Жамият | 09:50 / 10.09.2018
80149
6 дақиқада ўқилади

«Бағдодда нима гаплар?». Тумандаги аянчли ҳолга тушган таълим даргоҳи ҳақида

Фарғона вилояти, Бағдод туманидан келган мурожаат ва суратларни кўриб муаммонинг бу даражада жиддий эканлигига ишонмагандим. Масалани ҳар томонлама ўрганиш мақсадида туман ҳокимлигига бориб, туман ҳокими ўринбосари Бахтиёржон Холдоров билан учрашдик. Мутасадди ўша жойга биз билан бирга борди.

3-умумий ўрта таълим мактаби туман марказидан 6-8 километр узоқликдаги “Конизар” қишлоғида жойлашган экан. Бизни мактаб директори Маҳфузахон Мамадалиева кутиб олди. Билим даргоҳида 531 нафар ўқувчига қирқдан зиёд устоз ва мураббий таълим беради. Жорий таъмирдан чиққан синф хоналарида кўзлари ёниб турган, билимга чанқоқ  ўқувчиларни кўрасиз. Агар уларга етарли шароитларни яратиб берсангиз, биз орзу қилган келажак авлод етишиб чиқиши аниқ. Бироқ мазкур мактабдаги шароит жуда афтодаҳол экан.

1993 йили қурилган икки қаватли “типовой” мактаб. Мактабнинг спорт мажмуаси ва “Мажлислар зали”ни кўрганимизда аҳвол бизга юборилган мурожаатдаги суратлардан  ҳам кўра ёмонроқ эканига гувоҳ бўлдик.

Тўғриси, спорт залини кўриб, тасаввуримизда мажмуани худди ўзга юртлардаги сингари тўфон келиб, харобага айлантириб кетгандек туюлди. Жуда хунук аҳвол. Поллар чириб кетган, том очилиб ётибди. Бинода худди бир вақтлар қаровсиз ташлаб кетилган ёки зилзила, машъум табиат ҳодисаси рўй бергандек ҳолат... Мактаб ўқувчилари узоқ йиллардан бери жисмоний тарбия дарсларини куз ва қишнинг ёмғирли кунлари дарс хоналарида шашка ўйнаб ўтказар экан. 

“Эҳтиёт бўлинг! Пол синиб ёки томдан бирор нарса тушиб майиб қилмасин!”, - дейди муаллимлардан бири.

Иккинчи қаватдаги бир вақтлар тадбирлар ўтадиган зал бўлган қисмидаги ҳолат бундан-да ёмонроқ эди. Харобага айланган “Мажлислар зали” ўта ёмон авария ҳолатида. Зиналар чириб кетган, катта хона деворлари кўчиб тушган, бу ерда ҳам том қисми очилиб ётибди. Унинг кириш эшигига “Фаоллар зали авария ҳолатидалиги учун муҳрланди” деб ёзиб қўйишибди.

Мактабнинг орқа томонига ўтамиз. Бу ерда яна иккита афтодаҳол бинога кўзимиз тушди. Булар мактаб устахонаси ва қозонхона биноси эди. Иншоотларни кўриб ҳолатига ачиниб кетдик. Уларни “Ўтган аср харобалари” дея атасак тўғрироқ бўлар... Кўриниши барчасини айтиб турганлиги учун бинолар ичкарисига киришга ҳаракат бўлмади.      

 Очиқ майдонда дарс ўтаётган жисмоний тарбия ўқитувчилари Сарварбек Ҳайдаров, Дилобар Мадалиева ва ўқувчилар билан суҳбатлашдик.

“Кўриб турганингиздек, ҳаво очиқ кунлари дарсни мана шу стадионда ўтамиз. Ёмғирли, қорли ва совуқ кунларда синф хонасида. Ўқувчиларимиз орасида спортнинг енгил атлетика, бокс, каратэ, стол тенниси турларига қизиқадиганлари жуда кўп. Лекин тўгарак ўтгани шароитнинг ўзи йўқ. Бизда ҳам вилоят, республика, Осиё чемпионлари бўлиши мумкин бўлган иқтидорли ўқувчилар бор. Ахир Бағдод азалдан полвонлар юрти. Ўқувчиларимиз атрофимиздаги 2-, 4-, 51-мактабдаги тенгдошларига ҳавас қилишади. Юртимизда ёш авлод тарбиясига, уни ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишига катта эътибор бериляпти. Бизни мактабга ҳам ислоҳотлар етиб келармикан? Муаммоларга жавоб излаб мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Ҳеч қандай самара йўқ”, дейди муаллимлар.

Мактаб педагогларини билдиришича, муаммолар бўйича ёзилган мурожаатларга туман “катта”лари ўн йилдан бери: “Бу йил Дастурга тушади!”, деб жавоб қайтаришар экан. Мактабнинг 2008 йилдан бери ҳар йили туманнинг манзилли Дастурига тушмаётгани учун жамоа ваъдаларга ишонмай ҳам қўйибди.  

Бу орада туман халқ таълими бўлимининг қурилиш ишлари бўйича инженери Муҳаммаджон ака ҳам етиб келди ва  бизга мукаммал таъмирталаб иншоотларни туманнинг 2019 йилги манзилли Дастурига тавсия қилингани ҳақидаги ҳужжатни кўрсатди. Қарангки, мазкур ҳужжатда ҳам “Конизар” қишлоғидаги 3-мактаб 2008 йилдан бери Дастурга тавсия қилинаётгани кўриниб турарди.    

Спорт мажмуасидан ташқари “Мажлислар зали”нинг ҳолатига ҳам тўхталиб ўтиш зарур. Мактабда узоқ йиллардан бери бундай жой бўлмаганлиги учун турли байрам, кеча, танлов, фан ойликлари фойе ёки ташқарида ўтаётгани кўриниб турибди.

Биз мазкур иншоотларни ким бу ҳолатга келтиргани ва уларнинг жазолаш кераклиги ҳақида бош қотиришдан узоқмиз. Асосийси, бу масканда юрт келажаклари улғаймоқда. Улар ҳар томонлама гармонал ривожланиши учун шарт-шароит яратиш керак ва зарур.

Таълим даргоҳининг пештоқига жаҳон алломалардан бирининг: “Халқ учун нондан сўнг энг муҳими мактабдир”, деган ҳикматини ёзиб қўйишибди. Қандай долзарб сўзлар...   

Бизни бир нарса ўйлантирди?

Наҳотки, шунча йиллар давомида вилоят ва туман мутасаддилари мазкур таълим даргоҳига қадам босиб ўқувчилар қандай шароитларда таълим олаётгани билан қизиқмаган бўлса?..

Элмурод Эрматов,

KUN.UZ журналисти

Мавзуга оид