Ўзбекистон | 09:50 / 19.04.2022
35541
6 дақиқада ўқилади

Камолиддин Раббимовнинг қамалишига сабаб бўлган воқеа тафсилотлари маълум қилинди

Унга тайинланган узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси апелляция инстанцияси қарори билан 540 минг сўмлик жаримага алмаштирилган.

Фото: Kun.uz

2022 йил 18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида К.Раббимов ва Ш.Самандаровга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати.

Аниқланишича, 2022 йил 17 апрель куни К.Раббимов ва Ш.Самандаров Тошкент савдо маркази олдидаги жамоат жойида шовқин қилиб турган вақтда шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб, улар шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилганда, уларга қаршилик кўрсатиб, ички ишлар органлари ходимлари қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилишган.

К.Раббимов ва Ш.Самандаровнинг ҳаракатлари ишда мавжуд тўпланган далиллар, жабрланувчи З.Турсунов аризаси, гувоҳлар тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган, дейилмоқда хабарда.

Шунингдек, суд қарорига кўра:

К.Раббимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ш.Самандаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (270 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ушбу қарор устидан К.Раббимов томонидан келтирилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 2022 йил 18 апрелдаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг К.Раббимовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилган. Апелляция шикояти қаноатлантирилиб, унга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, кеча оқшомда Камолиддин Раббимов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида икки марта пост қолдирди:

“Ассалому алайкум, қадрли дўстлар, менинг тақдиримга бефарқ бўлмаганингиз учун – барчангизга раҳмат. Ҳозир уйдаман. Ҳаммаси яхши. 17 апрель, соат 19:00 лар атрофида Чорсу бозори ёнида рейд бўлаётган эди, қонун устуворлигини шахсий талқинимда ўлчаб, ушбу вазиятга аралашган эдим. Лекин мен ИИВ ходимларининг ишларига аралашганим хато эканлигини тушунаман. Менга нисбатан, қонун моддаларига кўра, жарималар белгиланган, мен уларни ўз вақтида тўлаш ниятидаман. Қолган тафсилотларини кейинчалик билдиришга ҳаракат қиламан. Илтимос, бу ишни сиёсийлаштирмасликларингизни сўрайман. Бу ерда мен томонимдан йўл қўйилган хатолар мавжуд эди. Ҳаммага каттадан-катта раҳмат”.

Кўп ўтмай Раббимов ўзи қолдирган яна бир постида қуйидагиларни баён қилган:

“Дўстлар, бир неча соат уйга келиб, интернетдаги постлар ва мақолалар билан танишдим. Кўплаб назариялар билдирилибди. Асосийси – эркинлик ва оддий инсоний қадр-қимматни ҳис қилмоқдаман. Ҳаммага ғамхўрлик учун катта раҳмат! Ҳозир уйдаман, оғиз ёпиб бўлдик. Уйда хотиржам ўтириш ҳам – катта неъмат! Кимки рўза тутаётган бўлса – рўзалар билан чарчаманг”, деб ёзди Раббимов.

Кеча, 18 апрел куни тушдан сўнг ижтимоий тармоқларда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Azon.uz мухбири Ғайрат Сайдалиевнинг айтишича, Раббимов 18 апрел куни тасвирга олиниши керак бўлган кўрсатувни суратга олиш жараёнига бормаган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам Камолиддин Раббимов масаласи бўйича баёнот берди.

“Камолиддин Раббимов атрофида бўлаётган ҳолатдан биз хавотирдамиз. Фонд бу масалани ўрганяпти. Ўйлайманки, вазият тез фурсатда ойдинлашади”, дейилган Алламжоновнинг баёнотида.

Кейинроқ Раббимов Kun.uz журналисти Илёс Сафаров билан боғланиб, айни дамда халқ орасида “Панелний” деб аталувчи вақтинчалик тергов ҳибсхонасида экани, 15 суткага қамалганини маълум қилган.

Kun.uz ҳолат бўйича ички ишлар вазирлиги расмий вакили Шоҳрух Ғиёсовдан изоҳ сўради.

“Жорий йилнинг 17 апрел куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Чақар маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида фуқаро К.Р. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаган.

Ҳолат юзасидан фуқаро К.Р.га нисбатан МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан материаллар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Шайхонтоҳур тумани судига юборилган”, дейилган Шоҳрух Ғиёсовнинг Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда.

Расмий муносабатда Камолиддин Раббимовга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ҳужжатлар судда юборилгани айтилганди. Бироқ ҳодисадан хабардор Kun.uz манбалари аллақачон суд бўлиб ўтганини айтган.

“Раббимовга нисбатан провокация уюштирилган. Бироқ ижтимоий тармоқларда кўтарилган шов-шувдан сўнг уни тез орада қўйиб юборишлари кутилмоқда. Шу сабабли ИИВнинг расмий баёнотида у 15 суткага қамалгани ҳақида айтилмаган”, дейди Kun.uz манбаси.

Мавзуга оид