Ўзбекистон | 14:05 / 14.08.2020
112583
4 дақиқада ўқилади

«Миллий спортнинг қизғин мухлиси ва элчиси бўлиб қолавераман» - Отабек Умаров спорт ташкилотлари раҳбарлигидан кетмоқда

Фото: KUN.UZ

Пандемия шароитида кўплаб оммавий тадбирлар қатори айрим спорт турлари ўтказилмасдан келмоқда. Kun.uz мухбири 2019 йилнинг 7 мартидан Ўзбекистон Триатлон федерацияси раиси, 8 ноябридан ММА ассоциацияси президенти сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Отабек Умаров билан суҳбатлашди.

— Отабек Муҳаммадалиевич, коронавирус пандемияси даврида аксарият спорт мусобақалари «таътил»га чиқди. Сиз раҳбарлик қилаётган Триатлон федерацияси ва ММА ассоциацияси ҳам мустасно эмас. Бизга бирор янгилик айта оласизми?

— Мен Ўзбекистонда кўп ҳам машҳур бўлмаган спорт турлари нафақат муносиб тарзда оммалаша бошлагани, ёшлар ўртасида маълум бир нуфузга эга бўлгани билан жуда фахрланаман. 

Ҳамфикр жамоа билан жуда кўп ишлар қилдик, ҳали қилинадиган ишлар ҳам талайгина. Уларга эришиш учун бу ташкилотларда ишланган режалар ҳам, зарур ресурслар ҳам мавжуд.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун жуда кўп ўйланиб чиқарган қарорим ҳақида айтишга жазм қилмоқдаман. Бу қарорга келишим осон бўлгани йўқ — Триатлон федерацияси ва Аралаш жанг санъати ассоциацияси раҳбарлигида ўтказган вақтим мобайнида мамлакатимизнинг чинакам фахрлари ҳисобланадиган иқтидорли ва истиқболли спортчиларга жуда боғланиб қолган эдим.

Ҳаёт доимо олдимизга янгидан янги чақириқлар қўяди: жорий йил эса чақириқлар тасаввур этиб бўлмас даражада ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Мамлакатимиз, бутун халқимиз бутун дунёни боши берк кўчага қамаб қўйган таҳдид билан тўқнаш келди. 

Ўз-ўзидан, айни пайтда рўбарў бўлиб турган қийинчиликларни енгиш учун ҳар биримиздан бор куч-ғайратимизни сарф этиш талаб этилади. Пайдо бўлган вазиятда давлат хизматини олиб бориш, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар принципиал янги характер касб этиши ва мисли кўрилмаган масъулият даражаси талаб қилишини яхши тушуниб турибман. Бу менда спорт ташкилотларида эгаллаб турган лавозимини тарк этишдан ўзга танлов қолдирмаяпти. 

— Яъни, сиз Триатлон федерацияси ва ММА ассоциацияси раҳбарлигини тарк этмоқчисиз? Сабаби нимада?

— Сабаби оддий: Триатлон федерацияси ҳам, ММА ассоциацияси ҳам вақт ва эътибор талаб қилади, янги шароитларда эса мен буни кафолатлай олмайман. 

— Шахсан ўзингизнинг эътиборингизсиз энди оммалашаётган ва тетапоя бўлаётган бу спорт турларига қизиқиш камайиб кетмайдими?

— Йўқ, менинг ўрнимга келадиган инсонлар Ўзбекистонда триатлон ва ММА позицияларини мустаҳкамлаш, соғлом ҳаёт тарзи ва муваффақиятга йўналган спорт тарғиботи томон ҳаракатни давом эттиришади деб ният қилиб қоламан. 

Ҳурматли делегатлар мен учун қадрли бўлган ташкилотларни бошқариш учун тайинлашга кимни лойиқ деб топишмасин, улар менинг қўллаб-қувватлашимга ишонишлари мумкин, чунки мен миллий спортнинг қизғин мухлиси ва элчиси бўлиб қолавераман.

— Федерация раислиги ва ассоциация президентлигига номзодлар борми? 

— Жамоа номзодлар танлаган, албатта. Кимларнинг номзодлари кўриб чиқилаётганини делегатларимиз уларни овоз бериш йўли билан тайинлаб, расман эълон қилингунча сир сақлаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, мен ўзим билан елкама-елка туриб меҳнат қилган, менга ёрдам берган ва илҳомлантирган инсонларга, шунингдек, бўшашмасдан ишлашимга таъминлаганларга эса ташаккур билдирмоқчиман. Сизларнинг ҳар бирларингиз менга кўп нарсаларни ўргатдингиз, кўп нарсада айнан сизлар туфайли бу даврни ҳаётимнинг осон бўлмаган, бироқ жуда қизиқарли босқичи сифатида эслайман. Сизларга раҳмат!

Мавзуга оид