Ўзбекистон | 15:55 / 13.01.2020
85665
4 дақиқада ўқилади

Вазир: Стипендия ислоҳотидан зарар кўрган талабаларга пуллар қайтарилади

Ёшлар пресс-клубининг 13 январдаги сессияси таълим тизими масалаларига бағишланди.

Тадбир якунида Kun.uz мухбири Олий ва ўрта махсус таълими вазири Иномжон Мажидовга ҳозирги вақтда талабаларга тўланаётган стипендияларнинг янги тартиби «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга қанчалик мос ва бу ўзгариш қайси норматив-ҳуқуқий хужжат асосида қилинди, мазмунидаги савол билан мурожаат қилди.

«Янги тартибга Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳамда олий ўқув юртларига берилган ваколат асосида ўтилган. Шу йўл билан ОТМларда таълим сифатини яхшилаш мақсад қилинган.

Стипендияларни тенглаштирайлик деган таклиф қачон чиқиб келди? Табақалашган стипендия тартибида талабалар ўз баҳосини сунъий равишда кўтаришга ҳаракат қилади. Бунинг ортидан коррупция келиб чиқади.

Албатта, коррупцияга қарши курашнинг бошқа ўнлаб йўллари бор, лекин бу тизимнинг қулайлиги – у билан ҳам коррупцияга қарши курашилади, ҳам яхши ўқийдиган талабалар рағбатлантирилади.

Ҳозир ижтимой тармоқларда бу тизимни нотўғри талқин қилишяпти. Мазмунига эътибор беришмаяпти», дейди вазир.

Бу ўзгариш қайси норматив ҳуқуқий ҳужжат асосида қилинди, деган саволга Иномжон Мажидов «идораларнинг қарори» дея жавоб берди.

«Бу – идораларнинг қарори. Қарорнинг охирги варианти энди чиқади. Бу янгилик стипендия бериш бўйича идоравий ҳужжат асосида қилинган», – деди у.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири айнан қайси идоравий ҳужжат ҳақида гап кетаётгани, унинг қанчалик ҳуқуқий асосга эгалигига асос келтиргани йўқ.

Унинг айтишича, тез орада талабаларга ўзларига тегишли ҳисобланган пуллар қайтариб берилади.

Шу билан бирга, 1-босқич талабалари ва аввалги семестрни «3» баҳога ёпган студентлардан уларга тўланган ортиқча пуллар қайтариб олиниши-олинмаслиги масаласи очиқ қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳуқуқшунос ва блогер, Республика олий таълим кенгаши аъзоси Хушнудбек Худайбердиев бир хил стипендия тўлашга ҳукуматнинг ҳозирча ҳаққи йўқлиги, Ўзбекистонда табақалаштирилган стипендия тўлаш тартиби ҳали бекор қилинмагани ва у ҳали ҳам ўз кучида тургани ҳақида ёзган эди.

Унинг фикрича, сентябрь ойидан бошлаб барча талабаларга бир хил 400 минг сўм стипендия тўлангани ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас.

«Шунчаки, Молия вазири ўринбосари О.Исаков ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С.Бузрукхоновнинг ОТМ ректорларига йўллаган қўшма хатини кўрдик холос. Ўша хатда стипендия тўлаш тартибига ўзгариш киритилаётгани сабабли 1 сентябрдан ҳаммага 400 минг сўм стипендия (ва яна бошқа қоидалар асосида) тўлашни таъминлаш сўралган.

Ваҳоланки, ушбу хат асосида амалда ўз кучида бўлиб турган Йўриқномадаги табақалаштирилган стипендия тўлаш тартибини инкор қилиб, барчага бир хил стипендия тўлаш – ноқонуний эди! Вазир ўринбосарларининг хати норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди ва амалдаги НҲҲни тўхтатиб туриш, бошқа янги қоидалар белгилашга уларнинг ҳаққи йўқ», – дея қайд этганди Хушнудбек Худойбердиев.

Мавзуга оид