Жамият | 17:15 / 22.03.2021
26199
4 дақиқада ўқилади

«Худойберди Тўхтабоев кетмади – ўзбекнинг болалиги кетди!» — ёзувчи ҳақида хотира

Ўшанда неча ёш эдим, аниқ эслолмайман. Аммо шу нарса ёдимдаки, қўлимга тушган ҳар қандай китобни олд-кетига қарамай, «етти ямлаб бир ютаётган» пайтларим эди. Уйимизда китоб унча кўп эмасди. Шунинг учун ҳам баъзиларини қайта-қайта ўқиб чиқардим. Янги китоб топсам, гўё хазина топган қулдай севинардим.

Ёз... Таътил пайти.

Туппа-тузук китобхўрга айланиб қолганим, янги китобга ўлгудай ташна бўлиб юрганимни зимдан кузатиб юрган акам бир куни дарвозахонадан кира солиб: «Сенга бир нарса опкелдим», деб қолди. Ҳайрон бўлдим. Ўша пайтлар у қайсидир оғайнисиникида ўртоқлари билан бирга ғишт қуяётганди. Акамнинг қўлида лой доғлари теккан қандайдир этак. Этакнинг ичида эса дўппайган бир нарса.

«Нима у?» – дедим сабрим чидамай.

Акам эса худди атай қилгандай этакни шошилмай – айлантириб-айлантириб очди. Ичидан семизгина бир китоб чиқди. Китобни олдим-у, саратон чилласида ҳам салқин бўладиган ўзимнинг хос «ҳужрам»га қамалиб олдим.

Афсуски, китобнинг муқоваси ҳам, номи-ю муаллифи ҳам, бошидаги беш-ўн саҳифаси ҳам йўқ эди. Лекин бу нарса уни ўқишимга тўсиқ бўлолмади. Ҳартугул, янги китоб ўқиш, эскисини қайта-қайта ҳижжалашдан кўра яхшироқ эди. Ишонасизми, ҳалиги китобни ўқирдим-у, хаёлимдан «Қанийди энди тугаб қолмаса» деган фикр ўтарди...

Бу орада кечки салқин туша бошлади. Бу пайт «ҳужрам»ни тарк этиб, оғайниларим билан қўй боққани чиқишим керак эди. Оиламизда бу иш менинг чекимга тушганди. Аммо нимагадир акам олиб келган ҳалиги китобдан узилгим келмас, уни қўлимдан қўёлмасдим. Мутолаага шунчалик берилиб кетгандимки, худди будилниги бордай ўзининг қачон яйловга боришини биладиган ва бугун озроқ ҳаяллаб қолганим учун охурдан калласини чиқариб тинмай маъраётган қўйлар ҳам кўзимга ёмон кўриниб кетди. Жин ургурлар!

Йўқ, барибир кўнглим бўлмади. Футболкамни шортигим боғи билан маҳкам боғладим-у, китобни ичимга солволдим – яйловда ўқийман! Қорним дўппайиб қолгани учун йўлда кета-кетгунча – то яйловга етгунча ошналарим «Қачон энди?» деб тоза эрмак қилишди. Аммо улар қирда картошкани чўғга кўмиб пишираётганда мен мазза қилиб китоб ўқидим. Шундай қилиб, мен ҳеч қачон тугашини хоҳламаган бу китоб ҳам барибир тугаб қолди.

Кейинчалик ўша китобнинг номини ҳам, муаллифи ким эканини ҳам билиб олдим. Йиртилган беш-ўн саҳифасини ҳам ўқиб чиқдим, албатта.

Биласизми, ҳозир ўша хотира ва манзиллардан мингларча километр нарида – дунёнинг у буржида туриб ўйланиб қолдим. Ёшликда ўқиган китобларимни эсласам, бошқа китоблар эмас, хаёлимда айнан шу китоб бирдан «ярқ» этиб жонланар экан.

Бола кўнглимни чақмоқдай ёритган, қалбимни орзу-умидларга тўлдирган, мени бир умр китобларга ошно қилган бу асарнинг номини энди сизларга ҳам айтаман – «Сариқ девни миниб». Ҳа, мингларча, балки миллионларча ўзбек болаларига китоб нима эканини танитган ўша қадрдон асар. 

Бугун тонгда Худойберди Тўхтабоевнинг ўлими ҳақидаги хабарларга кўзим тушди-ю, ичимдан нимадир узилиб тушди. Бу узилиб тушган нарса болалигимнинг бир парчаси эди...

Бугун Худойберди Тўхтабоев кетмади – ўзбекнинг болалиги кетди!

Аллоҳ раҳматига олган бўлсин адибимизни!

Отабек Тиллаев

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид