Жамият | 18:23 / 18.10.2020
16797
3 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги «қаҳрамон симёғочлар». Масъуллар уларнинг хизматидан яна қанча фойдаланмоқчи?

Тавба, симёғочнинг ҳам «қаҳрамони» бўладими, дейишингиз мумкин. Бўлар экан. Андижон шаҳар Ҳамкорлик маҳалласи Айланма Ўш кўчасида бўлиб, ярим асрдан зиёд аҳолига хизмат қилиб келаётган электр симёғочларнинг ҳолатини кўргач, шу фикрга келдик.

Кўча бошига ўрнатилган ёғоч таянчдан 20 та хонадонга электр ўтказилган экан.

Симёғочдан хонадонларга тортилган жуфт электр симлари шу даражада кўпки, худди ўргимчак тўрига ўхшайди. Унинг ёғоч асоси чиришни бошлабди.

Кўчада ачинарли ҳолдаги ана шундай 8та «қаҳрамон симёғоч»ни кўрдик. Ҳудуддаги электр линияси эскириб кетгани сабаб аҳоли ўз хонадонларига техника хавфсизлигига риоя қилмаган ҳолда қўлбола ускуналар билан электр тортиб олишган.

Хонадонлар зич жойлашган Айланма Ўш кўчасида электр таъминоти масаласи оғир ҳолда. Электр линияси истеъмолчи кўплигидан талабга жавоб бермайди. Токнинг қуввати паст, трансформатор эскириб кетган.

Аҳолининг кўп бора қилган мурожаатларидан сўнг, 2019 йилнинг кузида шаҳар электр корхонаси кўчага бетон таянчлари ўрнатганида кўча аҳли роса суюнди. Бироқ орадан бир йил ўтса ҳам иш якунига етмаяпти.

«Мана шу бетон «столба»ларни ўрнатишганига деярли бир йил бўлди. Шу йил бошида атрофдаги икки-учта кўчаларда сим тортишди. Қолгани қолди. Қачон совуқ тушса, улашади шекилли. Карантин бўлиб, тўхтатиб қўйишган. Мана энди ўқув йили бошланди. Болалар дарс қилиши керак.

Кучланиш пастлигидан телевизорларнинг ҳам овозини баланд кўтара олмаймиз. Совуткичларнинг совутгани кучи етмайди.

Эски симёғочларга жуда кўп симлар тортилган. Кўчада ўйнайдиган болаларнинг симларни ушлаб олишидан қўрқамиз. Янги бетон таянчлар бир йилдан бери турибди. Энди қишга бориб иш бошланса, аҳоли қийналади. Қишга қолдирмасдан, тезроқ битириб беришларини сўраймиз», – дейди шу кўчада яшовчи Муродали Ҳайдаров.

Дарҳақиқат, бошланган ишнинг ўз вақтида битгани яхши. Совуқ фасл кириб келишига ҳам оз қолди.

Ўйлаймизки, Андижон шаҳар энергетиклари қишли-қировли кунлар келмасдан Айланма Ўш кўчасини сифатли электр энергияси билан таъминлаб «қаҳрамон симёғоч»ларни «пенсияга чиқаришади». 

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид