Ўзбекистон | 14:41
2704
3 дақиқада ўқилади

Фарғона водийсида янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди

Президент Қўқондан Марғилонга янги электропоездда борди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фарғона водийсида Андижон, Қўқон, Марғилон ва Наманган шаҳарларини боғловчи янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга ушбу йўналишдаги илк поездда Қўқон шаҳридан Марғилон шаҳрига келди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2025 йил 27 декабрдаги «2030 йилга қадар темирйўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Лойиҳа аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийсида транспорт қатновини яхшилаш, фуқароларга қулай, хавфсиз ва арзон хизмат кўрсатиш, йўловчи ташиш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

324 километрлик ушбу темирйўл ҳалқаси водий вилоятларини ўзаро янада яқинлаштириб, аҳоли, тадбиркорлар ва сайёҳлар учун янги имкониятлар очади.

Янги поезд Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводида ишлаб чиқарилган. Олти вагондан иборат, 586 ўринли поезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Чипта нархи 15 минг сўм (Қўқон-Марғилон йўналиши) этиб белгиланган. Бу автомобил транспортига нисбатан анча арзон ва қулайдир. Кунига 1,5 минг, йилига қарийб 600 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти ҳудудда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.

Вагонларда иқлим назорати тизими ва кондиционерлар ўрнатилган. Бепул Wi-Fi, гаджетлар учун USB-портлар мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар, кенг жойлар ва мослаштирилган ҳожатхоналар кўзда тутилган. Велосипедларни ташиш учун маҳкамлагичлар йўловчиларнинг сафардан кейин ҳаракатланиш имкониятини янада кенгайтиради.

Вагонлардаги видеокузатув ва зарба кучини камайтирувчи крэш-тизимлар халқаро хавфсизлик стандартларига мос келади.

Йўл давомида президент вилоят фаоллари билан ҳудудда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашди.

Янги темирйўл ҳалқаси Фарғона водийсининг туризм салоҳиятини ҳам янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Бекатлар атрофида хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш масканларини ташкил этиш зарурлиги, бу маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбайини яратиши қайд этилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид