Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Европадан юз ўгиряптими? | “Геосиёсат”
АҚШ янги миллий хавфсизлик стратегиясини эълон қилингач, НАТО, Европа Иттифоқи ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар яна савол остида қолди. Ҳужжатда Европа ўз мудофаасини ўзи таъминлаши ҳақида ҳам сўз боради. Шунингдек, келажакда Европа ҳудудидан ташқаридаги давлатлар ҳам НАТОга қўшилиши, бу эса алянс фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш эҳтимоли мавжудлиги қайд этилган. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида экспертлар ушбу мавзу хусусида сўз юритди.
АҚШнинг янги стратегияси НАТО-Европа Иттифоқи ва АҚШ муносабатларини шубҳага қўядими?
Ҳикматилла Казакбаев: Бугун Европа учун энг асосий муаммолардан бири — миллатчилик ва ултра ўнг кучларнинг таъсири кучайиб бораётганидир. АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясида ҳам айнан Европадаги ички мухолифатни қўллаб-қувватлашга ишоралар бор. Яъни агар Европа давлатлари Вашингтон истаган сиёсатни юритмаса, айрим ҳукуматларни алмаштириш масаласи ҳам кун тартибига чиқиши мумкинлиги сезилади. Масалан, Германияда баҳорда бўлиб ўтган сайловларда “Германия учун муқобил” партиясининг иккинчи ўринни олиши кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Бу жараённи Вэнс ҳам, Илон Маск ҳам ижтимоий тармоқларда очиқ қўллаб-қувватлади. Шунга ўхшаш вазият Венгрия, Словакия ва Францияда ҳам кузатилмоқда. Францияда Марин Ле Пен сиёсатдан четлаштирилган бўлса-да, унинг ёш шогирди кейинги президентлик сайловларида асосий даъвогар сифатида майдонга чиқмоқда. Бу ҳолатлар АҚШнинг Европадаги бугунги сиёсий жараёнлардан жиддий норозилигини кўрсатади. Айниқса, демографик ўзгаришлар, қадриятлар масаласи ва демократик эркинликлар билан боғлиқ жараёнлар Европанинг анъанавий қиёфасини ўзгартириб юбормоқда. АҚШ стратегиясида “Европа ўз ҳолига қайтиши керак”, деган мазмундаги ишоралар ҳам мавжуд. Бундай шароитда бир пайтлар Эммануэл Макрон илгари сурган “Европанинг ўз НАТОси бўлиши керак” деган ғоя яна долзарб бўлиб қолиши мумкин. Агар АҚШ томонидан босим кучайса, Европа давлатлари НАТО доирасидаги ҳамкорликни қайта кўриб чиқишга мажбур бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки охирги йилларда кўплаб масалаларда Европа ва АҚШ позициялари тобора бир-биридан узоқлашмоқда. Бунга Украина бўйича 28 бандли режа ҳам яққол мисол бўла олади. Трамп илгари сурган бу режа Европа учун мутлақо мақбул эмас. АҚШ Россия қўяётган айрим талабларни — Украина ҳудудларидан воз кечиши, армияси сонини чеклаши каби шартларни қабул қилиш тарафдори. Европа эса бу масалада мутлақо бошқача позицияда турибди. Чунки Украина, Полша, Германия ва Франция Европа хавфсизлигининг таянч устунларидир. Бу давлатлардан бирида хавфсизлик издан чиқса, бутун Европа хавф остида қолади. Шу сабабли Украина масаласидаги келишмовчилик Европани ўз хавфсизлик архитектурасини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Албатта, миллий хавфсизлик стратегияси оммага эълон қилинадиган фақат очиқ қисми холос. Аслида АҚШнинг Европа, Россия ва бошқа минтақалар бўйича ёпиқ, анча чуқур стратегиялари ҳам мавжуд. Эълон қилинган ҳужжат эса шунчаки қисқача резюме вазифасини бажаради. Шунга қарамай, Европада бу ҳужжат салбийроқ руҳда қабул қилинмоқда. Бу эса Европа олдида жиддий стратегик танловлар турганини кўрсатади.
Исломхон Гаффаров: Европага бағишланган стратегик бўлим “Европа буюклигини илгари суриш” деб номланган. Бу ерда Европа ҳозир буюк эмас, уни яна буюк қилиш зарур, деган маъно яширинган. Уларнинг фикрича, бу буюкликни “ватанпарвар партиялар” орқали тиклаш мумкин. Ушбу “ватанпарвар партиялар” деганда, асосан, миллатчи сиёсий кучлар назарда тутилмоқда. АҚШ талқинига кўра, бу партиялар ўз давлатининг манфаатини биринчи ўринга қўядиган кучлар бўлиб, агар улар ҳокимиятга келса, Европа ўз цивилизацион илдизларини мустаҳкамлайди ва ҳозир кузатилаётган цивилизацион инқироздан чиқиб кетади. Стратегияда ҳозирги даврда инсон ҳуқуқлари, демократия каби масалалар билан Европа халқлари ўзига унча зарур бўлмаган мавзуларга ҳаддан ортиқ аралашиб кетаётгани ҳам танқид қилинади. “Ватанпарвар партиялар” эса, аксинча, аввало ўз давлати манфаатини ўйлайди ва айнан шу сабабли АҚШ уларни қўллаб-қувватлаши керак, деган қараш илгари сурилади. Шунингдек, ҳужжатда Европа давлати бўлмаган НАТО аъзолари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Яқин келажакда келиб чиқиши европалик бўлмаган давлатлар ҳам НАТОга қўшилиши мумкинлиги, бунинг натижасида алянс фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли тилга олинган. Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг АҚШ НАТОга турлича ёндашиб келмоқда. Бир пайтлар алянс бутун дунёда тинчликни таъминловчи ташкилот сифатида кўрилган бўлса, кейинчалик унга ва иттифоқчиларга нисбатан ёндашув ҳам ўзгариб борди. Масалан, Ҳиндистон “асосий мудофаа ҳамкори” сифатида эътироф этилган. Покистон эса “НАТОга аъзо бўлмаган иттифоқчи” мақомига эга. Бу атама баъзан Саудия Арабистони ва Жанубий Кореяга нисбатан ҳам қўлланади. Шу каби ёндашувлар кенгайиб бораётгани НАТОнинг келажакдаги трансформациясига ишора қилади. Эндиликда алянсга фақат Европа давлатлари эмас, балки Исроил каби мамлакатлар ҳам қўшилиши мумкин. Агар Ҳиндистон НАТОга жалб қилинса, бу Хитойга қарши жиддий стратегик қадам бўлар эди. Шу тариқа “Европа давлати бўлмаган НАТО аъзолари” деган янги атама пайдо бўлди. Трампнинг Европага нисбатан ёндашуви ҳам айнан шу йўналишда шаклланаётганини кўриш мумкин.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.