Адлия вазирлиги ходими ҳамкасбига туҳмат қилишда гумонланиб қамоққа олингани маълум бўлди
Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшанов 2 ой олдин қамоққа олинган. Kun.uz манбасига кўра, у Facebook'да бегона исм-шариф билан аккаунт очиб, Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғини коррупцияда айблаш орқали унга туҳмат қилганликда гумонланяпти.
40 ёшли Ҳусан Равшанов 3 феврал куни қўлга олинган ва унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Kun.uz ихтиёридаги дастлабки тергов ҳужжатларидан кўринишича, Facebook ижтимоий тармоғида “Sanjar Karimov” номли аккаунт эгаси 2022 йилнинг 18 апрел куни ўз саҳифасида мақола эълон қилган. Мақолада 2019 йилнинг январ ойидан 2022 йилнинг апрел ойига қадар Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи бўлган, ҳозирда Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётган Абдумуталиб Дадажонов пора беришда далолатчилик қилганликда айбланган.
2022 йил 3 май куни ҳам “Sanjar Karimov” номли аккаунт эгаси Facebook'да Абдумуталиб Дадажоновни оғир жиноят, яъни такроран пора олишда айблаган. Тергов бу айбловларни туҳмат деб ҳисобламоқда.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшановнинг хизмат хонасидаги фойдаланувида бўлган компьютерда юқоридаги ҳолатларга алоқадор мазмундаги файллар борлиги аниқланган. 3 феврал куни Равшанов Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида терговга жалб қилиниб, ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган.
Тергов Ҳусан Равшановни “Sanjar Karimov” номли аккаунтнинг эгаси деб ҳисоблаяпти. Унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми “г” банди билан қўшимча малакаланган. Маълумот учун, бу банд бўйича айбдор деб топилганларга 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Kun.uz'да мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, Ҳусан Равшанов иши Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ёки Kompromat.uzb ишига алоқадор эмас.
4 апрел куни Адлия вазирлиги ҳолат юзасидан қуйидагича қисқа ахборотни эълон қилди:
“Собиқ ходим Х.Р. ҳамкасблари шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб келганлиги ҳолати аниқланиб, материаллар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилган ва ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинади”.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
20:50 / 07.08.2024
Ўзбошимча эгалланган ер қандай қонунийлаштирилади? Янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат
09:43 / 24.07.2024
Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда
18:02 / 11.07.2024