Ўзбекистон | 21:28 / 08.08.2018
9017
4 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортида «АрМИ—2018» ўйинлари совриндорлари тантана билан кутиб олинди

Фото: Мудофаа вазирлиги

Кеча, 7 август куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида «АрМИ—2018» Халқаро армия ўйинларида иштирокини якунлаб Ўзбекистонга қайтган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат тўртта жамоани кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

28 йўналишда ўтказилаётган Халқаро армия ўйинларининг 12 тасида иштирок этаётган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар «Йўл патрули», «Ҳарбий ралли» ва «Қуролсоз уста» турлари бўйича мусобақани муваффақиятли якунлади. Ҳар уччаласида ҳам ватандошларимиз фахрли 3-ўринни эгаллади.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

Тўртинчи жамоа – ҳарбий кинологлар ўртасидаги «Содиқ дўст» танловида иштирок этган ҳарбий хизматчилар ва хизмат итларига озгина омад етмади. Танлов якунига келиб, уларнинг рейтинг баҳолари сезиларли даражада пасайиб кетган бўлсада, “Гита” лақабли Бельгия овчаркаси нафақат 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтишда 1 дақиқаю 15 сония натижа билан рекорд ўрнатди, балки “Ҳимоя хизмати” шартидаги эҳтимолий душманни ушлаш вақтида уни сакраб бўйнидан йиқитганида унча мунча хизмат итларининг жисмоний қобилиятини кўрган ҳакамлар диққатига сазовор бўлди ва танлов қаҳрамонига айланди.

Аэропортда ҳамюртларимизни Мудофаа вазирлиги вакиллари, иштирокчиларнинг яқинлари ва қариндошлари тантанали равишда кутиб олди.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

Таъкидлаш жоизки, Москва вилоятининг Нагинск шаҳрида ўтказилган “Йўл патрули” мусобақаларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ходимлари ҳам жонбозлик кўрсатишди. Улар икки йилдан бери фахрли 3-ўринни қўлдан бой беришмаяпти.

“Ушбу нуфузли беллашувда ҳарбий хизматчиларимизнинг тажрибалари тобора ортиб бормоқда. Вакилларимизнинг иштироки бошқа мамлакатлар ҳарбий хизматчилари диққат марказида бўлди”, – дейди “Йўл патрули” танловида иштирок этган жамоа сардори капитан Дилшод Тошпўлатов.

Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Ҳарбий ралли” танловида ўзбекистонлик авто усталари “Якка тартибдаги пойга”, “Таъқиб билан пойга”, “Отиш тайёргарлиги” ва “Гуруҳ ёрдамида пойга” каби 4 та тур бўйича баҳслашди. Мазкур мусобақада жонбозлик кўрсатган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар якуний натижаларга кўра 3-ўринга муносиб деб топилди. 1-ўринни россияликлар қўлдан бермаган бўлса, 2-ўрин хитойлик ҳарбийларга насиб этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги

“Қуролсоз уста” танловида  ҳам Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари қўйилган вазифани  (“Град” реактив тизимидаги жанговар машина эҳтиёт қисмларини ўрнатиш, машина ғилдирагини алмаштириш  ҳамда ундан ўт очиш) бажаришда катта натижаларга эришди. Улар олти мамлакат жамоаси иштирокида беш босқичда ўтказилган танловда 3-ўринни қўлга киритди.

Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги
Фото: Мудофаа вазирлиги
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид