Ўзбекистон | 08:09 / 02.11.2020
10789
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги: хўжалик юритувчи субъектларнинг табиий газдан фойдаланишига доир чекловлар зарур чора ҳисобланади 

Куз-қиш даврида табиий газ таъминотида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига устувор аҳамият берилади.

Энергетика вазирлиги таъминот қувватларини ошириш мақсадида газ таъминоти корхоналари томонидан мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб борилаётгани, бу эса истеъмолни ошириш пайтида табиий газни тенг тақсимлаш имкониятига эга эмаслигини маълум қилди.

Қайд этилишича, табиий газ тақсимотини мувозанатлаштириш бўйича махсус вақтинчалик чоралар кўрилмоқда. Бу уйлар, хонадонлар, мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш имконини беради.

«Барча тадбиркорлик субъектларининг Ўзбекистонда сўнгги йилларда муқобил ёқилғи турларига (суюлтирилган газ, кўмир ва бошқалар) босқичма-босқич ўтиш дастури амалга оширилаётганидан хабари бор.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг амалдаги шартномаларида куз-қиш даврида газ етказиб беришга чекловлар киритилиши кўзда тутилган бўлиб, шунинг учун ҳам улар муқобил ёнилғи манбаларига эга бўлишлари керак.

Қисқа муддатларда куз-қиш мавсумида муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишни амалга ошириш кўзда тутилган.

2020 йилнинг 1 ноябридан жорий этилган хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, умумий овқатланиш корхоналари (ресторан, кафе) учун табиий газдан фойдаланишга доир чекловлар табиий газ сотиб олиш бўйича шартномаларда кўзда тутилган зарур чора ҳисобланади», - дейилади вазирлик маълумотида.

Ўтган йилларда жорий этилган муқобил ёқилғи манбаларига ўтишнинг давлат дастурига мувофиқ, ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчилар 2020-2021 йиллар куз-қиш даври бошланиши арафасида тегишли билдиришномаларни олгани айтилади.

Шу кунларда пойтахтнинг юқори босимли газ қувурларига уланган йирик улгуржи истеъмолчилар “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ етказиб бериш барқарорлигига таъсир кўрсатмаслик учун уларни “саноат коллектори”га ўтказиш тўғрисида хабарнома олган. 

Тошкент шаҳрининг мавсумий истеъмолчиларига (ғишт, гипс оҳак ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган йирик саноат корхоналари) табиий газ етказиб бериш 1 ноябрдан тўхтатилиши тўғрисида хабар берилди.

«Куз-қиш даврида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган улгуржи истеъмолчилар, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналари муқобил ёқилғидан фойдаланишга ўтиш учун фаол чоралар кўриши керак. Олдинда йилнинг совуқ мавсуми турибди, шунинг учун табиий газ таъминоти узилишларсиз ва керакли ҳажмда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари, шифохоналар ва таълим муассасаларига етказиб берилиши керак», – дея якунланган Энергетика вазирлиги маълумоти.

Мавзуга оид