Ўзбекистон | 20:00 / 28.08.2018
42689
2 дақиқада ўқилади

Бу йил бакалавриатга ажратилган қабул квоталарининг 13 мингдан ортиғи бўш қолди

Бугун, 28 август куни Миллий матбуот марказида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ва ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда 2018-2019 ўқув йилида олий таълим тизимига жорий этилган янгиликлар ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, 2018-2019 ўқув йили учун белгиланган 82900 нафар ўрнига 69516 нафар абитуриент талабалар сафига қўшилган. Ушбу вазиятга Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов изоҳ берган.

«2018-2019 ўқув йили учун республика Олий таълим муассасаларига жами 679 979 нафар абитуриент ҳужжат топширган (ўтган йили 729 947 нафар). 13 кун давомида ўтказилган тест синовларида 69 516 нафар абитуриент қабул қилинди. Аммо биз 82 900та қабул квотасини жорий этгандик. Техника йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентлар энг юқори баллнинг 30 фоизини (56.7 балл) ҳам тўплай олишмаган. Натижада, республика бўйича ажратилган қабул квоталарининг 13 мингдан ортиғи бўш қолди», дея бошқарма бошлиғи сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Эслатиб ўтамиз, республика ОТМларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 5-сон баёни билан тест синовларида кириш учун етарли балл тўплай олмаган, бироқ энг максимал баллнинг 30 фоизини тўплаган абитуриентларга олий таълим олиш имконини бериш мақсадида 276та йўналишда жами 11 хил миқдорда оширилган тўлов-контракт миқдори тасдиқланди.

Мавзуга оид