Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Шу аммамга шу поччам»: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ўз хатосини тан олмади
Энергия ўлчов бирликларини ўз хабар ва янгиликларида Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, халқаро стандартларга мослаб ёзмаётган Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ўз хатосини тан олиш ўрнига, бир-бирини рад этувчи мисоллар билан раддия эълон қилди.
Фото: Getty Images
Kun.uz сайтида «Энергетика вазирлиги матбуот хизмати нега ҳукумат қарори талабини бажармаяпти?» сарлавҳаси остида Энергетика вазирлиги ўз расмий сайтида ва расмий Тelegram-каналларида давлат тилида ёритилаётган хабар ва маълумотларда электр энергияси бирликларини хато ёзаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 январдаги «Ўзбекистон Республикасида катталик бирликларини қўллаш тўғрисида»ги 21-сонли қарорида қувват бирлиги халқаро СИ тизимига мувофиқ лотин алифбосида W шаклида ифодаланиши белгилаб қўйилган бўлса-да, мегаватт, гигаватт, киловатт-соат каби бирликларни Энергетика вазирлиги рус тилидаги ГВт, МВт ва кВт·соат кўринишида ёзиб келаётгани, бу ҳаттоки лотин имлосида GVt, MVt ва kVt·soat кўринишида ифодаланаётгани айтилган эди.
Энергетика вазирлиги ушбу мақолага раддия эълон қилди. Раддия ўта нопрофессионал ёзилган, мутлақо ёпишмаган важлар келтирилган. Келинг, бирма-бир таҳлил қиламиз.
1. Вазирлик Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро Кенгаш (ISC)нинг «Катталик бирликларидан фойдаланишда Давлатлараро ягона қўллаш тизими» яъни «Давлатлараро стандарт»га кўра, электр энергияси бирликларини қўллаш бўйича норма тасдиқлангани ва мамлакатимиз томонидан имзолангани, шунга кўра ёзилаётганини иддао қилади.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ўз важларини исботлаш учун Россия Федерацияси сайтига ҳавола бермоқда.
Лекин биринчидан, ушбу ҳужжат ҳукуматлараро ҳужжат ҳисобланмайди, идоралараро ҳужжат ҳисобланади. Уни Ўзбекистон томонидан «Ўздавстандарт» агентлиги имзолаган. Ушбу стандарт мавжуд халқаро СИ бирликлар тизимига киритилган ва киритилмаган катталик бирликларининг халқаро кўриниши ва рус тилидаги кўринишини тасдиқлаган. Рус тилидагиси Россия Федерацияси учун, албатта. Хусусан, Ўзбекистонда рус тили ҳеч қандай мақомга эга эмас, бизда давлат тили фақат ўзбек тили қилиб белгиланган.

Иккинчидан, бу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган нарсанинг айнан ўзи. Фарқи — ҳукумат қарори билан бу бирликларнинг рус тилидаги ёзилиши лозим бўлган кўриниши Ўзбекистон учун тасдиқланмаган. Яъни бизда ўзбек тилида ҳам кирилл, ҳам лотин имлосида, ҳаттоки рус тилидаги матнларда ҳам бирликларнинг халқаро кўринишда ёзилиши ҳукумат қарорида белгиланган. (Бу ҳақда журналист ва филолог Ориф Толиб ўз Телеграм каналида анча аввал ёзган). Ҳукуматлараро эмас, қандайдир идоралараро тасдиқланган ҳужжатлар четга чиқиб туради бунақа пайт.
«Унга биноан, бирликлардан халқаро форматда – «MW, MW·h, kW, kW·h» шаклида ҳам, худди шунингдек, «МВт, МВт·соат, кВт, кВ, кВт·соат» шаклида ҳам фойдаланишга рухсат берилган», деб ёзилган раддияда ўша идоралараро ҳужжатга ҳавола қилиниб.
Идоралараро стандартнинг қайси жойида ўзбекча МВт·соат ёки кВт·соат кўринишида ёзиш белгиланган экан? Вт, кВт·час бор. Аммо у рус тилидаги матнлар учун! Ўзбек тилидаги матнлар учун эмас.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ўша идоралараро стандартдаги рус тили учун ёзилган қоидани олиб, уни ўзбек тилига таржима қилиб (кимдан рухсат олишгани қоронғи), ҳаттоки лотин имлосига олиб кирмоқда ва тўғри қиляпмиз, деб ўйламоқда.
2. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 январдаги «Ўзбекистон Республикасида катталик бирликларини қўллаш тўғрисида»ги 21-сонли қарорнинг 3-банди иккинчи хатбошисида «Ўзбекистон Республикасида қўллашга рухсат берилган халқаро бирликлар тизимига киритилмаган катталик бирликлари фақат ўлчамнинг сон қийматини халқаро бирликлар тизимининг катталик бирликларида ифодалашнинг имкони бўлмаганда ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолларда қўлланилади», дея белгилаб қўйилганини иддао қилади.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати талқинига кўра, ҳукумат ўз қарори билан бирликларни қўллаш тўғрисида талаб жорий этиб, унинг қайсидир бандида «амал қилмасаларинг ҳам бўлади», деган «рухсат» қолдириб кетган.
Яъни, улар Вазирлар Маҳкамаси қарорига қандайдир ҳавола берилса бас — бу бизнинг ҳақлигимизни исботлайди, демоқчи бўлишган.
Аслида, ҳукумат қарорининг 3-банд 2-хатбошисида нима дейилган?
«Ўзбекистон Республикасида қўллашга рухсат берилган халқаро бирликлар тизимига киритилмаган катталик бирликлари фақат ўлчамнинг сон қийматини халқаро бирликлар тизимининг катталик бирликларида ифодалашнинг имкони бўлмаганда ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолларда қўлланилади».
Ҳукумат қарорида ҳам, Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев ҳукумат қарори матнидаги «киритилмаган» деган сўзни кўриб қолиб, «демак нимадир киритилмаган бўлса, ишлатмасликка ҳам рухсат», деб мушоҳада қиляпти.
Бундай дейишга тўлиқ асосим бор. Чунки журналистлар гуруҳида бу борада баҳслашганимизда, у кейинги бирликлар «Аввал СИ тизимига киритилсин, кейин ўйлаб кўрамиз», деган жавобни берган эди. Яъни, kWh шу ҳолича СИ тизимига киритилганидан кейин уни kVt·soat эмас kW·h деб ёзамиз, демоқчи бўлган.
Халқаро бирликлар тизими — СИга киритилган ва киритилмаган катталик бирликлар бор. Масалан, қувват бирлиги — W киритилган. Энергия сарфи ҳисобловчи Киловатт-соат — kWh СИ бирликлар тизимига киритилмаган.
Энергия сарфини СИ бирликлар тизимида ифодалашнинг имкони бор, бироқ мақсадга мувофиқ эмас: Бир h (соат давомида) 1000 W энергия сарфланди, деб. Шуни осонгина 1 kWh деб ёзиш мумкин. Шунга ҳукумат қарори билан рухсат бериляпти. Яъни СИ бирликлар тизимига киритилмаган, аммо тасдиқланган бирликлардан фойдаланишга.
Ҳукумат қарорида ҳам, Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев келтирган идоралараро ҳужжатда ҳам СИга киритилмаган, аммо ишлатишга тасдиқланган катталик бирликлар жадвалда келтирилган.
Ундан-да қизиғи, Ҳасан Тошхўжаевнинг мантиғи билан ёндашилса, СИ бирлигига КИРИТИЛГАН қувват бирлиги W (ватт)ни ҳам Vt деб ёзмаслик керак. Лекин улар ёзяпти.
3. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида «W» ҳарфи йўқлиги боис, матн кирилл алифбосига транслитерация қилинганида, электр энергияси қуввати бирлиги нотўғри маънода ўзгармоқда. Бу эса одамларни чалғитяпти, деб иддао қилади Ҳасан Тошхўжаев раҳбарлигидаги хизмат.
Буниси энди ҳеч бир куракда турмайдиган баҳона.
Биринчидан, наинки кирилл алифбосида, Ўзбекистонда рус тилида, шунингдек, мактаб дарсликлари чоп этилаётган қорақалпоқ, тожик, туркман, қозоқ ва қирғиз тилларида ҳам W, kW·h деб ифодаланиши керак. Бу ҳукумат қарорида ўз аксини топган ва 2018 йилдан буён дарсликлар шу ҳолатда чоп этиб келинмоқда.
Фойдаланмаётган битта Энергетика вазирлиги ахир! Ҳаммаёқда аллақачон халқаро стандартларда ифода қилинмоқда. Ҳаттоки импорт қилинаётган ва юртимизда ишлаб чиқарилаётган маиший техникаларда ҳам.
4. Бугунги кунда қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш ва тартибга солишга масъул ташкилот бўлмиш Адлия вазирлиги ресурсларида ҳам юқоридаги ўлчов бирликлари «МВт, МВт·соат, кВт, кВ, кВт·соат» шаклида қўлланмоқда.
Адлия вазирлигидан ҳам сўрадик. Ҳукуматнинг 28.10.2021 йилдаги 662-сон қарорига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳа ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг «давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси» томонидан лингвистик экспертиза қилиниши керак. Лингвистик экспертиза жараёнида хатолар тузатилиши лозим. Lex.uz’га имзоланган ҳужжат келгач, порталга борича жойланади, ўзгартириш мумкин эмас. Адлия вазирлигига тегишли «Ҳуқуқий ахборот» канали ҳам ҳужжатда ёзилган маълумотни чиқаради.
Энергетика соҳаси билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини Энергетика вазирлиги тайёрлайди. Яъни, «Адлия вазирлиги ҳам ёзяпти-ку?» деб иддао қилинаётган қонунчилик ҳужжатларидаги «МВт, МВт·соат, кВт, кВ, кВт·соат»лар Энергетика вазирлигидан келган.
Кўрдингизми, хатонинг бошида яна Энергетика вазирлиги турибди. Ўзлари «иш»ни бошлаб қўйиб, уялмасдан «бошқалар ҳам шунақа ёзяпти-ку?» дейиш бу энди сурбетликдан бошқа нарса эмас.
Менимча, бу мақоладан сўнг, улар ҳам буёғига ўтказишмайди бундай хато ҳужжатларни.
5. Юқорида таъкидланган «Давлатлараро стандарт»га кўра, ҳам «kW·h», ҳам «кВт·соат»дан фойдаланиш мумкин, деб мухтасар қилган вазирлик ахборот хизмати раҳбари ўз раддиясини ва вазирлик расмий каналидан олинган постни транслитерация қилиб, ўлчов бирлиги моҳиятан ўзгариб кетганига ҳам аҳамият бермайдиган айрим сайтлар ҳамда канал юритувчиларни «қовунчилар» дея назарда тутилган эканига ойдинлик киритган.
Э, булар оппоқ экан-у, маълумотларни булардан оладиган Адлия вазирлиги, айрим сайтлар ва телеграм-каналлар айбдор.
Бирор расмий ҳужжатда MVt ёки kVt·soat (рус тилида МВт ва кВт·час деб ёзиш — умуман бошқа масала) деб ёзиш мумкинлигини келтира олмаётган вазирлик «қовунчи» эмаскан-да, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ёзилса улардан кўчириб босиб бир балоларни бошлаб юборувчилар «қовунчи» экан. Шунинг учун хато кўринишда ёзишда давом этавериш керак экан.
Биринчи мақоладаги асосий «мессеж» ҳам шу эди ўзи: Ҳукумат ўз қарори билан тасдиқлаб қўйган бирликлар туриб, Энергетика вазирлиги қарорни саботаж қилиб, рус тили учун хос бўлган бирликларни олиб ўзбек тилига тиқиштирмоқда, бўлиб ҳам лотин имлосидаги матнларда, демоқчи бўлган эдим.
Энди мен бу борада бошқа нарса дея олмайман.
Доимо диққат марказида турадиган ва шусиз ҳам эътирозлар етарли бўлган вазирликка энг маҳмадона матбуот котиби ишга ўтибди. Шундай бўлиши мантиқан тўғри ҳам-да. Бекорга халқимиз «шу аммамга шу поччам», демаган, ахир.
P.S. Ҳукуматнинг 2018 йил 21-сонли қарори бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — «Ўзагротехсаноатҳолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.Отажонов ва «Ўзстандарт» агентлиги бош директори А.Каримов зиммасига юкланган.
Масалага узил-кесил ойдинлик киритиш учун «Ўзстандарт» агентлигидан расмий муносабат кутиб қоламиз.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист.