Жаҳон | 23:13 / 05.01.2026
19130
2 дақиқада ўқилади

Мен айбсизман ва ҳамон мамлакатим президентиман – Мадуро Ню-Йоркда илк суд мажлисида иштирок этди

Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Ню-Йоркда дастлабки суд мажлисида иштирок этди. Уларга «наркотерроризм», кокаин сотиш ва «Қўшма Штатларга зарар етказиш ниятида» қурол ва портловчи моддаларни сақлаш каби айбловлар эълон қилинди. Эр-хотин барча айбловларни рад қилди. Кейинги мажлис 17 мартга белгиланди. Асосий суд маҳкамаси 2027 йилда бошланиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес 5 январ куни Ню-Йоркда дастлабки суд мажлисида иштирок этди. Унда Мадуро жуфтлигига айбловлар расман ўқиб эшиттирилди ва судя уларнинг адвокатлари борлигига ишонч ҳосил қилди. Шундан сўнг, суд далиллар алмашиш ва судгача бўлган илтимосномалар учун дастлабки жадвални белгилади. Таъкидланишича, асосий суд жараёни 2027 йилда бошланиши мумкин.

Мадуро ва унинг хотини «наркотерроризм», кокаин сотиш ва «Қўшма Штатларга зарар етказиш ниятида» қурол ва портловчи моддаларни сақлашда айбланди. Мадуро ва Флорес айбловларни тан олмади.

«Мен бу ерда [айблов хулосасида] тилга олинган ҳеч нарсада айбдор эмасман. Мен ҳалол одамман. Мен ҳали ҳам ўз мамлакатим президентиман», деди Мадуро.

Флорес судда ўзини Венесуэланинг биринчи хоними деб таништирди ва айбини рад этди.

Жуфтликнинг адвокатлари судга мижозлари ҳозир гаров пули эвазига озод қилишни сўрамаслигини, бу ҳақда кейинроқ аризаси берилишини маълум қилди.

Мадуронинг ҳимоячиси Барри Поллак мижозининг Қўшма Штатларга етказилиши масаласининг қонунийлиги борасида саволлар борлигини таъкидлади. Флореснинг адвокати Марк Доннелли унинг ўғирланиши пайтида жароҳат олганини ва тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини айтди.

Шундан сўнг, суд мажлиси якунланди, кейинги мажлис 2026 йил 17 мартга белгиланди.

Николас Мадуро ва Силия Флорес 3 январ кечаси АҚШ махсус кучлари томонидан Венесуэладан олиб чиқиб кетилди. АҚШ расмийлари Венесуэла президентини гиёҳванд моддалар контрабандаси ва қурол сақлашда айбламоқда, унинг рафиқаси эса пора олиш ва одам ўғирлаш ва қотилликларни уюштиришда айбланмоқда.

Мадуро ва Флорес суд жараёни тугагунга қадар Бруклинда юқори даражадаги хавфсизликка эга шахслар учун мўлжалланган қамоқхонада сақланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид