Жаҳон | 13:49 / 16.04.2024
10772
10 дақиқада ўқилади

Ўч олишга қарор қилган Исроил, Гуржистондаги норозиликлар ва Украинага рад этилган ёрдам — кун дайжести

Дунёда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари билан таништиришда давом этамиз.

Исроил зарбага тайёрланмоқда

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбийларга Теҳроннинг ракета ҳужумига жавобан Эрондаги нишонлар рўйхатини тайёрлашни буюрди, деб хабар қилади The Washington Post.

Мулоқотдан хабардор манбанинг нашрга билдиришича, Исроил Эрон учун оғриқли бўлувчи, бироқ қурбонларга олиб келмайдиган, Америка томони ҳазм қила оладиган ва минтақавий урушни келтириб чиқармайдиган жавоб чоралари ҳақида бош қотирмоқда.

Чунки АҚШ президенти Жо Байден Нетаняҳу билан суҳбатда Вашингтон Эронга қарши ҳужумкор операцияларда иштирок этмаслигини маълум қилган эди. Боз устига, Қатар ва Кувайт каби кўрфаз давлатлари Эронга қарши операция учун ўз ҳудудини тақдим этмаслигини таъкидлаган.

Исроил ҳарбий-сиёсий кабинети икки вариантни кўриб чиқмоқда: Теҳрондаги объектларга потенциал зарба ёки киберҳужум.

«Исроил жавоб қайтариши шартлигига барча кўнган. Қачон ва қандай жавоб бериш масаласи очиқ қолган», — деган манба.

Берилаётган хабарларга кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга жавоб бермасликка кўндириш учун босим ўтказишларидан чўчиб, эл етакчиларининг қўнғироқларига жавоб бермай қўйган.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга Эроннинг ракета ҳужумига «жавоб беришдан бошқа йўл йўқлиги»ни таъкидлаган.

Исроилга ким ёрдам берди?

Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания Эрон ракеталарини уриб туширишда Исроилга ёрдам бергани ойдинлашган.

Эрон Исроил томон учирган 300 дан ортиқ дрон ва ракеталардан фақат айримлари Исроилгача етиб борган ва у қадар кучли зарар етказмаган. Ракеталарнинг тутиб олинишида нафақат Исроилнинг «Темир қубба» тизими, шунингдек, АҚШ ва бир қатор араб давлатларининг ёрдамлари ҳам рол ўйнаган. Дронларга қарши курашда Америка, Британия, Франция, шунингдек, Иорданиянинг ҳарбий самолётлари муҳим рол ўйнаган, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари эса махфий маълумотлар билан бўлишган, деб ёзади The Wall Street Journal.

Исроил томони маълумотларига кўра, Эрон 170 дан ортиқ портловчи модда билан жиҳозланган дронлар, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 тача қанотли ракеталар учирган. Уларнинг катта қисми Исроил ҳудудигача етиб ҳам келмаган.

Гуржистондаги норозиликлар

Гуржистон парламентида яна муштлашув рўй берди. Бунга сабаб «Чет эл агенти» тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқила бошлангани бўлди.

Парламентдаги кўпчилик етакчиси Мамуки Мдинарадзе чиқиш қилаётган чоғда унга мухолифатдаги «Фуқаролар» партияси раҳбари Алеко Элисашвили келиб мушт туширган. Кейин муштлашувга бошқа депутатлар ҳам қўшилди.

Қонун лойиҳаси парламентга ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси томонидан киритилган. Ҳужжат муаллифларига кўра, у фақат чет элдан маблағ олувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган.

Қонунга қаршилар уни «россияча қонун» деб аташади. Чунки у Россиядаги «иноагент»лар тўғрисидаги қонуннинг муқобилидир.

Мухолифат Россияда кузатилгани каби ҳукумат қонундан мустақил ОАВга босим ўтказишда фойдаланмоқчи эканини тахмин қилмоқда. Қонун аввал биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг ҳам мамлакатда норозиликлар бошланган ва қонунни кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилганди.

Энди эса «чет эл таъсири остидаги агент» сўзи «чет эл кучини тамсил этувчи ташкилот» терминига алмаштириб, яна парламентга олиб чиқилган.

Парламентда қонун лойиҳаси кўриб чиқилиши бошланиши фонида Тбилисида яна оммавий норозилик акциялари бошланди. Улар «Европага — ҳа, Россия қонунига — йўқ» деб бақира бошлашган.

Гуржистон парламенти биноси олдида полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар юзага келган. Президент Саломе Зурабишвили намойишчиларни қўллаб-қувватлаган ва мамлакатнинг европача келажагини ҳимоя қилаётган инсонлар ҳибсга олинганида полицияни айблаган. Ҳукуматга мухолиф бўлган Зурабишвили ушбу қонунга вето қўйишга ваъда берган. Аммо ҳукмрон коалиция парламентда президент ветосини бекор қилиш учун етарли овозга эга.

Украинага рад этилаётган ёрдам

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Украинага дронларни уриб тушириш учун ёрдам бера олмасликларини маълум қилди, чунки НАТО қўшинларининг Россия билан тўқнашуви урушнинг хавфли тусда авж олишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Журналистнинг нега Исроилга ёрдам берилгани каби Украинага дронларни уриб туширишда ёрдам кўрсатилмаяпти, дея берган саволига жавобан Кэмерон «Европада кенг уруш бошланишидан қочмоқчи бўлсак, НАТО ва Россия қўшинларининг тўғридан тўғри тўқнашувига йўл қўймаслигимиз керак», — деган.

Кэмерон дрон ва ракеталарни самолёт воситасида уриб тушириш самарасиз экани, бунинг учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш лозимлигини таъкидлаган.

Кэмеронга кўра, Буюк Британия ва бошқа давлатлар Украина учун қилиши мумкин бўлган энг яхши ёрдам — Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш ва қурол-яроғлар етказиб беришдир.

Америка ҳам Исроилга ёрдам бергани каби Украинага осмондан келаётган хавфни бартараф қилишда ёрдам бера олмайди, деган Пентагон расмий вакили Жон Кирби.

«Бу турли можаролар, осмон кенгликлари ҳам фарқ қилади ва таҳдиднинг манзараси ҳам турлича», — дея тушунтирган Кирби.

Россия нефт саноатига зарба

Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужуми АҚШ билан келишмовчилик келтириб чиқармоқда, деб ёзади The Washington Post нашри.

Феврал ойида Мюнхен хавфсизлик конференциясида АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Россия нефт заводларига ҳужум қилишни тўхтатишни Украинадан талаб қилган. Бундай ҳужумлар жаҳон бозорларида нефт маҳсулотлари нархи ошишига ва Россиянинг жавоб зарбаларини чақиришга сабаб бўлади, деб огоҳлантирганди Ҳаррис.

Бироқ Зеленский бу тавсияларни эътиборсиз қолдиргани Вашингтоннинг ғазабланишига сабаб бўлган. Қайтага, Конгресс ёрдамни пайсалга солаётганидан сўнг совуқлашиб қолган муносабатларни янада чуқурлаштириб, Украина бир қатор Россия объектларига зарба беришни янада кучайтирган.

Америкалик мулозимларга кўра, энергия ташувчиларнинг нархи ошиши Украинага европаликларнинг ёрдами сусайишига олиб келиши мумкин.

Бу орада Россия Украина дронларидан зарар кўрган нефтни қайта ишлаш заводларини қисман тиклашга муваффақ бўлгани маълум қилинмоқда.

Йил бошидан буён ҳужумларга дучор бўлган нефтни қайта ишлаш заводлари қувватларининг учдан бир қисми тикланган, деб хабар беради Reuters. Украина дронларининг ҳужуми туфайли ишдан чиқарилган 14 фоиз қайта ишлаш қурилмаларининг 10 фоизи ҳали ҳам ишламай турибди.

Россия урушда енгиладими?

Россия Украинага қарши урушда енгилади, деб ҳисобламоқда Пекин университети профессори, Фудан университети қошидаги Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Фэнг Юйжюн.

Экспертнинг фикрича, Путиннинг Украинага бостириб кириши барбод бўлишига тўртта омил етаклайди.

Биринчиси — қаршилик даражаси юқори экани ва украиналиклар миллий бирлик намойиш этаётгани.

Иккинчиси — жаҳон ҳамжамияти Украинани кучли қўллаб-қувватлаётгани.

Учинчи омил — қўмондонлик, назорат, алоқа ва разведка ҳамоҳанглигида саноат қувватига боғлиқ бўлган замонавий уруш характеридир. Россия Украинага қарши урушда қийинчиликка дуч келмоқда ва бу СССР тарқалганидан сўнг мамлакат тўлиқ ўзини тиклаб ололмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Сўнгги омил — ахборот. Фенг Юйжюнга кўра, Путин узоқ вақтдан буён давом этаётган яккаҳокимлиги туфайли информацион қобиққа тушиб қолган. Кремлга ишончли разведка маълумотлари етишмайди, раҳбарият ишлаётган тизим хатоларни тўғрилашнинг самарали механизмидан мосуво этилган, дея экспертнинг фикрларини келтиради The Economist нашри.

Хитойлик олимга кўра, бу тўрт омил келгусида Москванинг барча оккупация қилинган ҳудудлар ва Қримдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишига сабаб бўлади.

«Россия уруш ёрдамида мавжуд халқаро ва минтақавий тартибни бузиб ташламоқчи», — дейди профессор. Лекин Россиянинг ғалабасига унинг ядровий салоҳияти ҳам кафолат бера олмайди. Мисол тариқасида у АҚШнинг Корея, Виетнам ва Афғонистондан олиб чиқилишини келтирган.

Анталядаги фожиа

Туркиянинг Анталя шаҳридаги дор йўли — телефрикда рўй берган авария туфайли бир киши ўлган, етти киши турли даражада тан жароҳати олган.

Дор йўлидаги фуникулёрнинг таянч қисми узилиб кетган ва ичидаги одамлар бўлган кабиналардан бирининг устига қулаган. Натижада кабинанинг поли тешилиб, одамлар тушиб кетган. Бошқа ахборотларга кўра, кабинанинг ўзи ерга қулаган ва бир киши қурбон бўлган.

Камида етти киши жароҳатлангани айтилмоқда. Уларнинг орасида ёш болалар ҳам бор. Дор йўлининг ҳаракати тўхтатилган. 180 дан ортиқ одамлар 15 та кабинада баланд қоялар узра муаллақ туриб қолган. Уларни эвакуация қилиш учун 4та вертолёт, ўт ўчириш машиналари ва юзлаб қутқарувчилар жалб қилинган.

Мавзуга оид