Жаҳон | 14:12 / 20.06.2024
9538
9 дақиқада ўқилади

Ғазо банкларини ўмарган Исроил, ҳусийчиларнинг навбатдаги ҳужуми ва Маккадаги жазирама қурбонлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армияси Ғазода тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар сонини минималлаштиришни талаб этувчи уруш олиб бориш қонунларини тизимли равишда бузиб келмоқда, дейилади БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси бошқармаси ҳисоботида.

Исроил шу пайтгача ўзи томонидан амалга оширилган энг қонли бомбардимонлар борасида бирор тушунтириш бермаган.

БМТнинг фаластинлик қочқинлар ва ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқдаги агентлигининг маълум қилишича, Исроил ҳарбийлари томонидан фаластинликларга Рафаҳ шаҳрини тарк этиш тўғрисида буйруқ берилгач, бу шаҳарда бор-йўғи 65 мингга яқин тинч аҳоли вакиллари қолган.

Олти ҳафта муқаддам шаҳарда 1,5 миллионга яқин инсон истиқомат қилаётган эди. Уруш бошланганидан буён Ғазодаги оилаларнинг аксарияти тинч бошпана ахтариб, у шаҳардан бу шаҳарга кўча-кўчдан саргардон бўлмоқда.

Исроилликлар Ғазони вайрон қилиб, одамларини қириш билан биргаликда фаластинликларнинг бойликларини ҳам талон-торож қилмоқда. Financial Times нашрининг ёзишича, исроилликлар Ғазо шимолидаги банклардан 126 миллион доллар нақд пулларни ўғирлаб кетишган.

Нашрнинг маълумотларига кўра, май ойининг ўрталарига келиб, ўғирланган суммалар ёпиқ ғазналарда сақланаётган пулларнинг учдан бир қисмига тенг бўлган. Яна 240 миллион доллар Ғазо шимолидаги банкнинг ёпиқ омборларида сақланмоқда. Бу омборлар қалин бетон билан қопланган.

Ғазога оид нохуш статистикани тилга олишга мажбурмиз: Ғазода Исроил армияси томонидан ўлдирилганлар сони 37 минг 396 нафарга етган. Ярадор бўлганлар сони 85 минг 452 кишини ташкил этмоқда.

Сўнгги бир ҳафта ичида Исроил қўшинлари 3 та оммавий қирғин ўтказишган ва 24 кишининг ҳалок бўлишига ва 71 кишининг яраланишига сабабчи бўлишган. 

Қизил денгиздаги вазият

Ҳусийчилар Қизил денгизда Россия кўмири ортилган кемани чўктириб юборишди. Либерия байроғи остида сузиб, Россиядан кўмир ташиб келаётган Tutor савдо кемаси яманлик ҳусийчиларнинг ҳужуми натижасида чўктирилган. Бу ҳақда Буюк Британия денгиз савдоси операциялари бошқармасига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.

Бошқарманинг аниқлик киритишича, кема 12 июн куни Ҳудайда шаҳридан 120 км жанубий ғарбдаги олисликда нишонга олинган. Ҳужумдан сўнг кема экипажини Американинг Philippine Sea ракетали крейсери қутқариб олган, балкернинг ўзи эса ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва чўка бошлаган. Экипаж аъзоларидан бири машина бўлинмасида бўлгани тахмин қилинмоқда ва бедарак йўқолган ҳисобланмоқда.

Ҳусийчиларнинг Tutor кемасига ҳужумини АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги ҳам тасдиқлаган.

«Ҳусийчиларнинг пилотсиз сув устида ҳаракатланувчи аппарати Либерия байроғи остида ҳаракатланиб келаётган ва Грециянинг Қизил денгиздаги бошқаруви остида бўлган Tutor савдо кемасига келиб урилган. Зарба кеманинг машина бўлинмасини ишдан чиқарган», — дейилади америкалик ҳарбийларнинг хабарида. Шунингдек, кемага қарата бир нечта кемаларга қарши ишлатиладиган ракеталар учирилган, бироқ уларнинг бирортаси мўлжалга етиб келмаган. 

Россия ва КХДР стратегик ҳамкор

Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пёнгянг шаҳрида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги битимни имзолади.

Россия Федерацияси ва КХДР ўртасида куни кеча имзоланган келишув, жумладан, тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

Россия президенти АҚШ ва бошқа НАТО давлатларининг Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи қурол тизимлари, F-16 қирувчи самолётлари ва шу каби бошқа қурол ҳамда жиҳозлар етказиб берилиши ҳақидаги баёнотларига эътибор қаратди.

«Бу нафақат баёнот, балки аллақачон содир бўлмоқда ва буларнинг барчаси Ғарб давлатлари томонидан турли хил халқаро мажбуриятлар доирасида ўз зиммаларига олган чекловларни қўпол равишда бузишдир», — деб таъкидлади Путин.

Пёнгянгда имзоланган кенг қамровли стратегик шериклик шартномаси СССР ва Россия Шимолий Корея билан 1961, 2000 ва 2001 йилларда имзоланган асосий ҳужжатлар ўрнини эгаллайди ҳамда «узоқ муддатли истиқболда икки томонлама муносабатлар асосини ташкил этувчи асосий ҳужжатга айланади», деб ёзди Россия матбуоти.

Ғарб бу — Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг янада чуқурлашишига олиб келишидан хавотирда.

АҚШ маълумотларига кўра, томонлар ўтган йили Россияга Шимолий Корея ракеталари ва ўқ-дориларини етказиб беришга келишиб олган, бу, эҳтимол, асосий ҳарбий технологияларни КХДРга ўтказиш эвазига амалга оширилган. Россия ҳам, Шимолий Корея ҳам КХДРда ишлаб чиқарилган қуролларининг Россияга етказиб берилганлиги фактини инкор этмоқда.

Аммо Путиннинг КХДРга ташрифи натижасида Шимолий Корея РФга ўқ-дорилар етказиб бериш ҳажмини ошириши кутилмоқда.

Россияга қарши санкциялар

Европа Иттифоқи Россияга қарши жорий этиладиган санкцияларнинг 14-пакетига Россиядан суюлтирилган табиий газ етказиб беришга қарши чекловлар жорий этмоқчи, деб ёзади EUobserver ҳужжат лойиҳасига асосланиб.

Бундан ташқари, Россияга нисбатан гелий экспортига чекловлар киритилади, иккиламчи мақсадлардаги технологиялар, Украина санъат асарлари билан савдо-сотиқ қилишга нисбатан тақиқлар, шунингдек, 20 нафар жисмоний ҳамда 20 та юридик шахсларга нисбатан санкциялар қўлланади.

Euobserver ўз манбасига таяниб ёзишича, 14 июн куни ҳаттоки россияпараст чиқишлари билан танилган Венгрия ҳам Россияга нисбатан янги санкцияларни жорий этилишини “тортинмасдан” маъқуллаган. Европа компанияларининг Россиядаги шуъба корхоналарига нисбатан чекловларнинг қатъийлаштирилишига нисбатан ҳозирча фақат Германия иккиланиб турибди, деб ёзади нашр.

Россияга қарши санкцияларнинг 14-пакети Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирларининг 24 июн кунги учрашувида қабул қилиниши кутилмоқда.

Энг иссиқ ва совуқ давлатлар

Ер куррасидаги ўртача ҳарорат Целсий шкаласи бўйича тахминан 16 даражани ташкил қилади, лекин сайёранинг турли қисмларида у анча юқори ёки пастроқ бўлиши мумкин. Trading Economics фарқларни ўрганиб, дунёдаги энг совуқ ва иссиқ мамлакатларни аниқлашга қарор қилди.

Россия, Қирғизистон ва Тожикистон энг совуқ мамлакатлар ўнталигидан жой олди. Энг иссиқ мамлакатлар рейтингида Африка давлатлари устунлик қилмоқда.

Шундай қилиб, Гренландия Ердаги энг совуқ мамлакат бўлиб чиқди, у ерда ўртача ҳарорат -18,6°С. Кейинги ўринларда Канада (-4,2°С) ва Россия (-2,9°С). Бу йирик давлатлар иссиқ жойларга ҳам эга, аммо шимолдаги катта ҳудудлар умумий статистикага ҳисса қўшган.

Қизиғи шундаки, совуқ мамлакатлар рейтингида Қирғизистон ва Тожикистон ҳам юқори ўринларни эгаллаган. Бу уларнинг аксарият ҳудуди тоғли экани билан изоҳланади.

Энг иссиқ мамлакат Ғарбий Африкадаги Буркина-Фасо бўлиб, ўртача ҳарорат Целсий бўйича 29,3 даражага тенг. Ундан кейинги ўринларда Мали, Қатар, Сенегал, БАА, Мавритания, Баҳрайн каби давлатлар келмоқда.

Ўзбекистон энг совуқ мамлакатлар рейтингида 62-ўринда, энг иссиқ мамлакатлар рейтингида 144-ўринда қайд этилган. Юртимизда йиллик ўртача ҳарорат Целсий бўйича 14,9 даража деб белгиланган. 

Ҳажда ҳалок бўлганлар

Энг иссиқ давлатлар сирасига шубҳасиз, Саудия Арабистони ҳам киради. Бунинг натижаси ўлароқ, бу йил Маккада ҳаж зиёрати вақтида юзлаб зиёратчилар жазирама иссиқдан вафот этди.

Айни кунларда Саудия Арабистонида ҳаво ҳарорати сояда 50 даражадан юқори. Зиёратчилар очиқ қуёшда пиёда юриб кўплаб амалларни бажаради, бунинг натижасида, айниқса, кекса ёшли кишилар қуёш уришидан вафот этяпти.

AFP маълумотларига кўра, биргина Ҳаж вақтида камида 550 киши ҳалок бўлган, улардан 323 нафари Мисрдан келган зиёратчилар.

Туниснинг Tunis Afrique Presse ахборот агентлигига кўра, қурбонлар орасида 35 нафар Тунис фуқароси ҳам бор. Иордания Ташқи ишлар вазирлиги иорданиялик зиёратчилар дафн маросимига 41 та рухсатнома берилганини эълон қилди. Эроннинг IRNA ахборот агентлиги 11 нафар эронлик ҳалок бўлгани, яна 24 нафари касалхонага ётқизилганини хабар қилди. Шунингдек, Сенегалнинг уч фуқароси ва Индонезиянинг 144 фуқароси ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Бу одамларнинг аксарияти жазирама иссиқдан вафот этган, деб хабар қилди улар қариндошлари ижтимоий тармоқларда. Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, расмийлар ҳаддан ташқари юқори ҳарорат шароитида зиёратчилар орасида ноодатий ўлим ҳолатларини аниқламаган.

Эслатиб ўтиш керакки, Саудия Арабистони маййитни ватанига бериб юбормайди. Ўша ерда дафн этади. 

Мавзуга оид