Ўзбекистон | 11:11 / 30.05.2024
25796
12 дақиқада ўқилади

“Боғча опа”ларнинг ошаётган маоши, қурилишда янги талаб ҳамда мигрантлар учун имкониятлар – 1 июндан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2024 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Қурилишда янги талаб – зилзилага қарши чоралар

 Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2024 йил 1 июндан бошлаб МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори балли сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилади. Ушбу актив сейсмик ҳимоялаш қурилмаларини ўрнатиш қурилиш ишларига масъул бўлган буюртмачи ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. 

Мазкур қарор билан 2024 йил 1 июндан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаш тартиби жорий этилмоқда.

Бунда, сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III—IV тоифа бўлган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари уларда кучли зилзила содир бўлганда газ ва электр тармоқларини автоматик блоклаш тизими мавжуд бўлган ҳоллардагина шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасидан ўтказилиши белгилаб қўйиляпти.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 июндан бошлаб республика ҳудудида бўлиб ўтган зилзилалар мониторинги, уларнинг илмий таҳлили ва фаол тектоник ер ёриқларининг ҳаракатлари орқали яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади. 

Бунда сейсмопрогностик мониторинг амалга оширилишини ташкил этиш, бўлиб ўтган зилзилаларнинг рақамли маълумотлар базасини шакллантириш ва қайта ишлаш марказ томонидан, зилзилаларнинг вужудга келиш механизми, даражаси ва зилзила даракчиларининг турли геодинамик жараёнларда намоён бўлиши, шунингдек, яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш эса Фанлар академияси томонидан амалга оширилади.

Кучли зилзила хавфи бор ҳудудлар аниқланганда, бу ҳақидаги маълумотлар зудлик билан республика кенгашига киритиб борилади. 

Чиқиндидан қарзи борларга “свет” йўқ

Давлат раҳбарининг 2024 йил 4 январда қабул қилинган “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2024 йил 1 июндан чиқиндидан қарзи борларга электр энергияси учун тўлов қилиш босқичма-босқич чекланади.  

Яъни қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилгандан кейин тўловлар амалга оширилмаган тақдирда абонентлар чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмагунига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти жорий этилади. Ушбу амалиёт биринчи босқичда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 2024 йил 1 июндан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун йўлга қўйилади.  

Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни реализация қилиш фақат биржа орқали амалга оширилади. Бундан тадбиркорлик субъектларининг аҳоли томонидан мустақил сараланган чиқиндиларни сотиб олиш ҳоллари мустасно.

Қарорда 2024 йил 1 июндан бошлаб белгиланган тартибда махсус техникага эга бўлган санитар тозалаш корхоналари томонидан саноат, суюқ маиший, йирик ҳажмли маиший, қурилиш, тиббиёт ҳамда заҳарли-кимёвий чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш келишилган нархларда алоҳида тўлов эвазига амалга оширилиши ҳам белгилаб қўйилган. 

Тазйиққа учраганлар ҳимояга олинади

2024 йил 10 май куни президентнинг “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ҳужжатда 2024 йил 1 июндан бошлаб республикада қатор тартиблар жорий этилиши кўзда тутилган.

Жумладан, 2024 йил 1 июндан бошлаб:

а) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;

б) хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан рўйхатга олинади;

в) тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

— хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;

— профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;

— тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;

— расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар «Инсон» марказларига реал вақт режимида «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали юборилади.

Шунингдек, тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида 2024 йил 1 июндан бошлаб Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида шошилинч қабул бўлимларида тун-у кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.

Мингрантлар учун имкониятлар яратилади

Давлат раҳбарининг тегишли фармони билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашда қатор имкониятлар яратилмоқда.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

а) «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

— хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда;

— хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда;

— йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда компенсация тўланади;

в) суғурта ташкилотларига — «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш мақсадида ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта эллик минг сўмгача миқдорда субсидия тўланади;

г) хорижда меҳнат қилиш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга дучор бўлган ва камситилган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига адвокатнинг, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг хизматлари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.

 Бундан ташқари, 2024 йил 1 июндан бошлаб ҳужжатларни онлайн талаб қилиб олиш бўйича консуллик йиғимлари миқдори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи миқдорига тенглаштирилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ишга олинган бундай ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади. Бунда субсидия 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан тўланади. Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахс билан тузилган ва Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси субсидия тўлаш учун асос бўлиб ҳисобланади. Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар деб хорижда уч ва ундан ортиқ ой мобайнида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, яшаш манзилига қайтиб келганлигига бир йилдан кўп вақт бўлмаган шахслар тушунилади.

Ҳужжатда 2024 йил 1 июндан бошлаб меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган, ижтимоий аҳамиятли касалликка чалинган шахсларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатига мувофиқ бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини йўлга қўйиш назарда тутилган. 

Боғча тарбиячиларининг маоши ошади

Давлат раҳбарининг 2023 йил май ойида имзолаган қарорига асосан 2024 йил 1 июндан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли педагог ходимлариникига тенглаштирилиши лозим.

Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат боғчаларининг олий маълумотли тарбиячи-методист, тарбиячилари 1 млн 203 минг 660 сўм олиши белгиланган. Мактабларнинг олий маълумотли бошланғич ва юқори синфлари ўқитувчилари эса 2 млн 90 минг 399 сўм олади. Шундан келиб чиқилса, бакалавр дипломига эга боғча тарбиячиларининг маоши 2 млн сўмдан оширилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2024 йил 1 июндан давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари оширилмоқда. 

Бошқа ўзгаришлар

2024 йил 1 июндан бошлаб:

  • давлат мактабгача таълим ташкилотларининг олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли педагог ходимлари базавий тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига тенглаштирилади;
  • тажриба-синов тариқасида «иссиқхона газлари савдоси» миллий тизими йўлга қўйилади ҳамда 2025 йил 1 январдан энергетика ва саноат тармоқларида тўлиқ жорий қилинади;
  • Рақамли технологиялар халқаро марказида эксперимент тариқасида 5 йилгача бўлган муддатга хорижий компаниялар учун қўлланадиган махсус ҳуқуқий режим жорий қилинади;
  • фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот «базавий меъёр» ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилиши таъминланади
  • МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори балли сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилади
  • «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади;
  • «Ёш тадбиркор» танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчилари ҳамда муҳандис усталарини мақоми бўйича профессионал таълим муассасалари педагогларига тенглаштириш ҳамда уларга ушбу ходимлар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари татбиқ этилади.

Мавзуга оид