Жаҳон | 21:57 / 26.09.2024
2541
2 дақиқада ўқилади

Samsung ходимлари радиацияга учрагани туфайли компания жаримага тортилди

Ходимларга таъсир кўрсатган радиацион нурланиш даражаси йиллик нормадан ошиб кетган. Натижада Samsung заводининг икки ходими шифохонага ётқизилган.

Фото: Bloomberg

Samsung Electronics ходимлари хавфсизлик қоидалари бузилгани туфайли радиацияга учраган. Бу ҳақда Жанубий Корея регуляторларига таяниб, Bloomberg хабар берди.

«Samsung Electronics Co. ядровий хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда ярим ўтказгичлар ишлаб чиқарувчи завод ходимлари радиация таъсирига учрашига йўл қўйиб берган», — дейилади хабарда.

Ядровий хавфсизлик бўйича комиссия компанияга 10,5 миллион вон (7,9 минг доллар) миқдорида маъмурий жарима белгиланишини маъқуллаган.

Гап Samsungʼнинг Сеулдан 40 километр жанубда жойлашган Йонин шаҳридаги заводи ҳақида кетмоқда. Таъкидланишича, кўнгилсиз ҳолат 2024 йилнинг майида содир бўлган. Ходимларга таъсир кўрсатган радиацион нурланиш даражаси йиллик нормадан ошиб кетган. Натижада заводнинг икки ходими шифохонага ётқизилган.

Samsungʼнинг маълум қилишича, компания жабрланганларга ёрдам кўрсатади ва тергов билан ҳамкорлик қилади.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Жанубий Кореянинг Samsung Electronics ходимлари компаниянинг 55 йиллик тарихида биринчи марта иш ташлаш ўтказган эди. Сентябр ўрталарида эса Samsungʼнинг Ҳиндистондаги 1,5 мингга яқин ишчиси иш ташлаш акцияларини ўтказишни бошлаганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид