Turkish Airlines 13 йилдан сўнг Сурияга парвозларини қайта тиклади
2012 йилда мамлакатдаги фуқаролар уруши туфайли Сурияга Туркиядан парвозлар тўхтатилган эди.

Истанбул аэропортидан Turkish Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 лайнери ҳавога кўтарилиб, Дамашқ халқаро аэропортига қўнди. TK846 биринчи рейси Туркия пойтахтидан Сурия пойтахтига 349 йўловчи билан парвоз қилди.
Самолёт бортида бўлган кўплаб одамлар лайнерга чиқишдан олдин ва самолёт салонида қувончли ҳис-туйғуларини яшира олмади. Йўловчиларнинг бир қисми қўлларида Туркия ва Сурия инқилоби байроқлари бўлган.
Турк ҳаво йўллари расмий веб-сайтида эълон қилинганидек, парвозлар ҳафтада 3 марта амалга оширилади. Бу сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари соат 09:00 да Истанбул аэропортидан Дамашқ халқаро аэропортига тўғридан тўғри рейслардир. Дамашқ аэропортидан Истанбул аэропортига қайтиш рейслари худди шу кунларда соат 13:00 да амалга оширилади.
Сурия пойтахти аэропорти жорий йилнинг 7 январидан халқаро рейсларни қайта тиклаган. Бундан ташқари, Сурия ҳаво йўллари самолёти ўтган йилнинг 18 декабрида Дамашқ-Ҳалаб йўналиши бўйича илк парвозини амалга оширган эди.
Айни пайтда, Туркия ва Сурия ўртасидаги алоқалар 2024 йил 8 декабрда Башар Асад режими қулаганидан сўнг жадал ривожланмоқда. Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз мамлакатининг Сурия инқирозига аралашуви нафақат асосли, балки зарур қадам эканлигини яна бир бор таъкидлаганди.
Мавзуга оид

16:50 / 30.03.2025
Алавий, друз, христиан аёл. Суриянинг янги ҳукумати таркибига кимлар кирди?

00:55 / 28.03.2025
Трамп маъмурияти Суриядаги «Оқ каскалар» ташкилотини молиялаштиришни қисман тўхтатди

21:56 / 25.03.2025
АҚШ Сурияга санкцияларни юмшатиш учун шартлар қўйди

13:46 / 25.03.2025