Ўзбекистон | 12:40 / 27.04.2021
4746
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича президент қарори қабул қилинди. 2021 йилда 457 мингта доимий янги иш ўринлари ташкил этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент қарори билан 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури қабул қилинди.

Дастурга кўра:

457,1 мингта доимий янги иш ўринларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Янги кичик корхоналарни ташкил этиш ҳамда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига 210 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилади;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича 513,5 мингта фуқарога хизматлар кўрсатилади. 280 мингдан ортиқ фуқаро бўш ва захира иш ўринларига ишга жойлаштирилади, 110 мингдан ортиғи ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинади.

“Барча учун иш” тамойили асосида 1 ноябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдони ишга туширилади:

  • ишсизлар учун ишлар, масофадан туриб бажариладиган ишлар, уйда бажариладиган ишлар, касаначилик ишлари, фрилансерлик фаолияти, иш графиклари, талаб этиладиган малака даражаси, иш ҳақи миқдори ва бошқалар;
  • ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолият турларини реклама қилиш ва уларнинг хизматига эҳтиёжи бор иш берувчилар ўртасида кунлик ва узоқ муддатли оферта шартномаси тузиш ва бошқалар.

Аввалроқ, “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинганди.

Қарор доирасида жами 322,9 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шундан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 257,7 млрд сўм ва Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобидан 65,2 млрд сўм ажратилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид