ФВВ Россиядаги авариядан кейин Ўзбекистонда радиация фони даражаси меъёрдан ошмаганини билдирди
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 8-20 август кунлари мамлакат ҳудудида гамма-нурланиш экспозицион дозаси қийматларининг санитария меъёрларидан ошгани қайд этилмагани ҳақида хабар берди.
Маълум қилинишича, 8-20 август кунлари мамлакатимиздаги радиация фони даражаси бироз кўтарилган, аммо меъёрдан ошиб кетмаган.
«Ўзгидромет томонидан амалга оширилган радиация фони даражасининг мониторинги шуни кўрсатдики, Республика бўйича гамма-нурланиш экспозицион дозаси қувватининг ўртача ойлик даражаси 0,16 мкЗв/с (микрозиверт/соат)ни ташкил қилган, ҳамда 0,08 мкЗв/с'дан 0,24 мкЗв/с'гача ўзгариб турган. 8-20 август даврида Республика бўйича гамма-нурланиш экспозицион дозасининг ўртача қиймати 0,30 мкЗв/с рухсат берилган кўрсаткичда 0,15 мкЗв/с'ни ташкил қилган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткичнинг максимал қиймати 8-10 август кунлари 0,16 мкЗв/с'га тенг бўлган.
Синоптик вазият ва йўлдошдан олинган маълумотлар таҳлили шу кунларда Ўзбекистон ҳудуди жануби-ғарбий ҳаво оқимлари таъсирида бўлгани, Каспий денгизи ва Эроннинг жанубий районлари устида шаклланган ҳаво оқими кириб келганини кўрсатди. Россиянинг Европа ҳудуди (Северодвинск) шимолий районларидаги ҳаво оқимлари Ўзбекистон ҳудудига кирмаган.
Шундай қилиб, 8-20 август даврида Ўзбекистон ҳудудида гамма-нурланиш экспозицион дозаси қийматларининг санитария меъёрларидан ошгани қайд этилмаган. Ҳавода техноген радионуклидлар мавжудлигини аниқлаш учун тегишли ўлчовлар амалга оширилмоқда», - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Россия Федерациясининг Северодвинск шаҳри яқинидаги Россия Мудофаа вазирлигига қарашли объектда портлаш юз берган ва 2 нафар ҳарбий билан «Росатом»нинг 5 нафар ишчиси ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг «Росгидромет» Северодвинскда гамма-нурланиш дозаси меъёрдан 4-16 баробар ошиб кетгани ҳақида хабар қилди.
13 август куни АҚШ президенти Доналд Трaмп ўз твиттерида Архангелскда «Буревестник» ядро реакторли ракетаси портлаб кетгани ҳақида ёзди.
«Қўшма Штатлар Россиядаги ракета портлашидан кўп нарсани ўрганмоқда. Бизда шунга ўхшаш, фақат илғорроқ технологиялар мавжуд. Россияда Skyfall портлаши синов ҳудудида яшовчи ва ундан анча узоқдаги одамларни хавотирга солмоқда. Яхши эмас!» - деганди Трамп.
19 август куни Ядро синовларини буткул тақиқлаш шартномаси ташкилоти ижро котиби Лассина Зербо твиттер саҳифасида Севердовинскдаги портлаш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган радиоактив булутнинг жуда катта масофага тарқалиш эҳтимоли борлигини эълон қилган эди. Картада зарарланиш ҳудудига Ўзбекистон ҳам кириши мумкинлиги кўрсатилган эди.
To requests on #IMS detection beyond #CTBT, data in, or near the path of potential plume from the explosion are being analyzed . We’re also addressing w/station operators technical problems experienced at two neighboring stations. All data are available to our Member States. https://t.co/pHL4WrHU23 pic.twitter.com/9aO5cQTlls
— Lassina Zerbo (@SinaZerbo) August 18, 2019
Владимир Путин 2018 йилнинг март ойида парламентдаги чиқишида ядровий двигателга эга ракета синовлари муваффақиятли ўтгани, бу ракетани мавжуд ракетага қарши тизимларнинг (ПРО) ҳеч бири уриб туширолмаслигини айтганди.
19 август куни Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашуви доирасида ҳарбий полигонда юз берган портлашдан сўнг радиация фони меъёрдан ошмагани ҳақида баёнот берди.
Мавзуга оид
19:35 / 06.10.2024
Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилмоқда
13:49 / 01.10.2024
“Росатом” вакили: “Қирғизистонга АЭС албатта керак”
21:57 / 26.09.2024
Samsung ходимлари радиацияга учрагани туфайли компания жаримага тортилди
07:41 / 11.09.2024