маълумотларга кўра, камида беш кишининг ўлими тасдиқланган, ўнлаб кишилар бедарак кетган ҳисобланмоқда, қутқарувчилар омон қолганларни қидиришда давом этишмоқда.

Фото: Getty Images

Лагосда кучли ёмғирлар давом этмоқда, аммо қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли тун бўйи чироқлар ёруғида ҳудудни бетон қолдиқлари ва арматуралардан тозалаш ишларини олиб боришган. Улар харобалар остидан етти кишини чиқариб олишга муваффақ бўлишган.

Ҳалокат вақтида бинода бўлганларнинг қариндошлари хавотир билан ўз яқинларининг тақдири ҳақидаги маълумотларни кутишмоқда. Бино қурилишида қанча одам ишлагани ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо гувоҳларнинг маълумотига кўра, бино қулагандан кейин 100дан ортиқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Маҳаллий расмийлар кўнгилсиз ҳодиса сабабларини ўрганишга киришган ва текширувлар якунида барча маълумотлар эълон қилинишини билдирган.

«Люкс» тоифасидаги квартиралар ўрин олиши керак бўлган, нуфузли Икойи туманида қурилаётган ҳашаматли турар жой биноси душанба куни тушдан кейин қулаб тушган. У кўплаб апартаментлар, пентҳауслар ва таунҳаусларни ўз ичига олган 360 Degrees Towers мажмуасининг бир қисми бўлган; у ердаги энг арзон квартира нархи 1,2 млн долларга баҳоланган. Бу турар жойлар бутун дунё бўйлаб, Буюк Британия ва АҚШдан тортиб Жанубий Африка ва Нигерияга қадар бўлган ҳудудларда қурилиш лойиҳаларини амалга ошириб келадиган девелопер сайтида реклама қилинган. Ҳозирда бу сайт очилмаяпти.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра бино қулаши босқичма-босқич рўй берган, бир қават ортидан бошқаси қулаб тушаверган

Қурувчи Эрик Тетехнинг Associated Press журналистига айтишича, бино қулаб тушган чоғда унинг жамоаси экскаватор келишини кутиб турган бўлган. «Мен ва акам тирик қолдик, аммо у ерда одам кўп эди, юздан ортиқ», дея хабар қилган у.

Ўз навбатида, қурилаётган бинолар рўпарасидаги офисда бўлган гувоҳлар BBC билан суҳбатда кучли шовқин овозини эшитишгани, ойнадан ташқарига қараб, бино қандай қулаб тушганига гувоҳ бўлишганини айтиб беришган.

Журналистларнинг қайд этишича, воқеа жойига Лагос мэри ўринбосари Феми Хамзат келганида уни ғазабланган одамлар гуруҳи қарши олган, улар расмийларни қутқарув амалиёти бошланишини пайсалга солишда айблашган.

Айрим хабарларга кўра, қулаган бино лойиҳадагидан бир неча қават юқори қилиб кўтарилган.

Лагосда сўнгги йилларда бинолар қулаб тушиши билан боғлиқ бир неча ҳолат кузатилган. 2019 йилда мактаб биноси қулаши туфайли 10 киши ҳалок бўлганди. 2014 йилда таниқли евангелист томонидан ўтказилган маросим вақтида олти қаватли бино қулаши оқибатида 116 киши ҳалок бўлган.

Нигерияда қурилиш ишлари сифати паст бўлиб келган, яқинда Лагос ҳукумати қурилиш соҳаси учун сертификатлашнинг янги, қатъий тизимини йўлга қўйганди.

Мавзуга оид