Ўзбекистон | 22:30 / 27.09.2024
9519
5 дақиқада ўқилади

“Уй-жой бозори ҳалиям ёввойи ҳолатда” – экспертлар билан катта суҳбат

Шаҳар бош режаси эълон қилинмаган бир шароитда Тошкентда қурилиш ишлари ўта тезлик билан давом этяпти. Айниқса, кўп қаватли уйларни қуриб-сотиш катта фойда келтирадиган бизнеслар рўйхатида олдинлаб бормоқда. Бироқ пойтахтда борган сари бўш ерни топиш муаммога айланяпти. Kun.uz шаҳарсозлик муаммолари, қурилишлар, янги уйлар хусусида навбатдаги суҳбатни ўтказди. Иштирокчиларга кўра, ҳозир ногирон шаҳарда яшаяпмиз. Уй-жой қурилиш бозори ҳалиям ёввойи ҳолатда.

Шаҳар бош режаси пойтахтнинг бундан кейинги бир неча ўн йиллик архитектурасини тасдиқлайди. Уни ўзгартириш мумкин эмас, юзага келадиган муаммолар эса шу режа асосида ечилиши лозим. Бироқ йилларки ҳужжат пайсалга солинади. Бугун Тошкентда расман рўйхатдан ўтиб яшовчилар сони 3 миллиондан ошади. Талабалар ва рўйхатдан ўтмаганлар инобатга олинса, 4 миллионга яқин. Бу кўрсаткич билан Тошкент қўшни давлатлар пойтахтларидан 1-2 миллион кўпроқ аҳолига эга. Лекин ҳозирги Тошкент аслида 2,5 миллион одам учун қурилган. Инфратузилма, канализация, ижтимоий объектлар – ҳаммаси шунга мосланган эди. Демак, бор имконият қўшимча босим билан ишлатиляпти.

Шаҳарсоз Мурадхан Усмановга кўра, шаҳар ҳудудининг кенгайтирилиши – оқилона қарор эмас. Лекин марказдан узоқлашиш, административ биноларнинг кўчирилиши босимни бироз камайтириши мумкин. Янги қурилаётган биноларга келсак, улар аҳоли талаб ва ижтимоий ҳолатига номуносиб. Бундан ташқари, оилада одамлар сони, ўзбекона менталитетга ҳам ҳозирги кўп қаватли уйлар тўғри келмайди. Усмановнинг фикрича, маҳаллаларни сақлаб қолиш муҳимроқ.

Санъатшунос-архитектор Шуҳрат Абдуллаев янги қурилаётган уйлар талабга умуман жавоб бермайди, деган фикрга қўшилмайди. У текширув комиссияси ҳалиям ҳалол ишлаётганига ишонади. Асосий муаммо ерни қазиш босқичида, дейди архитектор.

Уй-жой савдоси бўйича мутахассис Аброр Зоҳидовнинг гапига кўра, Тошкентда қурилишлар бирданига кўпайишига сабаб – давлатнинг аҳоли сони ошишига мос равишда уй қурмагани. Бир неча ўн йиллар биз қурилиш қилмадик, аҳоли эса кўпайиб борди. Масалан, Тошкентнинг уйлар қурилишига тўйиниши учун ҳали 5-10 йил бор, дейди Зоҳидов. Унинг қўшимча қилишича, нарх-наво тушишини кутиш ноўрин. Айни пайтда бозор яна ўсишни бошлаган. Табиий равишда ёзда бозор совиган, яъни нарх ўсишдан тўхтаган эди.

Давлатда уй харидорлари йўқ бино, йўқ объектга тўлов қилишади. Тадбиркорлар эса мижозларнинг пулини йиғиб, шу маблағга уй қуриши сир эмас. Айни шу тизим бугун қурилиш компанияларининг деярли ҳаммасида ишлайди. Бироқ фирибгарлар ҳам йўқ эмас. Мутахассис фикрига кўра, Ўзбекистонда алданишлар сони у қадар кўп эмас, лекин битта ҳолат ҳам одамларга жуда ёмон таъсир қилади.

Париж ва Тошкент аҳолиси деярли тенг миқдорда. Лекин Парижда бинолар кўпи билан 6-7 қават. Ҳудуди бўйича шаҳар Тошкентдан кичкина ҳам, лекин инвестор-девелоперлар учун майдон шаҳар чеккасидан берилган. Молия марказларига бош кўчаларда жой йўқ. Бу тўғри қарор, дейди шаҳарсоз Усманов.

Янги уйлар қурилишининг энг хавфли томонига келсак, иқтисодий жиҳатдан фойда олишни кўзлаб икки қаватли уйларни бузиб, жойига кўп қаватли бино қуриш – мавжуд канализация, йўл, мактаб, боғча, поликлиника, шифохона ва бошқа ижтимоий муҳим инфратузилмаларга қўшимча босимни оширади. Ҳукумат аввало шуни назоратга олиши керак. Бино қурилишини назорат қилувчи ташкилотлар эса биринчи навбатда зилзилага чидамлилик, қурилиш материаллари, цемент ва арматуранинг сифатини текшириши жоиз. Умуман олганда, уй-жой қурилиш бозори ягона қоидалар асосида ишламайди, ёввойи ҳолатда қолмоқда.

Президент иштирокида ўтган видеоселекторда одамлар уй олишда алданиб қолмаслиги учун кафолатли эскроу тизими йўлга қўйилиши айтилди. Бироқ бу зарарига ўйнаши мумкин. Катта эҳтимол билан банкларнинг ўзи қурувчига айланиши, янги уйлар бозорида нарх-наво ошиб кетиши, қурилишлар камайиши, яширин иқтисодиёт ҳажми яна ошиши мумкин. Чунки янги уйларнинг жозибадорлиги уларнинг 1-босқич қурилиш даврида эди. Ўша босқичда мижозлар арзонга харид қилиб, фойда олар эди. Энди тадбиркор қурилиш давридаги инфляцион хавф, нарх-навонинг ошишини ҳам ҳисобга олади ва табиийки уйлар нархи ҳам ошади.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид