Тошқин ваҳимаси: Қайроққум сув омбори ҳақида нималар маълум?
14 январ куни кечки вақт Сирдарё вилоятининг бир қатор туманларида Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган «Баҳри тожик» (Қайроққум) сув омборида тўғон бузилгани ва сув тошқини келаётгани ҳақида ваҳима тарқалди. Бу ёлғон маълумотга ишонган одамларнинг бир қисми яшаш уйидан узоқроққа кетиш учун ҳаракатга тушган бўлса, яна бир қисми ярим тунгача кўчада ўтирган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги одамлар ортиқча ваҳимага тушмаслиги учун тезлик билан муносабат билдирди. Унда ваҳимага ўрин йўқлиги, Қайроққум сув омбори назоратда экани, унда ҳеч қандай авария содир бўлмагани ҳамда тўғон дамбаси бузилмагани маълум қилинди.
Бундан ташқари, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва яна бир қатор туманлар ҳокимлари кечаси билан юриб, одамлардан уйларига қайтишни сўраган.
Хўш, Қайроққум қачон қурилган? Унда қанча сув сақланади? Сув омбори минтақа учун хавф туғдириши мумкинми? Қуйида шу ҳақдаги маълумотлар келтирилган.
Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб СССР раҳбарияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш қулай бўлган Ўзбекистон ҳудудидаги захира ерларни ўзлаштириш учун ҳаракат қила бошлайди. Минтақада ёз анча иссиқ келиши, далаларни суғормасдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг имконияти паст бўлиши инобатга олиниб, бу ерда аввало сув омборлар қуриш режа қилинади. Шундан сўнг, бир тарафдан чўллар ўзлаштирилади, иккинчи тарафдан йирик дарёлар тўсилиб, сув омборлари қуриш бошланади. Қайроққум ана шу сув омборлар орасида энг биринчи қурилган гидротехника иншооти ҳисобланади. Ўша пайтда Қайроққум сув омбори билан бирга Қайроққум ГЭС ҳам қурилган.
Қайроққум сув омбори ҳақида
Қайроққум сув омбори Фарғона водийсининг ғарбий қисмида асосан Тожикистон ва қисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Қайроққум сувга тўлган пайтда унинг Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қисмида ҳам сув йиғилади. Аммо сўнгги йилларда иқлим ўзгариши туфайли ёғингарчилик кам бўляпти. Табиийки, Қайроққумга тушаётган сув ҳажми ҳам камайди. Ёки бу сув омборига кўп сув йиғилса ҳам, Тожикистон етарлича электр энергия олиш учун Сирдарёга кўпроқ сув қўйиб юборяпти. Оқибатда унинг суви бироз камайиб, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қисмида сув йиғилмаяпти. Буни айни дамда харитада ҳам кўриш мумкин.
Сирдарё оқимининг олди гидроузел тўғони билан тўсиб ҳосил қилинган ушбу сув омборни тўлдириш 1950-йилларда бошланган. Унинг юза майдони 513 квадрат километрни, фойдаланса бўладиган сув ҳажми 2,6 млрд куб метрни ташкил этади. Сув омборининг узунлиги ғарбдан шарққа қараб 60 километрни, эни эса шимолдан жанубга қараб энг кенг жойда 20 километрни ташкил этади.
Қайроққум тоғ дараларида эмас, сув омборлари учун ноодатий тарзда текисликда барпо этилган ва шу сабаб унчалик чуқур эмас: ўртача 8,2 метр. Энг чуқур жойи эса 30 метр.
Қайроққум Сирдарё дарёсидан оқиб келадиган сув оқимини асосан мавсумий, қисман кўп йиллик тартибга солади. Унинг доимий суғориш майдони 475 минг гектардан ортиқ. Қайроққум сув омбори таркибига қуввати 426 МВт бўлган ГЭС, тўғон гидроузели, умумий узунлиги 27 километр бўлган чап қирғоқ марза дамбалари, сувости зонасини горизонтал ва вертикал дренажловчи насос қурилмалари комплекси киради. Сув омборидан сув ўтказиш имконияти 20 куб метр/с бўлган Хўжабақирғон (чап қирғоқ) ва Самғор (ўнг қирғоқ) суғориш насос станциялари сув олади.
Қайроққум ГЭС
Қайроққум ГЭС ҳам шу номдаги сув омбор билан деярли бир вақтда, 1951 йилда қурила бошланган. Сув омбори битиб, унда сув тўплана бошлагач, 1958 йилда ишга туширилган. Мазкур ГЭС плотинасининг узунлиги 1 200 метр, баландлиги 28 метр. Плотинанинг асоси тупроқ аралаш қум-шағалдан иборат. ГЭС қуввати 426 МВт.
Сув омборларини қуришдан мақсад нима бўлган?
СССР даврида Марказий Осиёда аксарият сув омборларини қуришда бирламчи вазифа электр энергияси олиш эмас, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мақсадида суғориш учун сув тўплаш бўлган. Уларда қишда оқадиган сув тўпланган ва ёзда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун ишлатилган.
1991 йил СССР тарқаб кетгач, мустақил бўлган Марказий Осиё республикаларининг аксарияти электр энергияси тақчиллигига дуч кела бошлади. Шундан сўнг, собиқ иттифоқ даврида қурилган аксарият сув омборларининг вазифалари ўзгара бошлади. Энди улардан фойдаланишда бирламчи вазифа қишлоқ хўжалик экинларини суғориш эмас, электр энергияси ишлаб чиқариш учун сув тўплаш бўлди.
СССР даврида ёғингарчилик даври бўлган куз-қиш ва баҳор ойларида сув омборларда ошиқча сув йиғилган ҳамда ёзда қишлоқ хўжалиги учун оқизилган. Мустақилликдан кейин эса дарёлар тўлиб оқадиган пайтда сув омборларини тўлдириб, сўнг электр энергияси олиш учун сув қишда оқизиб юборилган. Ўз даврида бу иш қўшни республикалар ўртасида турли келишмовчиликлар ҳам келтириб чиқарган.
Қайроққум сув омборида дамба бузилиш хавфи борми?
Дунёдаги бирорта сув омбори ва унинг тўғонлари хавфдан холи эмас. Янги қурилаётганлари ҳам, анча аввал қурилганлари ҳам (буни янги қурилган Сардоба сув омбори мисолида кўрдик). Айниқса, ўтган асрнинг 50-60 йилларида кўпроқ қўл меҳнатидан фойдаланиб қурилган сув омборлари.
Қайроққум ҳам минтақадаги бошқа кўплаб сув омборлари сингари доимий тарзда мутахассислар назоратида турибди. Ҳозирча унда фалокат келиб чиқади деган хавф умуман йўқ. Аммо ушбу сув омборнинг ўзига боғлиқ бўлмаган бир қанча омиллар уни назорат қилаётган мутахассисларни доимо сергак туришга ундайди. Гап шундаки, Қайроққумга суви қуйиладиган Сирдарёнинг юқори ирмоқларида бир неча йирик сув омборлари бор ва айрим ҳолларда улардан кўп миқдорда сув оқизилганда ўз-ўзидан Қайроққумда ҳам хавфли вазиятни юзага келтиради.
Масалан, 2009 йил кузда Қайроққум сув омборида хавфли вазият юзага келади. Ўшанда Қирғизистон ўз ҳудудида жойлашган Тўқтағул сув омборидан белгиланган миқдордан кўп сув чиқариши оқибатида Қайроққумда ҳам сув миқдори кўпайиб кетади. Шундан сўнг, Тожикистон ҳам бу сув омборидан қўйиб юбориладиган сув миқдорини кескин кўпайтиради. Оқибатда Сирдарёнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондан ўтувчи қуйи оқими ўзанидан чиқиб кетиб, бир қанча аҳоли пунктларини сув босиш хавфи юзага келади.
Умуман олганда, ҳеч қандай фалокат юз бермаган ҳолатда ҳам Қайроққум сув омбори куз, қиш ва баҳорда Қозоғистоннинг жанубий ҳудудлари учун анчадан бери хавф солиб келяпти. Ўтган асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб Сирдарёнинг юқори оқимларида кўплаб сув омборлар қурилиши натижасида дарёда сув камайиб кетади. Оқибатда Сирдарё ўзани торайиб кетади. Собиқ иттифоқ тарқаб кетгач, сув омборларидан электр энергия олиш бирламчи мақсадга чиққанидан сўнг, уларнинг суви куз, қиш ва баҳор фаслларида кўпроқ оқизилди. Шунинг учун Қозоғистоннинг жанубий ҳудудлари, Сирдарё ўзанида жойлашган аҳоли пунктлари доимий сув босиш хавфи остида қола бошлади. Айрим йилларда Сирдарё ўзанидан тошиб чиққан сув Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрига ҳам хавф соляпти.
Шу ўринда бир хулоса. Аслида Қайроққум омбори тошгани ҳақида миш-мишни бирор киши билиб-билмай тарқатган ва бу жиддий гап ҳам бўлмагандир. Лекин одамлар бежиз кўчага «қуруқлик қидириб» чиққани йўқ. Сирдарёликлар бир марта сув балосидан куйиб бўлишди. Энди улар оддий ариқ ўпирилишидан ҳам ҳайиқишади...
Мавзуга оид
18:31 / 23.09.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон Сирдарёда 10 та гидропост ташкил қилади
08:00 / 13.09.2024
Сирдарёда 2 ёшли боғча боласи вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
16:00 / 07.09.2024
Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятида “права” олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
08:10 / 06.09.2024