СССРда яширилган ҳалокат – советларнинг 13 нафар адмирали ҳалок бўлган ҳодиса қандай содир бўлганди?
Бундан 42 йил аввал Ленинград яқинидаги ҳарбийлар шаҳарчасида Ту-104 самолёти ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортида бўлган 50 нафар ҳарбий ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганлар орасида СССР Ҳарбий-денгиз кучлари Тинч океани флотининг барча қўмондонлари ва бошқа юқори лавозимли ҳарбийлар бор эди. Советлар иккинчи жаҳон урушида бунча адмиралдан айрилмаганди. СССРда ушбу ҳодиса қаттиқ сир тутилади ва у иттифоқ парчалангач ошкор бўлади.
1981 йил 7 феврал. Ленинград шаҳри яқинидаги Пушкин шаҳарчасида жойлашган ҳарбий аэродром. Бир гуруҳ юқори лавозимли ҳарбийлар самолётга чиқишга шошилишяпти. Улар орасида ҳарбий-денгиз кучлари адмираллари, генераллар ва бошқа зобитлар бор.
Юқори лавозимли ҳарбийлар Пушкиндаги ҳарбий базада ўтказилган йиғилишдан сўнг хизмат жойига, Владивостокка қайтмоқда. Ҳарбийлар ўтирган Ту-104 самолёти ҳавога кўтарилади, бироқ кўп ўтмай ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортида бўлган барча ҳалок бўлади.
Бу ҳалокат нафақат СССР, балки жаҳон тарихида бир пайтнинг ўзида кўп юқори лавозимли ҳарбийлар ҳалок бўлган ягона ҳодиса ҳисобланади.
Ҳалокатдан аввал
1981 йил феврал ойининг бошида Ленинграддаги ҳарбий-денгиз академиясида оператив ўқув йиғини ўтказилиши белгиланади. Йиғилишда СССР Ҳарбий-денгиз кучларига қарашли барча флотларнинг командир таркиблари қатнашиши шарт эди.
Январ ойи охирида бирин-кетин барча флотлар қўмондонлари ва командирлари, ўқув-машқида қатнашадиган зобитлар Ленинградга кела бошлашади.
1981 йил 30 январ куни Тинч океани флотига қарашли Ту-104 самолёти Ленинград яқинидаги Пушкин шаҳарчасида жойлашган ҳарбий аэродромга қўнади.
Самолётда Ленинградда ўтказилиши белгиланган ўқув-йиғинида қатнашиши белгиланган Тинч океани флоти қўмондони ва барча командир таркиби келган эди.
1 феврал кунидан бошланган махсус машқ ўқув-йиғини етти кун давом этади ва унда айнан Тинч океани флоти командир таркиби энг яхши деб топилади. 7 феврал куни тушдан сўнг жамоа ортга – Владивостокка учиб кетиши керак эди.
Ту-104 самолёти реактив двигателли самолёт бўлиб, Владивостоккача тўхтовсиз учиши керак эди. Самолётга ёқилғи тўлдирилади ва Тинч-океани флоти командир таркиби парвозга тайёргарлик кўра бошлайди.
Соат 16:00 да Ту-104 командири А.Инюшин самолёт парвозга тайёрлигини маълум қилади. Шундан сўнг Тинч-океани флоти қўмондони Эмил Спиридонов бошчилигидаги ҳарбийлар самолётга чиқишади. Спиридоновнинг хотини ҳам у билан бирга эди.
Ҳалокат
Экипаж командири подполковник Инюшин тажрибали учувчи бўлиб, ўша парвозгача у жами 8 150 соат учган, шундан 5 730 соат парвозни Ту-104 билан амалга оширганди.
Ту-104 самолёти 1957 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, қарийб 25 йилдан буён парвоз қилиб келаётганди. Мазкур самолётдан аввалига «Аэрофлот» йўловчи ташишда фойдаланади.
Кейинроқ самолёт ҳарбийларга берилади ва у Тинч океани флоти ихтиёрига жўнатилади.
Ўша куни Ленинградда ҳаво булутли бўлиб, кучли қор ёғиб турганди. Ҳавонинг кўриш даражаси анча пастлиги сабаб, бу ҳолат учувчиларга қийинчилик туғдираётганди.
Самолёт учиш-қўниш йўлагидан кетар экан, ҳавога кўтарилиш чоғида белгилангандан соатига 25 километр кам тезликда ҳаракатланади. Ҳавога кўтарилган заҳоти самолётнинг бир томон қаноти оға бошлайди. Экипаж вазиятни ўнглай олмайди.
Парвоздан бор-йўғи саккиз сония ўтиб Ту-104 50 метр баландликка кўтарилганда унинг ўнг қаноти ерга тегади ва зарб натижасида самолёт учиш-қўниш йўлагидан 500 метр нарига қулаб тушади.
Шу пайтда самолётда бўлган 20 тонна ёқилғи ўт олади осмонга тутун ва олов ўрлайди. Шу вазиятда ҳеч кимни қутқаришнинг иложи йўқ эди. Самолётдаги барча 6 нафар экипаж аъзоси ва 44 нафар йўловчи ҳалок бўлади.
Ҳалок бўлганлар орасида Тинч океани флотининг 16 нафар адмирал ва генераллари ва яна бошқа кўплаб юқори лавозимли ҳарбийлар бор эди. Улар орасида беш нафар аёл ҳам бўлган.
Бундан ташқари, Приморе ўлкаси партия қўмитаси биринчи секретарининг рафиқаси, Спиридионовнинг хотини, Тинч океани флоти алоқа бўлими бошлиғининг қизи, шунингдек, Приморе ўлкаси ижроқўми раиси, унинг хотини ва ўғли бор эди.
Ҳалокат содир бўлган жойга зудлик билан ўт ўчирувчилар, қутқарувчилар, тез тиббий ёрдам шифокорлар етиб келади. Олов ўчирилгандан сўнг экипаж аъзолари ва ҳарбийлардан бир киши – Тинч океани флоти 570 авиаполк техник ходими тирик экани маълум бўлади. Бироқ у ҳам шифохонага етмасдан жон беради.
Ҳалокат сабаблари
Ҳалокат содир бўлганидан сўнг дарҳол ҳукумат комиссияси ташкил этилади. Аввалига самолёт хориж махфий хизматлари ёллаган диверсантлар томонидан портлатилган деган тахминга келинади. Бироқ тезда бу тахмин рад этилади. Чунки Пушкин шаҳарчасидаги ҳарбий аэродромга яширинча кириш ва диверсияни амалга оширишнинг мутлақо имкони йўқ эди.
«Аэродромни алоҳида батальон ва контрразведка хизматининг махсус зобитлари қўриқлашар ва у ерга кириб чиқувчи барчани деярли микроскопда текширгандай текшириб ўтказарди. Хориж махфий хизматлари ходимларининг қаттиқ қўриқланадиган бундай объектда турган самолёт бортига портловчи моддаларни олиб кириши деярли мумкин эмас эди», деганди ҳарбий тарихчи Александр Зимовский кейинчалик ўз эсталикларида.
Самолёт қора қутисидаги ёзувлар эшитиб кўрилганда тажрибали учувчи бошқарувидаги Ту-104 ҳавода ўзини ўзи кўтара олмайди ва пастлаб қулаб тушади. Бу ҳолат комиссия аъзоларини ҳайрон қолдиради.
Шундан сўнг самолётда неча киши бўлгани ва қанча юк ортилгани тафтиш қилинганда барчаси ойдинлашади. Ўша пайтда СССРда яхши маҳсулотлар барча жойларда топилмас, айниқса Узоқ Шарқда сифатли нарсаларни топиш мушкул эди.
Шу сабабли Ленинградга келган ҳарбийлар бўш вақтларида магазинма-магазин кезишади ва ўзларига жуда кўплаб нарсаларни харид қилишади. Сўнг уларни Пушкиндаги ҳарбий аэродромга олиб бориб, Владивостокка учиб кетишлари лозим бўлган Ту-104 га ортишади.
Суриштирувлар давомида экипаж командири Инюшин ўз раҳбарларига парвоздан аввал самолётга белгилангандан ортиқча юк ортилгани ҳақида хабар бергани ва улар бунга парво қилишмагани ойдинлашади.
Самолёт қолдиқлари ўрганилганда у ердан жуда кўп нарсаларнинг, жумладан мебеллар, телевизорлар, қоғоз рулонлари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар қолдиқлари чиқади. Уларнинг барчасини ҳарбийлар харид қилишган эди.
Мутахассис Ту-104 парвозни бошлаб, шассилар ердан узилган пайтда самолётга тартибсиз тарзда жойлаштирилган юклар ўнг томонга оғиб кетганини аниқлашади. Шу ҳолат самолётнинг ўнг томони билан ерга қулашига сабаб бўлган.
Ҳалокат юзасидан комиссия хулосаси берилгандан сўнг Ту-104 хизмат қилган ҳарбий қисм командири ўз вазифасидан озод қилинади.
Бироз ўтиб СССР министрлар советининг қарори билан ҳалок бўлган ҳарбийларнинг беваларига ва болаларига нафақалар тайинланади. Уларга турли шаҳарлардан уйлар берилади.
Ҳалокатнинг яширилиши
Гарчи ҳодисанинг кўлами катта ва бутун бошли Тинч океани флоти командирлари ҳалок бўлган бўлса-да ҳалокат қаттиқ сир сақланади.
Совет раҳбарияти 16 нафар адмирал ва генераллар ҳалок бўлган ҳодиса ҳақида ғарблик рақобатчи давлатлар хабар топишини мутлақо истамасди.
Шу сабабли марказий телевидение, радио ва СССРда чоп этиладиган оммабоп газеталар ҳодиса ҳақида лом-лим демайди. Фақат орадан бир неча кун ўтгач, ҳарбийларнинг «Красная звезда» газетасида СССР Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий денгиз флоти бош штаби номидан кичик таъзиянома эълон қилинади.
Таъзияномада ҳалокатда ўлганларнинг сони, уларнинг кимлиги ва исм-шарифи маълум қилинмайди.
«1981 йил 7 феврал куни содир бўлган авиаҳалокатда ўз хизмат бурчини бажараётган Тинч океани флотининг бир гуруҳ адмираллари, генераллари, зобитлар, мичманлар, прапоршиклар, матрослар ҳалок бўлди. СССР Мудофаа вазирлиги, Совет армияси сиёсий бош бошқармаси ва Ҳарбий-денгиз флоти бош штаби ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради», дейилган эди газетадаги таъзияномада.
Гарчи ҳодиса оммадан яширилган бўлса-да, ҳалок бўлганларнинг яқинларига бу ҳақда хабар берилади. Ҳарбийларнинг жасадлари яқинларига берилмайди ва ими-жимида Ленинграддаги қабристонга кўмиб юборилади. Дафн маросимида фақат ҳарбийлар қатнашади.
Ўша пайтда совет армияси Афғонистонда уруш олиб бораётган эди. Дафн маросимига гувоҳ бўлган оддий фуқаролар Афғонистонда ҳалок бўлган ҳарбийларни дафн этишяпти деб ўйлайди ва шу тариқа ҳодиса махфий ҳолда қолиб кетади.
СССР парчаланиб кетгач Пушкиндаги аэродромда содир бўлган ҳодиса тафсилотлари ошкор қилинади. Омма ўшанда нима бўлгани ҳақида хабар топади.
«Ҳарбий-денгиз флоти бошсиз қолди» – Ҳалокат оқибатлари
Пушкин аэродромида содир бўлган ҳалокатнинг кўлами жуда катта эди. 13 нафар адмирал, 3 нафар генерал ва бошқа юқори лавозимли зобитлардан иборат бутун бошли флотнинг барча командирлари бир вақтда ҳалок бўлиш ҳодисаси ҳеч қачон содир бўлмаганди.
Ўшанда СССР Мудофаа вазирлиги таркибидаги энг йирик бўлган Тинч океани ҳарбий-денгиз флоти том маънода бошсиз қолади. Маълумот учун иккинчи жаҳон урушида совет армияси тўрт нафар адмиралдан айрилган.
Ҳалокатни хориж махфий хизматлари содир этган деб тахмин қилингани учун ҳодиса содир бўлгандан бошлаб бир муддат бутун СССРдаги барча ҳарбий кучлар жанговар ҳолатга ўтказилади.
Кўп ўтмай ҳалокатга ҳарбийларнинг ўзлари сабабчи бўлганлари ойдинлашгач қўшинларнинг жанговар ҳолати бекор қилинади.
Ҳалокатдан сўнг ҳарбийлар фойдаланиб келаётган барча Ту-104 самолётларининг парвози тақиқланади (фуқаро авиациясида улардан фойдаланиш 1979 йилда Москва яқинидаги ҳалокатдан сўнг тўхтатилганди).
Самолётларнинг барчаси йиғиштириб олинади турли музейларга, кўргазмаларга ва авиамактабларга бериб юборилади. Бир қисми утилизация қилинади.
Ҳалокатдан сўнг жорий қилинган янги қоидалар
СССР парчаланиб кетгандан сўнг ҳалокатнинг янги тафсилотлари чиқди. 2008 йилда Болтиқ флоти собиқ қўмондони генерал-лейтенант Виктор Сокерин ҳарбий газеталардан бирига берган интервьюсида Пушкин аэродромида содир бўлган ҳалокатнинг янги тафсилотларини ошкор қилади.
Унга кўра парвоз куни эрталаб ҳарбийлар ўзлари харид қилган турли буюм ва нарсаларни самолётга жойлаштиришда экипажга қулоқ солишмаган, уларни дўқ-пўписа билан жуда тартибсиз жойлаштиришган.
Самолётга ортилган юкларнинг асосий қисмини мебел тўпламлари, телевизорлар, музлаткичлар, чинни буюмлар тўпламлари ва бошқа кўплаб оғир буюмлар ташкил этган. Улар орасида ҳатто «Жигули», «Москвич», «Волга» машиналарининг турли эҳтиёт қисмлари ҳам бўлган.
Шунингдек, улар самолётга чиққан вақтларида экипаж командирига қулоқ солишмаган ва унга тўраларча муносабатда бўлишган. Жумладан, Тинч океани флоти қўмондони Спиридонов самолётнинг олд қисмида жойлашган ўн кишилик кабинада бир ўзи учишни хоҳлаган.
Оқибатда, бир қанча ҳарбийлар Ту-104 нинг орт қисмига ўтиришга мажбур бўлган. Бу эса шундоқ ҳам турли юклар тартибсиз юкланган самолётдаги мувозанатни издан чиқарган.
Учиш қоидаларига кўра юклар оғир бўлган бундай пайтда йўловчилар кўпроқ самолётнинг олд қисмига ўтириши керак. Шунда самолёт ҳавога бемалол кўтарилиб олади. Ту-104 да эса адмиралнинг ўзини тўраларча тутиши туфайли тескариси бўлган.
Виктор Сокерин ўша пайтларда совет армияси командирлари орасида тўрачилик, хизмат вақтида маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиш жуда авж олганини ва экипаж командири ҳар қандай ҳолатда уларнинг буйруғини бажаришга мажбур бўлганини айтган.
Ўшанда экипаж командири Инюшин адмирал Спиридонов ва бошқаларнинг қоидаларга зид буйруқларини бажаришга мажбур эди. Агар Инюшин буйруқларни бажаришдан бош тортса у билан исталган нарса содир бўлиши мумкин эди.
Шундай ҳолатда Инюшинга раҳм қилишса нафақадан мосуво қилиб, ишдан ҳайдашар, агар қўмондонларнинг жаҳли қаттиқроқ чиқса исталган айб билан жиноий жавобгарликка ҳам тортишлари мумкин эди.
Сокериннинг айтишича, ҳалокатдан сўнг бир муддат СССР армиясидаги барча самолётларга ортиладиган юклар тортиладиган қоида жорий қилинади.
«Ўшанда адмираллар ва генералларни бир нарса муқаррар ҳалокатдан асраб қолиши мумкин эди. Улар самолётга яна бир жуфт қоғоз рулони ва яна 2-3 та мебел жамланмасини ортишганда юкнинг оғирлигидан Ту-104 ҳавога кўтарила олмасди ва шу уларнинг ҳаётини сақлаб қоларди», деган эди Сокерин.
Ҳарбий самолётларга оддий буюмларни ортиб юришга тақиқ қўйилади. Шунингдек, қўмондонларга ўз қўл остидагилар билан битта самолётда учиш тақиқланади. Бироқ кўп ўтмай бу қоидалар «унут бўлади» ва яна ҳамма ўз билганини қила бошлайди. Шунингдек, юкларни ҳам тортмай қўйишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
11:56 / 02.11.2024
Авиация тарихидаги ғалати ҳалокат: учувчи нега самолётни тоғга олиб бориб урганди?
22:43 / 21.10.2024
Суданда саҳнида россияликлар бўлган юк самолёти уриб туширилди
14:21 / 20.10.2024