Янги ҳукумат Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияда содир бўлаётган ўзгаришларни, хусусан, мамлакатни бошқаришда диний ва этник озчиликлар вакилларининг иштирокини ва Ғарбга ўтган ўн йилликлардагига қараганда кўпроқ очиқликни ифодалайди.
Мамлакатда биринчи марта спорт вазирлиги пайдо бўлди, идоралардан бирига алавийлар вакили раҳбарлик қилади, меҳнат вазири лавозимини эса насроний аёл эгаллади.
«Биз миллий йўлимизда янги босқич бошланаётгани шоҳидларимиз ва бугун янги ҳукуматнинг шаклланиши янги давлат қуришга бўлган умумий иродамизнинг декларациясидир», – дея аш-Шаръанинг ҳукумат таркибини эълон қилиш маросимидаги нутқидан иқтибос келтиради SANA давлат ахборот агентлиги.
Сурия ҳукуматида алоҳида бош вазир лавозими кўзда тутилмаган. Ижро этувчи ҳокимиятни президент бошқаради.
2024 йил охирида Башар Асад режимини ағдаришда иштирок этган исёнчиларнинг собиқ раҳбари аш-Шаръа 2025 йил январида Суриянинг вақтинчалик президенти бўлганди. У инклюзив ўтиш ҳукуматини шакллантиришга ваъда берганди, бундай ҳукумат барча сурияликлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда «мамлакатни ҳалоллик билан бошқариши» ҳамда аёллар ва этник озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилиши кўзда тутилган.
Шундан кейин, Суриянинг янги раҳбари ваъда қилганидек, мамлакатда, «эркин ва адолатли сайловлар» ўтказилиши керак. Бу ўтиш даври, ўша пайтда аш-Шаръа айтганидек, тўрт йил давом этиши мумкин.
Янги кенгайтирилган кабинет таркибидан 23 нафар вазир ўрин олган, улар орасида алавийлар, друзлар ва насронийлар бор, дейилади Reuters агентлиги хабарида.

Яна бир озчилик – курдлар вакили эса ҳукумат таркибида йўқ.
Янги ҳукуматда алавийларни транспорт вазири этиб тайинланган Яруб Бадр ифода этади. Шиалик йўналиши ҳисобланган ушбу диний оқим вакиллари Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади (мамлакат аҳолисининг аксарияти сунний мусулмонлар). Сурияни ярим асрдан кўпроқ бошқарган Асадлар оиласи ҳам алавийларга мансубдир.
Март ойи бошида Суриянинг Ўрта Ер денгизи соҳилидаги ҳудудларида кўтарилган алавийлар исёнини бостириш вақтида юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганди, Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази бу воқеаларни 2024 йил декабр ойида Асад режими ағдарилганидан бери мамлакатда кузатилган «энг оммавий ва шафқатсиз қотилликлар» деб атаган.
Янги ҳукумат «Асад кўнгиллиларининг қолдиқлари» деб аталган тоифага қарши амалиёт чоғида йўл қўйилган қоидабузарликларни тан олди. Улар зўравонликлар содир этилган тартибсизликларда расмий хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашга уринган уюшмаган гуруҳлар ва қуролли жангариларни айблади.


















