Жамият | 20:15 / 14.01.2021
15138
4 дақиқада ўқилади

Шайхонтоҳурда ҳам «домлар ичра дом» қурилмоқда. Аҳоли норозилиги инобатга олинмади

Тошкент марказида, Абай кўчасига туташ мавзеда «дом»лар орасига кўп қаватли турар-жой қуриш бошланди; аммо маҳалла аҳли қурилишдан норози. Қурувчи ва фуқаролар ўртасидаги низо анча олдин бошланган, қарор чиқариб берган ҳокимлик эса томошабин бўлиб турибди.

Kun.uz'га Шайхонтоҳур тумани 13-мавзе 11- ва 13-уйларда яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.

Аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган 20 сотих ҳудудда кўп қаватли турар жой биносини қуриш учун «Donik House» МЧЖга Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан ер ажратилган.

Айни вақтда «Donik House» МЧЖ ўз номини «Vinci Buildings INC» МЧЖга ўзгартирган.

Мазкур ҳудуд 2018 йилдан буён баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бундан олдин ҳам бир нечта қурилиш компаниялари келиб, аҳоли билан муросага эришолмагач, ташлаб кетишган. Фуқаролар бу қурилишдан норози бўлиб, бир неча бор туман ҳокимлигига, шаҳар прокуратурасига ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилишган.

«ТОШКЕНТБОШПЛАНЛИТИ» бу ерга «дом» қуриш шаҳарсозлик қоидаларига зид, дея хулоса берган.

«Aгар бу ердан кўп қаватли уй қуриладиган бўлса, унда автомобил янада кўпаяди, болалар ўйнайдиган жой қолмайди, у уйдан бу уйнинг ётоқхонаси кўриниб туради», – дейди фуқаролардан бири.

Фуқароларнинг Тошкент шаҳар прокуратурасига йўллаган мурожаатидан сўнг, шаҳар ҳокимининг «Donik House» МЧЖга кўп қаватли турар жой биносини қуриш учун рухсат берилгани ҳақидаги қарорини бекор қилиш бўйича протест келтирилган. Aммо шаҳар ҳокимининг қарори бекор қилинмаган.

Таъкидланганидек, «ТОШКЕНТБОШПЛAНЛИТИ» ДУК ҳолатни жойига чиқиб ўрганган ва объект жойлашуви шаҳарсозлик норма-қоидаларига зидлигини билдирган. Аммо туман ҳокимлиги бу қурилишни қонуний деб ҳисобламоқда.

«Бу ҳудуд МЧЖга ажратиб берилган. Қуриладиган кўп қаватли уйларнинг 20 фоизи ҳокимлик балансига ўтказилади. Шунингдек, МЧЖга кўплаб инвестицион мажбуриятлар ҳам юклатилган. МЧЖ бу мажбуриятларни 2021 йил декабргача амалга ошириши керак.

Қурилишни бошлаш учун барча ташкилотлардан рухсат олинган. Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ва экспертлар хулосаси олинган. Лойиҳалар тасдиқланган. Ҳаммаси қонуний», – дейди туман ҳокимлигининг қурилиш мажмуаси бўйича котибият мудири Музаффар Ҳамидов.

Сўнгги йилларда Тошкентда кун сайин авж олиб бораётган бу бешафқат қурилишлар кўплаб маротаба аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шаҳарда тугмадеккина бирор бўш ер борки, мутасаддилар дарҳол кўп қаватли уй қуриш пайига тушишган. Шунинг баробарида Тошкентнинг бош режаси ишлаб чиқилиши йилдан йилга кечикяпти, ваъдалар ваъдалигича қоляпти.

Фуқаролар учун аламли жойи шундаки, улар ўзлари учун қадрли бўлган масканни бой бериб қўйганларини унинг «янги эгаси» келиб, темир тўсиқлар билан ўраб олгандагина англамоқдалар.

Фуқароларнинг ҳоҳиш ва истакларига тупуриб қўйгани ҳолда қарор чиқариб берган ҳокимлик эса тадбиркор ва аҳолининг «жиққа мушт» бўлишига томошабин бўлиб ўтиришдан нарига ўтмайди.

Бу ўринда катта майдонга чиқиб келиши керак бўлган бошқа масъул вазирлик ва идоралар ҳам жим туришни маъқул кўраётганлари эса янада таажжубли.

Энг ёмони, бу муаммо бир неча йиллардан бери мавжуд, унинг хажми эса ҳафта сайин муттасил ошиб бормоқда.

Kun.uz Абай кўчадаги мазкур қурилиш бўйича суриштирувларини давом эттиради. Воқеалар ривожини кузатишда давом этинг.

Раҳматилло Исроилов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Жамшид Абдиев

Мавзуга оид