Жамият | 20:31 / 23.10.2019
113914
6 дақиқада ўқилади

«Шум бола»даги Омон билан суҳбат. У нега санъатни тарк этган?

Ўзбек санъатида биргина қўшиғи ёхуд фильмдаги роли орқали томошабинлар ёдида қолган, аммо кейинчалик турли омиллар сабаб бошқа касб этагини тутганлар кўплаб топилади.

Kun.uz ана шундай инсонларни излаб, улар билан суҳбат уюштириш мақсадида янги «Унутилаётган чеҳралар» лойиҳасини бошлашга қарор қилди.

Илк меҳмонимиз 44 йил аввал кинорежиссёр Дамир Салимов томонидан суратга олинган,  ҳақли равишда томошабинлар кўнгил мулки ва ўзбек киносининг олтин фондидан ўрин эгаллаган «Шум бола» бадиий фильмидаги Омон роли ижрочиси, 56 ёшли Саидкарим Саидорипов бўлди.

– Саидкарим ака, таҳририятимизга хуш келибсиз. Сизни топиш ва алоқага чиқиш бироз қийин кечди. Ҳозир техника асри бўлишига қарамай, қўл телефон тутмаслигингизнинг боиси нима?

– Таклиф учун сизларга ҳам раҳмат. Нега телефон ишлатмаслигимнинг сабабини кўпчилик сўрайди. Лекин телефонда гаплашгани одам йўқ (кулади). Дийдорлашиб, суҳбатлашгиси келган ўртоқларимнинг ўзи уйимга келишади. Журналистлар эса укам, жиянларим орқали излаб, топишади. Кўп йилдан бери телефон тутмайман ва бу мени ўйлантирмайди ҳам.

– «Шум бола»га келиб қолишингиз ва Омон ролига тайинланишингиз қандай кечган?

– 1975 йили болалар газетасида Қоравой роли учун танлов эълон қилинган. Мактабда устозимиз Васила Олимхонова ўқувчилар ўртасида кичик синов ташкил этган ва мен ғолиб бўлганман. Шундан кейин улар мени «Ўзбекфильм»га олиб борган. У ерда республиканинг турли ҳудудларидан келган минглаб болалар қатори кино синовда қатнашганман. Сараланган иштирокчилардан охирида Абдурайим Абдуваҳобов иккимиз қолганмиз.

Кўпчилик билса керак, аввалига бош ролга мени тасдиқлашган. Кейинроқ Қоравой роли Абдурайимга топширилди.

– Ўшанда неча ёшда эдингиз?

– 12га киргандим, 1975 йил эди.

«Шум бола» бадиий фильмидаги Омон роли ижрочиси Саидкарим Саидорипов

- Сьёмка жараёнлари қаерда бўлиб ўтган?

- Фильм Исфара, Андижон ва Тошкентдаги Чақар, Сағбон маҳаллаларида суратга олинган. Бироқ қанча гонорар олганим ёдимда йўқ.

– Фильм омма эътиборига ҳавола этилгач, мактаб ва маҳалла-кўйда анча машҳур бўлиб кетганингиз шубҳасиз.

– Албатта. Лекин кино бир, икки йилдан сўнг эфирга узатилган. Мени сьёмка майдончаларига Эргаш Каримов машинада олиб кетарди. Фильм экранларда намойиш қилинишини ўзим қатори мактабдагилар, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар сабрсизлик билан кутганмиз. Анча шов-шув бўлганимни ҳеч унутмайман.

– Омон роли ижрочиси эканингизни кўпчилик биладими?

– «Шум бола»да роль ўйнаганимни қўшнилар, қариндошлар ва маҳалладаги кексалар билишади холос.

«Шум бола» бадиий фильмидан кадр

– Фильмни ҳозир телевизорда кўриб қолсангиз, қалбингизда қандай ҳислар кечади?

– Беихтиёр болалигим жонланади кўз олдимда. Жуда шўх ва ўйинқароқ эдим. Бола бўлганим учунми, менга фильмдаги воқеалар худди ҳаётда бўлаётгандек туюлган.

Ҳозир фильм экранда қўйилса, уйдагилар дарров йиғилишади ва фильмни бирга кўрамиз. Такрор томоша қилишдан зерикмаймиз. Уларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтараман. Омон роли мен учун фахр, ғурур ҳисобланади. Миллий киномиз дурдоналари қаторидан муносиб ўрин олган мазкур киноасарда суратга тушганимга доим шукр қиламан.

- «Шум бола»даги актёрлар, хусусан, Абдурайим Абдуваҳобов билан ҳозир муносабатларингиз қандай?

- Жуда кам кўришамиз. У санъатни танлаган, мен тадбиркорман. Уларнинг барчаси санъат дарғалари бўлиб кетишди, мен эса кичик роль ўйнаганман холос.

– Уч, тўрт йил аввал сизни вафот этди, деган хабарлар тарқалганди. Аммо бу миш-миш бўлиб чиқди.

– Кўриб турганингиздек, соппа-соғман (кулади). Ўшанда «Даракчи» газетасида «Шум бола» тўғрисида мақола чиққан ва унда фильмда роль ўйнаган марҳум актёрлар қаторида менинг ҳам исмимни таъкидлаб ўтишган.

Бундан хабар топгач, дарҳол газета ходимларига тириклигим ҳақида хабар берганман. Назаримда, режиссёр ва санъаткорлар назаридан четдалигим туфайли журналистлар шундай фикрга боришгандир.

– Нега кейинчалик санъат соҳасидаги фаолиятингиз давом этмади?

– 15 ёшимда режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Оловли йўллар» фильмида қатнашдим. Лекин бирор касбни танлаб, катта ҳаётга қадам қўйиш арафасида ота-онам киноларда суратга тушишимга жиддий қаршилик кўрсатишди. Танловимни қўллаб-қувватламай, иқтисодчи бўлишимни исташди.

1980-1985 йиллар собиқ Тошкент давлат университетининг фалсафа-иқтисод факультети сиёсий иқтисод йўналишида ўқидим. Ўз соҳам бўйича бир қанча ташкилотларда ишладим. Айни пайтда эса тадбиркорман.

«Шум бола» бадиий фильмидан кадр

– Шахсий ҳаётингиз борасида ҳам икки оғиз гапириб ўтсангиз?

– Бу ҳақда гапиришни истамайман...

– Бугунги ўзбек киноларини кузатасизми?

– Айрим пайтларда кўраман. Эски фильмларнинг йўналиши бошқача эди. Кейин кинолар йиллаб суратга олинарди. Ҳозир бир ойда тайёрланяпти, мазмунан саёз.

– Суҳбатимиз давомида жуда ҳам кам гап эканлигингизга амин бўлдик.

– Анча йил олдин юрак хасталигидан азият чекканимдан кейин кўп гапирмайман. Камгаплигимни кўпчилик айтади.

– Қандай оилада туғилиб, улғайгансиз?

– Дадам ҳайдовчи эди, онам бошчилигида биз ўғил-қизлар гулчилик қилардик. Етти фарзанднинг бешинчисиман.

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

Мавзуга оид