Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил армияси Ғазо шимолидаги учта касалхонага зарба берди. Ҳужумларда «Камол Адван» касалхонасидаги болалар яраланди.
Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир Абдулла ал-Буршнинг маълум қилишича, Исроил кучлари «Камол Адван», «Ал-Ауда» ва Индонезия шифохоналарини ўққа тутган.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида «Камол Адван» касалхонасидаги электр генераторлари ва сув идишлари зарар кўрган ва неонатал бўлимдаги баъзи болалар жароҳатланган.
Ал-Бурш, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси делегацияси ташрифи чоғида шифохоналар ўққа тутилганини таъкидлаб, Исроилнинг минтақа соғлиқни сақлаш тизимига путур етказишга уринишларига эътибор қаратди.
«Камол Адван» касалхонаси бош шифокори Ҳуссам Абу Сафия яраланган болалардан бирининг аҳволи оғир эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, шифохонада 120 нафар бемор ва ярадор бор, улардан 19 нафари бола ва 4 нафари янги туғилган чақалоқ.
Ўз навбатида, «Ал-Ауда» касалхонаси раҳбарияти 5 октябрдан бери шифохонага ёқилғи келмаётгани, таъминот камайиб бораётгани, тиббий хизмат кўрсатишни давом эттириш учун зудлик билан дори-дармон, тиббий буюмлар, қон, озиқ-овқат ва сув зарурлигини таъкидлаган ва ЖССТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасини тиббий материаллар ва ёқилғи етказиб беришда ёрдам беришга чақирди.
Исроил Ливанга босқинни кенгайтирмоқчи
Исроил қуролли кучлари бош штаби раҳбари Ҳерци Ҳалеви бу мамлакатда можарони тартибга солиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётганига қарамай, ҳарбийлар Ливанга қарши агрессия кенгайтирилишига тайёр туришлари кераклигини таъкидлаган.
«Ливанда келишувга эришишга доир дипломатик ҳаракатлар билан бир қаторда ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш, жумладан ер устидан олиб борилаётган манёврларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича режаларни ишлаб чиқишда давом этиш керак. Биз бу режаларни заруриятга қараб фаоллаштириб борамиз», — дея Ҳалевининг баёнотини келтирмоқда ЦАҲАЛ матбуот хизмати.













