Жаҳон | 11:42 / 13.06.2024
13850
3 дақиқада ўқилади

Россия флотининг атом сувости кемаси ва бошқа кемалари Кубага етиб борди

Куба Мудофаа вазирлиги 6 июн куни Россия ҳарбий-денгиз флотининг тўртта кемаси келиши ҳақида хабар берди. «Кемаларнинг ҳеч бири ядровий қурол ташувчиси эмас», - дейилганди пресс-релизда.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россиянинг «Казань» атом сувости кемаси, «Совет Иттифоқи флоти адмирали Горшков» фрегати, «Академик Пашин» ўрта денгиз танкери ва «Николай Чикер» қутқарув буксири Ҳавана портига етиб келди, деб хабар қилди 12 июн, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги.

«Шимолий флот кемалар отряди юқори аниқликдаги ракета қуролларидан фойдаланиш бўйича машғулотларни якунлаб, норасмий ташриф билан Ҳавана портига етиб борди», — дейилади пресс-релизда. Аниқлик киритилишича, «машқ давомида фрегат ва атом сувости кемаси экипажлари 600 километрдан ортиқ масофада жойлашган сохта душманнинг ҳарбий-денгиз гуруҳларини кўрсатувчи компютер моделлаштириш ёрдамида юқори аниқликдаги ракета қуролларини қўллашни машқ қилади». 

Ка-27 вертолёти «Совет Иттифоқи флоти адмирали Горшков» фрегатидан ҳавога кўтарилди, «Казань» сувости кемаси «сувости ҳолатида» машғулот ўтказди. 

«Совет Иттифоқи флоти адмирали Горшков» фрегати ва «Казань» атом сувости кемаси замонавий юқори аниқликдаги ракета қуроллари, шу жумладан «Циркон» гипертовушли ракеталари, «Калибр» қанотли ракеталари ва «Оникс» кемаларга қарши ракеталарининг ташувчилари ҳисобланади», деб эслатади Россия Мудофаа вазирлиги. 

Кубанинг Россия ҳарбий кемалари келиши ҳақидаги хабари 

6 июн куни Куба инқилобий қуролли кучлари вазирлиги 12-17 июн кунлари тўртта рус ҳарбий кемаси Ҳавана портида бўлишини маълум қилди. 

«Ушбу ташриф Куба ва Россия Федерацияси ўртасидаги тарихий дўстона муносабатларга мос келади ҳамда Куба иштирок этувчи халқаро қоидаларга қатъий мувофиқдир, - деб таъкидланган пресс-релизда. - Ҳеч бир кема ядровий қуролни олиб юрмайди. Уларнинг мамлакатимизда тўхташи минтақа учун хавф туғдирмайди».

Май ойи ўрталарида Россия оммавий ахборот воситалари Россия Мудофаа вазирлигининг «Циркон» ракеталари билан қуролланган «Адмирал Горшков» фрегати бошчилигидаги Шимолий флот кемалар отряди «узоқ саёҳатга» чиққани ҳақида хабар тарқатди. «Сафарнинг асосий мақсади - байроқни намойиш қилиш ва ҳарбий-денгиз флотининг узоқ океан зонаси операцион муҳим ҳудудларида мавжудлигини таъминлаш», - дея Россия мудофаа вазирлигидан иқтибос келтирган «РБК» нашри. 

Мавзуга оид