Ўзбекистон | 16:54 / 05.04.2023
4559
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш доирасида Гуржистон билан музокараларни якунлади

Тошкентда Жаҳон савдо ташкилотигра қўшилиш доирасида Ўзбекистон ва Гуржистон ўртасида музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзоланди.

Фото: Дунё

Тошкентда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда Гуржистон бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Леван Давиташвили раислигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувда инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий ва маданий-ҳуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга етказишга келишиб олди. Ушбу мақсадга эришиш учун икки ҳафта муддатда ўзаро савдо миссияларини, икки давлат саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этиш чора-тадбирларини қамраб олган 2023-2024 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш таклиф этилди.

Гуржистон ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қўшма лойиҳа ва ташаббусларга жалб этиб ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Биринчи босқичда Самарқанд ва Батуми, Бухоро ва Мцхета ўртасида икки томонлама шериклик алоқаларини ўрнатиш таклиф этилди.

Томонлар саноат кооперациясини йўлга қўйиш долзарблигини, унинг доирасида илғор фармацевтика маҳсулотлари, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича кластерлар яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, «Боку-Тбилиси-Карс» транспорт йўлаги ва Гуржистоннинг ривожланган Қора денгиз бандаргоҳи инфратузилмасидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, йиғилиш якуний баённомаси, Ўзбекистон ҳукумати ва Гуржистон ҳукумати ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га қўшилиши доирасида Гуржистон ва Ўзбекистон ўртасида товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома имзоланди.

Мавзуга оид