Ўзбекистон | 14:05 / 14.10.2020
60168
1 дақиқада ўқилади

Вазирликлардан бирининг 84 нафар ходими меҳмонхонада яшагани учун қарийб 1 миллиард сўм тўланди

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг 84 нафар ходими 22 кун давомида Тошкент шаҳридаги меҳмонхонда яшаб, овқатлангани учун қарийб 1 миллиард сўм тўлов амалга оширилган. 

Давлат харидлари бўйича очиқланган маълумотга кўра, вазирликнинг 84 нафар ходими Тошкент шаҳрида жойлашган Inter Hotel (собиқ Intercontinental) меҳмонхонасида 22 сутка яшаб, уч маҳал овқатлангани ҳамда меҳмонхона анжуманлар залидан фойдалангани учун 918 миллион 677 минг 500 сўм тўлов амалга оширилган.

Вазирлик ва меҳмонхона ўртасида тузилган 7 апрель кунги шартномага қўшимча қилинган ҳужжатга мувофиқ, ҳар бир ходимнинг меҳмонхонада яшаб, овқатланиши бир сутка учун 515 минг сўмга баҳоланган. Анжуманлар залидан 22 сутка фойдаланиш учун эса 77 миллион 402 минг сўм тўлаб берилган. 

Таъкидланишича, ушбу шартнома Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг тегишли хатига асосан меҳмонхона билан тўғридан тўғри тузилган. 

Kun.uz мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ходимлари нима сабабдан Тошкентдаги меҳмонхонада 22 кун яшагани ҳақида савол йўллаган.

Мавзуга оид