Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳамид Ғулом замондошлари хотирасида — Жаҳон адабиётининг гўзал намуналари унинг бошчилигида ўзбек тилига ўгирилган
Бугун, 24 апрель куни Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир, драматург ва жамоат арбоби Ҳамид Ғулом таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан адабий кеча ташкил этилиб, унда адибнинг «Танланган асарлар» китоби тақдимоти ўтказилди. Кечада ёзувчи ва шоирлар, санъат ва илм-фан соҳаси вакиллари, адибнинг оила аъзолари ва мухлислари, ёшлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.


Kun.uz мухбири хабар беришича, сўз олганлар Ҳамид Ғуломнинг ижодий фаолияти, турли лавозимларда кечган қизғин иш жараёни ҳамда ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси ҳақида ўз фикрларини билдиришди.



— «Ҳамид Ғулом ХХ асрнинг масштаби ва миқёси жуда катта инсонларидан бири эди. Албатта, Ҳамид ака ўзбек адабиёти дунёсида битта эмас эди. Унинг ёнида Рамз Бобожон, Саид Аҳмад, Шукрулло, Мирмуҳсин, Раҳмат Файзий, Шароф Рашидов сингари ўша замонларнинг атоқли адиблари ҳаракат қилишарди.
Ўша пайтдаги ижод муҳити ҳақида гапирганда барча ёзувчиларимизнинг ўзаро ҳамоҳанг, аҳил бўлиб ижод қилишганини айтишни истардим.
Ҳамид Ғулом давлат нашриётига директор бўлган пайтларда нашриётчилик ишлари, адабий ижод ишлари қизғин жараёнга кирган эди. Бу қизғинликни эса мен айтган ёзувчилар ташкил қилган», – дейди таниқли санъат арбоби Иброҳим Ғофуров. — Ҳамид ака нашриётда раҳбар бўлиб ишлаган пайтларда бадиий ва илмий таржима санъатида катта ўсиш кузатилдики, буни аввалги бирор воқелик билан солиштириб бўлмайди. Айни ўша пайтда жаҳон адабиётининг ўзбек тилига таржима қилинмаган энг гўзал намуналари Ҳамид ака бошчилигида ишга жалб қилинган таржимонлар томонидан таржима қилинди. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлган эмас. Уларнинг ҳаммаси Ҳамид Ғулом томонидан ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантириб туриларди.

Адабий кечада таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан адибнинг «Шарқ» нашриёти томонидан нашр қилинган асарлари тўпламининг тақдимоти ўтказилди. Ўқувчилар ушбу тўпламдан Ҳамид Ғуломнинг энг сара асарларини мутолаа қилишлари мумкин.

Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Насиба Иброҳимова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Олмос Аҳмедова ҳам сўзга чиқиб, адиб билан боғлиқ хотираларини бўлишдилар.



Маълумот учун, Ҳамид Ғулом адабиёт ва санъатнинг турли жанрларида ижод қилган, «Машъал», «Мангулик», «Феруза», «Бинафша атри», «Машраб», «Тошкентликлар», «Қорадарё» романлари, «Олмос қиз», «Вафонинг узун йўли» ва бошқа қиссалар, туркум ҳикоялар, очерк ва публицистик мақолалар муаллифи ҳисобланади.

У асосан мусиқали драматургия соҳасида Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Манас Левиев, Сулаймон Юдаков, Матниёз Юсупов, Шоҳида Шохимардонова каби бастакорлар билан ижодий ҳамкорлик қилган. Машҳур режиссёр Раззоқ Ҳамроев, мумтоз актёр Сойиб Хўжаев билан биргаликда яратилган «Тошболта ошиқ» мусиқали драмаси адиб ижодида алоҳида ўрин тутади.
Ҳамид Ғулом Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг етти йиллиги муносабати билан «Эл-юрт ҳурмати», шунингдек, турли йилларда «Меҳнат шуҳрати» ордени ва «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Мавзуга оид
16:40 / 09.10.2025
Адабиёт бўйича Нобел мукофоти венгриялик ёзувчига берилди
14:13 / 19.06.2025
Малайзия Ўзбекистонга 20 минг долларлик илмий адабиётларни тақдим этди
21:59 / 21.03.2025
“Президент сафардалигида отамни йўқотмоқчи бўлишган” — яқинлари Абдулла Орипов ҳақида
11:00 / 05.11.2024