Жаҳон | 16:37
1550
4 дақиқада ўқилади

«Агрессив оҳанг юқориламоқда» — сиёсатшунос Путиннинг янги қонуни ҳақида

Фото: kremlin.ru

Россия ташқарида «босимга учраган фуқароларини ҳимоя қилиш» баҳонаси билан агрессия сиёсатини янгиламоқчи;

Бу халқаро қонунчиликка зид норма. Аммо дунё аллақачон халқаро ҳуқуқдан юз ўгириб бўлди;

«Дўст бўлмаган давлатларга навбатдаги сигнал».

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Россия Давлат думаси президентга россияликларга «тазйиқ ўтказилаётган» мамлакатларга қўшин киритиш ваколатини берувчи қонун лойиҳаси ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.

 Россия Давлат думаси президентга россияликларга «тазйиқ ўтказилаётган» мамлакатларга қўшин киритиш ваколатини берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳужжат амалда Владимир Путинга хорижий давлатларга қарши ҳарбий амалиётлар бошлаш ҳуқуқини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаб беради. Камолиддин Раббимов қонун лойиҳаси ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.

Россия Федерациясида янги қонун қабул қилинмоқда. Қонун мазмунига кўра, агар бошқа давлатларда Россиянинг бир ёки бир неча фуқаролари қамоққа олинадиган бўлса ва Россия давлатчилиги бу қамоққа олишни номақбул, ноқонуний, қабул қилиб бўлмас деб ҳисобласа, мана шу шахсни ёки россиялик фуқароларни қутқариш учун Россия (ўша давлатга) куч ишлатиши мумкин.

Биринчидан, қонун ташаббускори Россия ҳукуматининг ўзи, бирор партия эмас. Қолаверса, бугун Давлат Думасида ҳокимият партияси Единая Россия асосий жойларни эгаллаган.

Бу халқаро қонунчиликка кўра мутлақо зид келадиган норма. Яъни бошқа давлатларнинг суверенитети бор, ҳудудий яхлитлиги бор ва халқаро ўзаро низоларни ҳал қилиш механизмлари бор. Лекин Россия «мен қудратли давлатман, мен куч ишлата оламан ва мана шу фонда, хоҳ у Америка бўлсин, хоҳ бошқа давлатлар, халқаро қонунчиликни менсимай турган пайтда мен ҳам ўзимга шундай рухсат бераман», демоқда.

Учинчи ва асосий масала Россиянинг асосий мақсади — бу қўшни давлатларга ўзининг қора рўйхати борлигини, Россияга яширинча ёки ошкора душман бўлган давлатлар, аниқроғи дўст бўлмаган давлатларга сигнал бериш. Бу билан Россия бир вақтнинг ўзида ички сиёсатда ҳокимият легитимлигини, агрессив, шовинистик ва империалист эканини кўрсатмоқчи. Аниқроғи «бундан кейин халқаро ҳуқуқ ишламайди, агар бизнинг имкониятимиз ва кучимиз етадиган бўлса, айтайлик, Болтиқбўйи давлатларида ёки Молдовада ёки постсовет ҳудудининг бошқа бир давлатида Россия учун қимматли бўлган ва қонунни ўша давлатларда бузган шахслар қамоққа олинадиган бўлса, биз куч ишлатиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз ва куч ишлатиш билан таҳдид қиламиз, сиёсий, геосиёсий босим қиламиз» демоқчи.

Бундан ташқари ташқи масалаларда Россия ўзига нисбатан заиф бўлган давлатларга босим механизмларини шакллантиряпти. Иккинчидан, Россиянинг қонунчилиги айнан фуқаролар масаласида жуда ҳам кенг ва чалкаш. Россияда бир сўз бор — «соотечественники». Бу деярли фуқаролик институтига, фуқаролик даражасига тенглаштирилган.

Яна бир масала — кимдир қамоққа олинган бўлса, Россия жуда ҳам кўплаб марта кузатилган, тезда ўша шахсга бирёқлама, унинг аризасисиз ҳам фуқаролик берган ҳолатлари бўлган. Мисол учун, кўп йиллар давомида, айниқса, кейинги беш-етти йил мобайнида Қозоғистон шимолида яшаган этник руслар сепаратизмни қўллаб-қувватлаган ва маълум бир ҳудудлар Россияга қўшилиши керак деган фаолиятни олиб борган шахсларга Россия бирёқлама фуқаролик берган ҳолатлари кузатилган.

Ҳатто уларга бошпана ҳам берди. Бу билан Россия ўзининг таъбир қилиб бўлмас, агрессив оҳангини юқорироқ бир даражага олиб чиқяпти ва авваламбор постсовет ҳудуди давлатларига қўшимча босим қилиш, психологик, сиёсий ва геосиёсий босим қилиш механизмини юқорироқ бир даражага олиб чиқяпти.

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид