Фермерларни ишчи олишга мажбурлаш ҳақидаги таклиф қайта кўриб чиқилади
Kun.uz'да эълон қилинган “Бозор иқтисодиётига зид: Фермерларга ходимлар сони бўйича талаб қўйилиши мумкин” номли материалдан кейин, 14 май куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан масъул идоралар ва фаол фермерлар иштирокида муҳокама ташкил этилди.
Видеоалоқа шаклида ўтган мулоқотда Солиқ қўмитаси томонидан киритилган ҳукумат қарори лойиҳаси – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Фермерлар кенгаши масъуллари ва фаол фермерлар томонидан муҳокама қилинди.
Солиқ қўмитаси ходимлари лойиҳадан мақсад яширин иқтисодиётга қарши курашиш, яшириб ишлатилган ишчилар эртага пенсия таъминотидан узилиб қолишининг олдини олиш эканини айтишди. Аммо бунга жавобан пенсия жамғариш масаласи ҳар бир ишчининг шахсий масаласи экани айтилди. Агар ишга ёлланаётган шахснинг бу борада керакли билими бўлмаса, у ҳолда касаба уюшмалари бунга кўмакчи бўлишлари, Бандлик вазирлиги эса мунтазам назорат текширувларини ташкил қилиши кераклиги таъкидланди.
Солиқ қўмитаси масъулларининг сўзларига кўра, Бухорода 1500 гектар ери бор фермернинг фаолияти ўрганилганида, штати бир кишидан иборат бўлган. Бунга жавобан иккинчи томон битта-иккита ҳолат билан хулоса қилмаслик кераклиги, қолаверса дунё тажрибасида юқори механизация орқали қишлоқ хўжалигида кам сонли ишчи билан минглаб гектар ерлар истифода этилиши айтилди.
Фермерлар томонидан Солиқ қўмитасига эътироз билдирилиб, ушбу лойиҳа қабул қилинмаган ҳолатда ҳам соҳа қийин аҳволда экани, маҳсулотлар нархи арзонлиги ва кам фойда кўрилаётгани оқибатида “қизил чизиққа” келиб қолган хўжаликлар кўплиги таъкидланди. “Масалан, дўконларда Эрондан келтирилган сутлар сотилмоқда”, деди фермерлардан бири.
Солиқ қўмитаси ходимлари агар фермер инновацион технологиялардан фойдаланса, ушбу лойиҳада кўрсатилган мажбуриятлардан соқит қилинишини айтишди. Аммо лойиҳада айнан қайси инновациялар хақида гап кетаётгани аниқ кўрсатилмагани боис, бу пастки бўғинларда коррупцияни авж олдириши мумкинлиги айтилди.
Қолаверса, 2016 йилгача фермерлар фақатгина ер солиғини тўлаб келган бўлса, ҳозирга келиб улар томонидан тўланадиган солиқлар тури 8 тага етгани ва солиқ юкламаси оғирлик қилиб, ривожланишни қийинлаштираётгани таъкидланди.
Муҳокама давомида қуйидагича таклифлар янгради:
- қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган ишчи ходимларнинг ойлик маошидан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз этиб белгилаш;
- касаба уюшмалари ва Бандлик вазирлиги ишини жонлантириш, солиқ юки туширилгандан кейин ҳам ишчиларни норасмий ишлатишда давом этган фермерларга жарима қўллаш;
- давлат-хусусий шерикчилик асосида кунлик ишчиларни бошқариш бўйича корхоналарни ташкил қилиш ва бу корхоналарни солиқдан озод қилиш: фермерларга ушбу ширкатлар билан шартнома қилиб ишлаганда банкдан маблағ йўналтириш қулай бўлади, фермерлар кунлик ишловчиларни рўйхатга олиши учун содда электрон иловани йўлга қўйиш (бунда фермер кунлик ишчини ёллаганида унинг паспорт маълумотларини иловага киритиши ва автоматик тарзда иш ҳақи учун кредит олиб, ишчига маошини тўлаб юбориши мумкин);
- фермер ишлаб чиқариш корхонасини ташкил қилса, унга нисбатан солиқ имтиёзлари жорий қилиш: бу билан умумий ишлаб чиқариш ортиб, қўшимча ишчи ўринлари яратилади (дала дўкони, пекарня ва ҳ.к).
Шу тариқа, муҳокама этилаётган фермерларни ишчи олишга мажбурлаш ҳақидаги таклиф қайта кўриб чиқилиши таъкидланди.
Шокир Шарипов тайёрлади.
Мавзуга оид
12:10 / 25.10.2024
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги вазири тайинланди
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
17:23 / 15.10.2024
Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди
14:01 / 13.10.2024