ZoodMall "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" белгиси нуфузини оширишга бел боғлади
Қаҳрамонимиз асли ўзбек, Тошкент шаҳрида туғилиб ўсган Сардор Муҳаммадалиев тақдир тақозоси билан ўз фаолиятини бошқа давлатларда давом эттирмоқда. Бугунги кунда у Amazon ва Alibaba йўналишидаги ZoodMall (www.zoodel.com) электрон тижорат компаниясининг бош директори лавозимида фаолият юритади.
ZoodMall - Ипак йўли мамлакатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Туркия, Арманистон, Грузия, Мўғулистон, Покистон, Туркманистон, Уммон, Ливан, Сурия, Хитой, Ҳиндистон) ва Россия Федерациясида фаолият юритувчи компаниялар савдосини енгиллаштирувчи етакчи B2B (Business to business) онлайн-савдо майдони.
KUN.UZ мухбири Олмаота шаҳрига сафари чоғида ватандошимиз билан учрашиб, у билан электрон коммерция, Ўзбекистон ва унда рўй бераётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашди.
"Мен бутун ҳаётим давомида етакчи халқаро компанияларда ишлаб келмоқдаман. Албатта, барчаси Тошкентда банк соҳасидан бошланган. Қозоғистонга кўчиб ўтганимдан сўнг Procter&Gamble, Samsung Electronics, Huawei Technologics каби компанияларда ишладим. Procter&Gamble’да - МДҲ мамлакатлари бўйича market-planner, Samsung Electronics'да МДҲ мамлакатлари бўйича мобил сегментга жавобгар эдим, ундан кейин ишлаган Huawei Technologics'нинг истеъмолчилар сегменти бўйича Қозоғистон ва Қирғизистон учун масъул бўлдим. Ҳозир эса интернет-бизнесдаман. Нима учун? Чунки бугунги кунда электрон коммерция шиддат билан ўсиб бормоқда ва у жуда катта салоҳиятга эга.
ZoodMall
ZoodMall'да бошқа электрон савдо майдонларига нисбатан ўзига хос ноёб имкониятлар мавжуд, чунки биз бошқалар таклиф қилмайдиган қатор хизматларни тақдим этамиз.
- Порталимиз 6 тилда, кўп тилли портал;
- 15 та давлатдан мингдан ортиқ кундалик янги тендерлар;
- 2 мингдан зиёд логистик компанияларга чиқиш ва улардан энг ҳамёнбоп нархларга эришиш имконияти.
Порталимиз функционали ва имкониятлари жуда кенг. "Биз ўз соҳамизда энг яхшисимиз" демаймиз, лекин шу мақсад йўлида ҳаракат қиламиз.
Бизнинг экспорт учун икки майдонимиз бор: ZoodMall - бу Ипак йўли мамлакатлари товар ишлаб чиқарувчиларини бирлаштирувчи B2B онлайн савдо майдони. Биз уларга мамлакат ичида савдо қилиш, шу билан бирга, экспортни амалга ошириш имкониятларини берамиз. Бу улгуржи савдо майдони бўйича.
ZoodMall
Шу йилнинг декабрь ойида Қозоғистон почтаси ҳамкорлигида чакана савдо, чакана экспорт билан шуғулланувчи ZoodMall электрон савдо майдонини ишга туширдик. Бу дегани савдо билан шуғулланувчи ҳар қандай ишбилармон ёки ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулоти ҳақидаги маълумотни бизнинг шу номли мобил иловамизга жойлаши мумкин. Шунингдек, улар зарур талабларга жавоб берган тақдирда, йирик глобал майдонларга ҳам чиқиши мумкин - мана бу ҳам ноёб имконият. Бу ишбилармонларга ўз маҳсулотларини 300 миллиондан ортиқ салоҳиятли харидорга чиқариш имконини беради.
ZoodMall ва Ўзбекистон
Ўзбекистон, албатта, биз учун жуда қизиқ мамлакат. Яқиндагина Ўзбекистондан қайтдим, у ерда республика экспорти учун жавоб берувчи ташкилотлар, шунингдек соҳалар бўйича экспорт ўйинчилари, раҳбарлар билан кўплаб юқори даражали учрашувлар ўтказилди. Яқин орада биз Ўзбекистондаги фаолиятимизни йўлга қўйишни режалаштирганмиз ва бу бизнинг фаолиятимизга янгича руҳ бағишлайди, деб умид қиламиз.
Биз 2018 йилнинг биринчи чорагидан Ўзбекистондаги фаолиятимизни бошлашни ва дастлабки 6 ой муддатга савдо майдонимиздан бепул фойдаланишни таклиф қилишни режалаштиряпмиз.
Компанияда умумий 200 нафардан ортиқ киши фаолият юритади. Биз тезкор ривожланаётган компания ҳисобланамиз. Шундай экан, ишчиларимиз сони мунтазам равишда ошиб боради. ZoodMall яқин орада Ўзбекистонда ишчи ўринлар яратишни режалаштирмоқда, насиб қилса, у ерда бизнинг вакилларимиз ва жамоамиз ишлайди.
Ноябрь ойи охирида Тошкент вилояти тадбиркорлари ва вакиллари билан тақдимотлар ўтказдик, тахминан 200 киши иштирок этди. Улар томонидан бизнинг савдо майдонимизга қизиқиш катта бўлди, қатор саволлар берилди. Шундан сўнг Жиззахда ҳам тахминан 100 киши иштирокида учрашув ўтказдик, у ерда ҳам компания фаолиятига катта қизиқиш билдирилди. Биз уларга компаниямизда қандай имкониятлар борлиги, электрон коммерция қандай ривожланаётгани ҳақида маълумотлар бердик.
Тадқиқотларга кўра, 2020 йилга бориб, трансчегеравий электрон савдо бозори 1 триллион долларни ташкил этади, бу эса улкан салоҳият ва Ўзбекистон экспорти учун жуда катта имконият.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг дунёга очилаётгани яққол сезилмоқда. Биз бу ерда бўлаётган ислоҳотларни кузатиб келмоқдамиз. Айтиш мумкинки, ватанимда жуда яхши ислоҳотлар амалга оширилмоқда - инвестицион иқлим яхшиланмоқда, валюта ислоҳотлари амалга оширилмоқда - табиийки, буларнинг бари Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада оширади. Фикримча, яқин йилларда Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳияти янада ўсади, келгусида унинг соҳада етакчи бўлиш учун катта имкониятлари бор.
Ўзбекистонда инвестицион муҳитни яхшилашга доир тавсиялар
1. Сармоядорлар учун имтиёзларни ошириш керак;
2. Эркин иқтисодий зоналар сонини ошириш, шароитларни яхшилаш керак;
3. Зарур коммуникацияни йўлга қўйиш керак, яъни Ўзбекистоннинг дунёга очиқ эканини, у ерда шарт-шароитлар яратилаётгани ҳақида бошқа мамлакатлардагиларнинг хабардорлигини ошириш учун Invest in Uzbekistan миллий промоушени йўлга қўйилиши лозим;
4. Глобал экспертлар - сармоячилар, венчур фондларни Ўзбекистонга таклиф қилиш, қандай имкониятлар борлигини муҳокама қилиш;
5. Инвестицион лойиҳалар ва форумлар, ишчи доиралар муҳокамасини йўлга қўйиш;
6. Асосий йўналишлар бўйича маслаҳат ва тавсиялар берувчи юқори малакали хорижий консультантларни таклиф қилиш;
7. Инвестициялар бўйича кафолатлар бўлиши керак, чунки сармоядорнинг ҳам ўз манфаатлари бўлади. Бу ерда давлат томонидан кафолат ва максимал имтиёзлар берилиши керак;
8. Ўзбекистон Doing Business'даги кўрсаткичини янада яхшилаши, аниқ мақсад қўйиб, камида Топ-50 рўйхатидан жой олиши мақсадга мувофиқ;
9. Қонунчиликда муайян ўзгартиришлар киритиш.
Бизнесда энг асосийси нима?
Мен учун энг асосийси:
- Жамоамиз;
- Мотивация;
- Мақсадга эришиш.
Бизнес одамлар томонидан йўлга қўйилади. Шундай экан, асосий қадриятлар - одамлар ва улардаги етакчилик фазилатларини ривожлантириш ва рағбатлантириш.
Ишбилармоннинг бир куни...
Албатта, ҳар доим ҳам 8 соат ухлашнинг уддасидан чиқа олмайман. Эрталабки соат 5:00да уйқудан туриб, нонушта қиламан-да, шундан сўнг спорт билан шуғулланаман - одатда югураман, аввал бошқа спорт турларига ҳам вақт ажратар эдим, ҳозир эса бунга вақт йўқ. Зеро компаниямиз жуда катта мақсадларни ўз олдига қўйган - биз ўз сегментимизда етакчи бўлишни кўзлаганмиз ва шу йўналишда ишламоқдамиз. Биз 3-5 йилда компаниямизни халқаро IPO'га олиб чиқишни ният қилганмиз.
Иш жараёни жуда интенсив бошланади, одатда соат 9:00да компания ходимлари бир жойда тўпланиб, ўзаро тажриба алмашишга 5 дақиқа вақт ажратамиз, бирор янги билимга эга бўламиз. Ҳар куни эрталаб албатта e-mail'ларни кўздан кечириб чиқаман. Шундан сўнг учрашув ва музокаралар бошланади, жамоа билан ишлаймиз ва ҳ.к. Кечқурун ҳам ишлайман, баъзан учрашувларни кечки пайт ўтказишга тўғри келади. Иш куни тугагандан кейин ҳам ишлайман, чунки мен севимли ишим билан шуғулланаман ва бундан завқ оламан. Эришаётган натижаларимиз бизга янада кўпроқ илҳом бағишлайди. Биз ундан-да юксак мақсадлар қўйиб, кун сайин унга эришиш учун ҳаракат қиламиз. Биз ҳозирча рақибларимиз каби йирик компания эмасмиз, бироқ бизнинг ўзимизга яраша ютуқларимиз бор, биз олдинга қараб ҳаракат қилмоқдамиз.
Бугунги кунда бизнинг вазифамиз ўзбекистонлик товар ишлаб чиқарувчиларга "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" белгиси нуфузини ошириш ҳамда уларнинг маҳсулотларини Ипак йўли мамлакатларида ва умуман глобал даражада илгари суришда ёрдам беришдан иборат.
Спорт
Авваллари спортнинг ҳар хил турлари билан шуғулланар эдим. Сўнгги вақтларда эса ҳаваскор триатлон, скайраннинг ва хайкинг билан шуғулланаман. Триатлон жуда кўп вақт талаб қилади, зеро у уч йўналишни ўз ичига олган - сузиш, велосипед ҳайдаш, югуриш. Триатлон бўйича Олимпия масофасини босиб ўтганман - бу 1,5 километрга сузиш, 40 километрни велосипедда босиб ўтиш ва 10 километр масофага югуриш - буларнинг барини тўхтамасдан амалга ошириш керак.
Мутолаа
Ҳар куни бизнес-материалларни мутолаа қиламан. Ҳар доим ҳам китоб ўқиш учун имкон бўлмайди, шунинг учун мен китобларнинг аудиоверсияларини тинглайман. Ҳар куни эрталаб югуриш ва бадантарбия билан шуғулланиш баробарида аудиокитобларни тинглайман ва ўзим учун янги фойдали маълумотларга эга бўламан.
Оила
Ҳар доим уддасидан чиқмасам-да, имкон қадар оилам билан бирга вақт ўтказишга ҳаракат қиламан. Одатда ҳафтада бир кун - шанба ёки якшанбани оила аъзоларим билан табиат қўйнида ўтказиш учун ажратаман, чунки оила - мен учун муқаддас ва муҳим. Оилам менга доим ёрдам беради, қўллаб-қувватлайди, илҳом бағишлайди. Оилам, қизларимнинг эришаётган ютуқларини кўриб, хурсанд бўламан, уларни қўллаб-қувватлайман.
Ишбилармоннинг ёшларга тавсиялари
- Ҳар бир ёш ўз олдига аниқ мақсад қўйиш керак - ким бўлмоқчи, қандай мақсадларни кўзламоқда ва қачон ҳамда қандай қилиб уларга эришишни режалаштирмоқда;
- Ўз соҳасида етук ва юқори малакали мутахассис бўлиш керак. Бирор соҳани эгаллаш учун инсон шу нарсага камида 10 минг соат сарфлаши керак. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳеч қачон ўзингизни бошқалар билан солиштирманг, шунчаки кечаги ўзингиздан яхшироқ бўлишга интилинг;
- Тўхтовсиз билим олиш (интернет, ТВ, китоблар ва б. орқали). Инсон ҳар куни тишини тозалашга одатлангандек янги билим олишга чанқоқ бўлиши керак. Шунда мия яхши фаолият юритади, инсон эса ўсишдан тўхтаб қолмайди. Шундай инсонлар борки, 75 ёшда бўлса-да, мияси 25 ёшда ривожланишдан тўхтаган. Маслаҳатим - 75 йил бир хил умр кечирманг - ўсинг, ўқиб-ўрганинг, ривожланинг;
- Спортни ҳаёт мазмунига айлантириш, чунки соғлом танда - соғ ақл. Ҳар бир инсоннинг спортда ўз йўналиши, ўз қизиқишлари бўлиши керак. Кейинчалик барча топилган пулларни даволанишга сарфлагандан кўра, ҳозирдан спорт билан шуғулланишни одат қилиш керак, чунки соғлиқни пулга сотиб олиб бўлмайди, ҳатто биткоинга ҳам...
- Тўғри овқатланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳа, Ўзбекистон шароитида бу жуда қийин, чунки ўзбек халқи меҳмондўст халқ - ҳар куни тўй-ҳашамлар ва зиёфатлар, боз устига, ўзбек миллий таомлари бир-биридан мазали. Шундай бўлса-да, инсон соғлом бўлиши ва ўзини яхши ҳис қилиш учун кўпроқ мева ва сабзавотлардан истеъмол қилиши керак. Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган мева ва сабзавотлар жуда мазали, шунинг учун ҳам Made in Uzbekistan бренди остидаги мева-сабзавотлар бошқалардан қимматроқ бўлади;
- Яқинларингиз билан муносабатларингизни қадрланг. Ота-она, оила аъзоларингиз, қариндош-уруғ ва дўстларингиз билан ҳамиша яхши алоқада бўлинг, чунки ҳаёт турли синовларга тўла, яхши-ёмон кунларингизда шу инсонлар ёнингизда бўлиб, сизга далда беради.
- Асосийси – HardWorking (меҳнатсеварлик). Яхши биламизки, ўзбек халқи жуда меҳнаткаш халқ. Инсон бутун умрини муайян соҳага бахшида этса, албатта, бу ўз натижасини беради. Дангасалик қилмай, ўзида бор ресурсларни шу соҳага "тикиб" ишласа, натижа бўлади. Кичкина бўлса-да ғалабаларингизни жамоангиз билан бирга нишонланг, қандайдир натижага эришганингизни эътироф этинг, чунки бугун кечагидан яхшироқсиз!
Мавзуга оид
13:27 / 07.01.2022
«Бирор фикрни қабул қилиш учун, қалб очилиши керак» — ғояларни етказиш ҳақида
18:55 / 31.12.2021
“2016 йил бизнесдан четлатилдим, ишсиз қолдим, шофёр бўлишга ҳам тайёр эдим...”
10:30 / 31.12.2021
«Савдони ошириш учун маҳсулот турини кенгайтириш эмас, балки уни оптималлаштириш зарур» - эксперт
20:50 / 24.12.2021