Ўзбекистон | 13:43 / 05.05.2021
31210
2 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Маданият вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Жамол Носиров Бухоро шаҳрининг янги ҳокими сифатида иш бошлади.

Бугун, 5 май куни Бухоро шаҳар ҳокимлигида навбатдан ташқари сессия йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоят фаоллари иштирок этди.

Кенгаш йиғилишида ташкилий масала кўриб чиқилиб, Жамол Шуҳратович Носиров Бухоро шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди.

Жамол Носиров 1985 йил 12 июнда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 2005 йили Бухоро давлат университетининг жисмоний маданият ва жисмоний тарбия ўқитувчиси, психолог мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2008 йили эса университетнинг магистратурасини тугатган.

Бир муддат «Камолот» ЁИҲ Бухоро вилоят Кенгаши раиси лавозимида ҳам меҳнат қилган.

Шундан сўнг 27-Жилвон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясининг фракцияси аъзоси бўлган.

2017 йилдан 2020 йилга қадар Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 

Жамол Носиров 2020 йил 22 апрелдан буён Маданият вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

  • Бундан олдинроқ, Kun.uz манбаси Жамол Носиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан билан озод қилингани, унинг вазирликдаги ўрнини Баҳодир Аҳмедов эгаллагани хабар қилганди.
  • Жамол Носиров 2020 йил мартидан Бухоро шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган, уч ой муқаддам лавозимга расман тасдиқланган Ўткир Жумаевнинг ўрнини эгаллади.

Мавзуга оид