Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Довон йўли ва қор кўчкиси: вазият қай даражада хавотирли?
Қамчиқ довонида бу йил қишда ортиқча қор ёғиши оқибатида қор кўчкиси хавфи юзага келди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва қатор идоралар томонидан тез-тез транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилиб, аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Ҳайдовчилар ва йўловчилардан огоҳлантиришларга амал қилиш ва эҳтиёткорликни сақлаш талаб этилади, чунки қиш мавсуми ҳали давом этмоқда.
Бу йилги қиш мавсумида кўплаб ҳудудларда қор миқдори меъёрдан ортиқ ёғди, тоғли минтақаларда эса қалин қор қатлами шаклланди. Шу билан бирга, довонларда ҳаракатнинг вақтинча чекланиши ва қор кўчкиси хавфи ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳам кескин кўпайди. Айниқса Қамчиқ довонида.
Мавсумий кўчкилар хавфи ортидаги омиллар ва довонлардаги ҳақиқий вазият масаласида масъул ташкилотлардан бири Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Kun.uz’га изоҳ берди.
«Тошкент вилояти, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли ҳудудлари мавсумга хос гидрометеорологик хавфли жараёнларнинг содир бўлиш эҳтимолликлари юқори. Декабр, январ ойлари ва феврал ойининг биринчи 10 кунлигида тоғ қияликларида яхшигина қор ёғди. Бу бизни қувонтиради, лекин кўп миқдорда тўпланган қор ўзига яраша табиий хавфларни келтириб чиқариши мумкин.
Қамчиқ довонининг 137- ва 162-километрлари оралиқларида 50 дан ортиқ 45 даражадаги тоғ қияликларида қор кўчиш эҳтимоли мавжуд.
Огоҳлантириш хати асосида Қамчиқ довонида хавфнинг олдини олишга киришилди. ИИВ, Миллий гвардия, Транспорт вазирлиги ва Қамчиқавтойўл билан биргаликда тадбирлар амалга оширилди. Бу ерда хавфнинг олдини олиш мақсадида транспорт ҳаракатига чеклов қўйилди. Ўша пайтда ижтимоий тармоқларда ҳам кузатилди: жуда кўп жойларда қор массаси кўчиб тушди. Йўлга таъсир қилмаса ҳам хавф мавжуд эди. 30 га яқин ҳудудларда қор массалари мажбурий кўчирилди.
Айнан хавф юқори бўлган жойлардан 955 та енгил автомашина ҳамда 28 та юк автомобиллари, уларда ҳаракатланган 2800 ортиқ аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилди. Қамчиқ довонидаги қорнинг кўчишига асосий сабаб – охирги ойларда ёғган қор жуда кўп массани ташкил қилган. Айнан 9-10 феврал кунлари ёғган қорнинг устига ёмғир ёғган. Натижада қорнинг устки қисмида музлама ҳосил бўлган. 11-12 феврал кунлари эса бу ҳудудларга кўп миқдорда қор ёғди. Аввал ёғган ёмғирлар ҳисобига қияликда тўпланган қор массаси ортиб кетиши натижасида ўша жойларда қор кўчкиси хавфлари вужудга келди. Бу қор кўчиши хавфи борлиги сабабли Гидрометеорология хизмати томонидан бизга бюллетен берилди, хавф эълон қилинди ва ўша ҳудудларда аҳолини эвакуация қилиш ишлари амалга оширилди», дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев.
Қор кўчкиси – табиат ҳодисаси. Уни тўхтатиб бўлмайди. Аммо унинг оқибатларини камайтириш мумкин. Бу ҳар бир ҳайдовчи ва йўловчининг ҳам масъулияти. Огоҳлантиришларга амал қилиш, таваккалчиликдан воз кечиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ўзимизнинг зиммамизда. Қиш давом этмоқда – демак довонлардаги синов ҳам ҳали тугагани йўқ.
Мавзуга оид
09:23 / 24.03.2026
Қамчиқда икки кун ичида иккита йўл ҳодисаси кузатилди
20:16 / 16.03.2026
«Ёмғир ва қорда ҳам фойдаланишга тайёр бўлади» – Тошкент-Андижон пулли йўли ҳақида нималар маълум?
12:18 / 01.03.2026
Довон ортидаги қишлоқ: Четсувда бир кун
10:45 / 21.02.2026