Ўлмас фильмлар режиссёри Мелис Абзалов томонидан 1982 йилда суратга олинган “Суюнчи” картинаси ўзбек киносининг олтин фондидан муносиб ўрин эгаллаган. Дурдона киноасарлардан бири саналган ушбу фильм мана қарийб 40 йилдирки, томошабинлар учун ҳамон севимли ва қадрли.
Kun.uz’да янги ташкил қилинган “Унутилаётган чеҳралар” лойиҳасининг бу галги иштирокчиси мазкур фильмда Назира ролини гавдалантирган 56 ёшли Шаҳноза Шамсиева (Ҳамроева) бўлди. Узоқ йиллардан буён Африка қитъасидаги Замбия Республикасида яшаб келаётган Шаҳноза опа билан интернет орқали боғланиб, суҳбатлашишга муяссар бўлдик.

– Шаҳноза опа, сизни излаб топиш мақсадида сўраб-суриштириб, Замбиядалигингизни билдик. Она юртингиздан анча олисдаги бу мамлакатга қачон ва нима мақсадда кетгансиз?
– Аввало, суҳбатлашиш ниятида боғланганингиз учун катта раҳмат. Замбияга 1997 йилнинг апрелида турмуш ўртоғим билан бирга келганмиз. Мен шифохоналардан бирида педиатр бўлиб ишлайман. Бу ерда кўплаб ўзбекистонлик оилалар бор. Барчамизнинг муносабатларимиз жуда илиқ, тез-тез йиғилиб турамиз. Улар Назира ролини ижро қилганимни яхши билишади.
Ўзбекистонга охирги марта ўтган йили бориб, келгандим. Худо хоҳласа кейинги йил яна боришни режалаштиряпман.
– “Суюнчи”даги биргина ижронгиз туфайли томошабинлар назарига тушгансиз. Фильмга қай тариқа келиб қолганингиз кўпчилик учун қизиқ.
– Барчаси тасодифан юз берган. Ўшанда 17 ёшда эдим. Укам Улуғбек Ҳамроев фильмларда роллар ўйнаб юрарди ва у паспорт ёшига етмаганлиги боис гонорарлари менинг номимга ёзиларди. Бир куни одатдагидек Улуғбекнинг пулини олиш учун “Ўзбекфильм”га бордим. Мени у ерда раҳматли режиссёр Мелис Абзалов кўриб қолиб, қисқа суҳбатимиз мобайнида анчадан бери Назира ролига мос келадиган актриса қидириб тополмаётгани ва мени шу ролга муносиб кўрганини таъкидлади. Уларга дадамдан сўраб кўришимни айтиб, хайрлашдим. Уйга бориб отамни Мелис аканинг таклифидан бохабар қилганимда, қатъий рад этган. Орадан маълум вақт ўтиб, Мелис Абзалов ёрдамчиси билан уйимизга бориб, бир амаллаб дадамнинг розилигини олишган.
– Кинодаги қайси саҳнани суратга олиш жараёни сиз учун қийин кечган?
– Камера қаршисида илк бор гапирганим боис бошида бу ҳолат менга қизиқ туюлган. Аммо сира қийинчиликлар бўлмаган, мен қатнашган кадрлар осон тасвирга туширилган. Фақат қаҳрамоним ўсма қўядиган саҳна бир неча марта дубл қилинишига тўғри келган. Чунки қошимни хунук қилишни истамаганман. Мелис ака “Айтганимдек қош қўйсанг янада кулгилироқ ва қизиқарли чиқади”, дея мени кўндирган.

















