Ўзбекистон | 19:05 / 07.02.2020
26783
5 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар ноқонуний ер ажратгани учун нега жавобгарликка тортилмаган?

Бош прокуратура вакили берган изоҳга кўра, прокурорлар ҳокимлар қарорлари устидан жуда кўп протест келтирганига қарамай, жавобгарликка тортиш механизмлари бўлмаган.

Ердан ноқонуний фойдаланилиши ҳолатлари таҳлилидан маълум бўлишича, сўнгги йилларда бирорта ҳам ҳоким бундай қонунбузарлик учун жавобгарликка тортилмаган.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Муродилла Абдулҳакимов буни айни йўналишда ҳокимларни жавобгарликка тортиш механизми бўлмагани билан изоҳлади.

Kun.uz мухбирининг: «Охирги йилларда ердан ноқонуний фойдаланишга оид қонунбузарликлар таҳлилига юзлансак, бирорта ҳам ҳокимнинг жавобгарликка тортилмагани, фақат қуйи бўғиндаги майда амалдорлар жазога тортилаётгани маълум бўлади. Аслида ер учун ҳоким бевосита жавобгар эмасми?» деган саволига Бош прокуратура вакили қуйидагича жавоб берди.

«Жуда яхши масалани кўтардингиз. Ҳақиқатан ҳам бу [сўнгги йилларда ҳокимларнинг ер ажратиш бўйича жавобгарликка тортилиши ҳоллари] бўлмаган. 2019 йил 4 июндан Жиноят кодексига янги модда қўшилиб, ер бериш тартибини бузганлиги учун жавобгарлик чораси киритилди. Бунинг ичида суғориладиган ерни ноқонуний берса, жазо оғирроқ бўлиши ҳам бор. Қонунчилигимизда бу нарса йўқ эди, янги киритилди.

Бундан ташқари, муҳтарам юртбошимизнинг 2019 йил 17 июндаги фармонига асосан, ҳокимликларнинг суғориладиган ерларни бошқа мақсадлар учун ажратиш ваколати чеклаб қўйилди.

Гапингизда жон борлигининг сабабини айтаман: биз таҳлилда жуда кўп кўрганмиз, чунки прокуратура томонидан ҳоким қарори ноқонуний қабул қилингани бўйича жуда ҳам кўп протест келтириларди.

Нима учун ер ажратаётган мансабдор шахсларга жавобгарлик бўлмаслиги керак? Жавобгарлик белгиланиши айнан Бош прокуратуранинг қонунчилик ташаббуси билан бўлди. Ўтган йилнинг 4 июнидан бошлаб, агар шу ҳолат аниқланадиган бўлса, мансабдорлар жавобгарликка тортилади», – деди Абдулҳакимов 7 февраль куни матбуот анжуманида.

Ерлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик масалалари ва бу борадаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар мавзусида Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган анжуманда Бош прокуратура ва «Давергеодезкадастр» мутахассислари қатнашди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, Президентнинг 2019 йил 13 августдаги хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қуйидаги ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади:

  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш.

Маҳаллий ҳокимият ва бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари Конституциянинг хусусий мулк дахлсизлиги нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга жойлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрь куни қабул қилинган 911-сонли қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ёки бошқа давлат органи томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаганлиги сабабли бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш йўли билан ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Муродилла Абдулҳакимов қишлоқларда 17 млн аҳоли яшаётани ва ер уларнинг асосий даромад манбайи эканига эътибор қаратди.

«Ўзбекистондаги мавжуд 44 млн. гектардан ортиқ ер майдонларининг фақат 9 фоизигина суғориладиган экин ерлардир ва бу майдон кундан-кунга қисқариб боряпти. 1990 йилдан кейинги маълумотларни таҳлил қилсак, турли омиллар сабаб экин ерлари 157 минг гектарга қисқариб кетган.

17 млн аҳолимиз қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва уларнинг асосий даромад манбайи шу ерлардир.

Яна бир маълумотга эътибор беришингизни сўрайман: охирги 15 йил ичида жон бошига ер майдони 23 сотихдан 16 сотихга тушиб қолган, ёки 24 фоизга қисқарган. Бу салбий ҳолат ўз-ўзидан озиқ-овқат хавфсизлигига ёмон таъсир ўтказади», – деди у.

Мавзуга оид