Жамият | 13:14 / 10.02.2018
11026
3 дақиқада ўқилади

Жамоа шартномаси қандай ҳолатларда татбиқ қилинади?

САВОЛ: Мен касалхонада ишлайман. Кеча мажлисда бизнинг касаба уюшмамиз раиси жамоа шартномасига кўп маротаба ҳавола қилиб касалхона ходимларининг ҳуқуқ ва раҳбарият билан ўзаро муносабатларининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапирди. Мен иш бошлаган пайтимда ушбу жамоа шартномаси тузиб бўлинган эди. Мен уни имзоламаганман. Энди ушбу жамоа шартномаси менга нисбатан ҳам татбиқ қилинадими, деб ўйланиб қолдим.

А. Рахимходжаев

ЖАВОБ: Албатта, татбиқ қилинади. Жамоа шартномаси иш берувчига ва мазкур корхонанинг барча ходимларига, шу жумладан, жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Меҳнат кодексининг 29-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир.

Сиз ўзингизнинг шахсий меҳнатга оид ҳуқуқ ва мажбуриятларингизга тааллуқли бўлган меҳнат шартномасини имзолайсиз.

Иш берувчи билан жамоа шартномасини тузиш зарурлиги ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига касаба уюшмаси ўз вакиллик органи орқали, ходимлар томонидан ваколат берилган бошқа вакиллик органи ёки бевосита меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) эга. Жамоа шартномаси, башарти уни умумий йиғилишда (конференцияда) иштирок этаётганларнинг эллик фоизидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, маъқулланган ҳисобланади.

Умумий йиғилишда (конференцияда) маъқулланганидан кейин тарафларнинг вакиллари жамоа шартномасини уч кун ичида имзолайдилар. Шундай қилиб, жамоа шартномаси ҳар бир ходим томонидан эмас, балки иш берувчи ходимларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

Жамоа шартномаси иш берувчига ва мазкур корхонанинг барча ходимларига, шу жумладан, жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади. Сизнинг жамоа шартномасини мазмуни билан танишишга ва унинг қоидаларига риоя қилинишини талаб қилишга тўлиқ ҳаққингиз бор.

Саволга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги юридик хизмати раҳбари Давлатназар Матрасулов жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид