Авто | 10:55 / 21.11.2025
36461
2 дақиқада ўқилади

Cobalt учун олинган ҳар бешта шартноманинг фақат биттасига тўлов амалга оширилган

UzAuto Motors томонидан 3 ноябрда сотувга қўйилган 100 мингта Cobalt учун 7 кунлик муддатда 20 минг 833 та автомобил учун тўлов амалга оширилган, қолган шартномалар автоматик равишда бекор қилинган. Натижада компания Cobalt’ни ҳам расмий дилерлик салонларида сотишни қайта тиклади.

Фото: UzAuto Motors

UzAuto Motors жорий йилнинг 3 ноябр куни 100 минг дона Cobalt’ни сотувга чиқарганди. Шартнома шартларига мувофиқ, 7 кун ичида тўлов амалга оширилмаган шартномалар бекор қилинди. Компаниянинг маълум қилишича, белгиланган муддатда 20 минг 833 дона автомобил учун тўлов қилинган.

«Онлайн-контрактация якунлангандан сўнг, компанияга кўплаб мижозлардан шартнома тузиш бўйича мурожаатлар келиб тушаётгани, шунингдек, 3 ноябр куни тузилган кўплаб шартномаларнинг аслида автомобилга бўлган ҳақиқий эҳтиёжсиз расмийлаштирилгани инобатга олиниб, UzAuto Motors АЖ тўлов муддати тугагач Cobalt автомобилларини расмий дилерлар салонларида сотишни бошлашга қарор қилди. Энди турли сабабларга кўра онлайн тизим орқали автомобил харид қила олмаган мижозлар исталган Chevrolet расмий дилеридан Cobalt автомобилини сотиб олишлари мумкин», дейилади UzAuto Motors хабарида.

Мижоз ўзи учун қулай дилерлик марказига бориши, мавжуд автомобиллардан танлаб олиши, қўшимча жиҳозларни кафолат шартларига зиён етказмаган ҳолда бевосита дилерлик марказида ўрнатиш имкониятига эга бўлади. Дилерлик марказларида сотилаётган барча автомобиллар UzAuto Motors АЖнинг ягона тизими орқали расмийлаштирилади. Ҳар бир шартномада унинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи QR-код мавжуд бўлади.

«2025 йил 20 ноябр ҳолатига кўра, дилерлик тармоғига 2624 дона Cobalt автомобили етказилган бўлиб, уларнинг 1969 таси сотилиб, харидорларга топширилган. Бу кўрсаткич ҳар куни ошиб бормоқда. Ҳозирда яна қарийб 6000 дона автомобил дилерлик марказларига етказилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дилерлик марказларидаги сотувлар онлайн платформа орқали харид қилинган автомобилларни мижозларга ўз вақтида етказиб бериш жараёнига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», дейилади расмий хабарда.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид